Читать книгу Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари - Раҳматулла Усманов - Страница 5
I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ
I.3. Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш
ОглавлениеКорхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришдан мақсад: иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида, цехлар ва тайёрлов пунктларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишловчиларни ишлаб чиқаришдаги зарарли ва хавфли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, меҳнаткашларни узоқ ва юқори меҳнат қобилиятларини сақлашдан иборат.
Корхона фаолиятидан мақсад, хом-ашё тайёрлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, уни сотиш ва фойда олиш билан бир қаторда меҳнат жамоаси турмушини яхшилаш, ҳаётини ижтимоий ривожлантириш ва атроф муҳитни мухофаза қилишдир.
Меҳнат жамоасини ҳаётини ижтимоий ривожлантириш деганда меҳнатдан қониқиш даражасини ошириш, меҳнат жамоаси аъзоларини моддий ва маънавий талабларини қондириш, меҳнат, маиший хизмат кўрсатиш, дам олиш шароитларини яхшилаш, ҳар бир ишловчини ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ишлар тушунилади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни ҳуқуқий ва меъёрий асосларини меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш қонуни талаблари, ҳукумат органлари қарор ва фармойишлари, меҳнат хавфсизлиги стандартлари системаси ва бошқа меъёрий-техник ҳужжатлар ташкил килади.
Иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратилишини таъминлаш, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитар-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш, бошқа тадбирлар ва воситаларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш ва амалга ошириш меҳнат муҳофазасини бошқариш тизими (ММБТ) ёрдамида амалга оширилади. Иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида ва бутунлай корхонада таркибий бўлинмалар, функционал хизматлар ва алоҳида ишловчиларни хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича фалолияти корхонада меҳнат мухофазасини бошқариш объекти бўлади.
Корхона бўйича меҳнат мухофазасини бошқариш органини корхона маъмурияти номидан унинг директори, бош инженери, бош инженер муовини ва меҳнат мухофазаси бўлими бошлиғи ташкил килади. Бошқариш органи корхона цехлари, тайёрлов пунктларида меҳнат мухофазаси тўғрисидаги маълумотларни тахлил қилади, меҳнат шароитлари омилларини меъёрий қийматидан четга чиқишларни бартараф этиш мақсадида, бошқариш қарорини қабул қилади ва уларни бажарилишини таъминлайди. Меҳнат мухофазасини бошқариш органи корхона раҳбари (бош инженер ва б.қ.) хизмати ва корхонани ишлаб чиқариш бўлинмалари ва хизматлари раҳбарлари бўлади.
Меҳнат мухофазасини бошқариш ишида корхона хўжалик фаолиятини бошқариш механизмини деярлик барча бўғинлари хизматлари ва лавозимли шахслари иштирок қилади. Шунинг учун корхона бўйича бошқариш фаолиятини самародорлиги корхонани барча хизматлари ва лавозимли шахсларини меҳнат мухофазаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда вазифаларини аниқ кўрсатилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳар бир корхонада меҳнат мухофазаси бўйича ишларни ташкиллаштириш тўғрисида низом ишлаб чиқилиши керак. Унда меҳнат мухофазасини бошқариш тизимида қатнашаётган хизматлар ва лавозимли шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўзаро боғланганлиги ва бир-бирига бўйсунганлиги ўрнатилади.
Ҳар бир хўжалик бўлинмаси: тайёрлов маскани, цех, ишлаб-чиқариш участкаси ва бригадаси ва корхонанинг хизматлари меҳнат мухофазаси ҳолатини кўрсатувчи ўзининг бошқариш органи, бошқариш объекти ва маълумот таъминотига эга бўлади. Шунинг учун, таркибий бўлинмалар ва хизматларни бошқариш фаолияти, меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш органи томонидан, умуммиқёсда мувофиқлаштирилган ва тезкор бошқариладиган бўлиши керак.
Меҳнат мухофазасини бошқариш бўйича ташкилий-методик ишларни, бошқарув қарорларини тайёрлаш ва уларни бажарилишини назорат қилишни, бевосита корхона раҳбари ёки бош инженерга бўйсинувчи, меҳнат мухофазаси хизмати амалга оширади. Алоҳида иш жойлари, участкалар ва бутунлай корхона бўйича меҳнат шароитлари ҳақида объектив маълумотлар бўлган тақдирдагина ММБТ ни нормал фаолият юритиши ва такомиллаштирилиши таъминланиши мумкин. Пахта тозалаш корхонасида меҳнат мухофазасини бошқариш тизимини фаолият юритиши, иш берувчига қонунларда белгиланган меҳнат мухофазасидан ўз мажбуриятларини самарали амалга ошириш имкониятини беради.
Меҳнат мухофазасини бошқариш функцияси (корхоналар ва уларнинг бўлинмалари миқёсида) қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
меҳнат мухофазаси ҳолатини назорат қилиш;
меҳнат мухофазаси ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш;
меҳнат мухофазаси ишларини режалаштириш;
меҳнат мухофазаси ишлари юқори даражада бўлганлиги учун рағбатлантириш;
тарбиялаш ва интизомни мустаҳкамлаш.
Барча назорат турлари, нафақат меҳнат мухофазаси меъёрлари ва қоидалари, стандартларидан четга чиқишларни аниқлаш, қоида бузишлар сабабларини тахлил қилиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқишни тақозо этади.
Меҳнат мухофазаси ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш меҳнат қонунлари талабларига, меҳнат мухофазаси стандартлари, меъёрлари ва қоидаларига риоя этмаслик сабабларини аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда меҳнат мухофазасидан режалаштирилган ишлар ва тадбирларнинг бажарилмаганлик сабабларини аниқлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун аниқ чоралар кўришни талаб этади. Тахлил қилиш учун бахтсиз ҳодисалар ҳисобини олиб бориш, касб касалликлари ҳисоботи ва меҳнат мухофазасидан ҳисоботлар, иш жойларини шаходатлаш ҳамда санитар-техник паспортлаштириш маълумотлари ва барча назорат турлари материалларидан фойдаланилади.
Иш жойларида меҳнат мухофазасини ҳолатини назорат қилиш ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш асосида, меҳнат мухофазасининг тезкор, истиқболли иш режасига киритиш учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Режалаштириш ўз ичига 5 йиллик (истиқболли) меҳнат мухофазасини ва шароитларини яхшилаш ҳамда санитар-соғломлаштириш тадбирларини комплекс режасини ишлаб чиқиш, жорий (йиллик) меҳнат мухофазаси тадбирларини ишлаб чиқиш – бу жамоа шартномасида меҳнат мухофазаси қисмига киритилади ҳамда алоҳида цехлар, участкаларнинг меҳнат мухофазаси тадбирларининг тезкор (ўн кунлик-декада, ойлик, чораклик) режасини ўз ичига олади.
Меҳнат мухофазаси ишларини юқори даражага кўтарганлик учун моддий ва маънавий рағбатлантириш қўлланилади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш касблар бўйича танлашни ташкиллаштириш, меҳнат мухофазасига ўқитиш ва уни тарғибот қилиш, ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини таъминлаш, меъёрий санитар-маиший хизмати кўрсатилишини таъминлаш, ишловчиларга зарарли ишларни бажарганликлари учун имтиёзлар ва компенсация тўловлари жорий этиш, даволаш-профилактика ишларини олиб бориш йўли билан амалга оширилади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришнинг асосий вазифалари. Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш ва меҳнат мухофазаси масалаларини ташвиқот қилиш;
ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш;
ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш;
бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш;
меҳнатни санитар-гигиеник шароитларини меъёрлаштириш;
ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш;
ишловчиларга даволаш-профилактика хизмати кўрсатилишини ташкиллаштириш;
ишловчиларга санитар-маиший хизмат кўрсатиш;
ишловчиларни алоҳида мутахассисликлар бўйича касб малакасига кўра танлаш.
Ишловчиларни меҳнат хавфсизлигига ўқитиш тегишли низомлар бўйича амалга оширилиши керак. Ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни – бўлинма бошлиғи, ишлаб- чиқариш техникаси бўлими, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, бош механиқ бўлими ва бош энергетик бўлимлари ҳамкорликда олиб борадилар.
Меҳнатни мухофаза қилиш масалаларини тарғибот қилиш барча тарғибот қилиш воситалари: турли қўлланмалар, плакатлар, радио, телевидение, кино, кўрик-танловлар, маърузалардан фойдаланилиб, бўлинма раҳбарлари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими томонидан бажарилиши керак.
Ишлатилаётган ишлаб-чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, уларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари системаси, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатлари талабларига мос ҳолатга келтириб, керак бўлганда – янги хавфсиз ускуналар билан алмаштирилиб ечилиши керак. Фойдаланилаётган ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлашни – бош механиқ бўлими, бош энергетик бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси ва техник назорат бўлими бажарадилар.
Ишлаб чиқаришда технология жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш амалдаги технологияларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари системаси, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатларига мос ҳолатга келтириш ҳамда янги хавфсиз технология жараёнлари, механизациялаштириш ва автоматлаштириш воситаларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш йўли билан амалга оширилиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш – бош технолог, техник назорат бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош механик бўлими, бош энергетик бўлими томонидан бажарилади.
Ишлаб-чиқариш бино ва иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажариш йўли билан бажарилади. Қурилаётган бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш – капитал қурилиш, меҳнатни мухофаза қилиш ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан; фойдаланилаётган бино ва иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаш – бош механиқ бўлими, бўлинма бошлиғи, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан бажарилади.
Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштириш иш ўринларида ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ва самарали жамоа ҳимоя воситаларини қўллаш йўли билан амалга оширилади. Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштиришни – бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош технолог бўлими ва тиббиёт пункти бажарадилар.
Ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш амалдаги меъёрлар ва улар учун ўрнатилган берилиш, сақланиш ва фойдаланиш тартибига кўра амалга оширилиши ҳамда улар билан таъминлашни моддий-техника таъминоти бўлими раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими ва касаба уюшмаси томонидан бажарилиши керак.
Оптимал меҳнат ва дам олиш тартиби яратилишини таъминлаш барча ишловчилар учун уларнинг меҳнат хусусиятлари ҳисобга олиниб, биринчи навбатда ишлаб-чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари таъсир этаётган ва узликсиз юқори жисмоний ва асаб-руҳий кучланганлик билан ишлаётганлар учун назарда тутилиши керак. Ишловчилар учун имтиёзли меҳнат ва дам олиш тартиби меъёрий ҳужжатлар асосида таъминланади. Оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини меҳнатни илмий ташкиллаштириш ва иш ҳақи бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнат мухофазаси бўлими ва касаба уюшмаси таъминлайди.
Ишловчиларни даврий, янгидан ишга қабул килинаётганларни, тиббий профилактика кўригидан ўтказилишини, пархез овқатлар билан таъминлаш ва уларнинг касалланишларини олдини олиш тиббий-профилактика тадбирларини ўтказилишини ташкиллаштиришни ва тиббий-профилактика хизмати кўрсатишни тиббиёт пункти, бўлинма раҳбари, касаба уюшмаси ва меҳнат мухофазаси бўлими ташкил этади.
Санитар-маиший хизмат кўрсатиш ишловчиларни санитар-маиший хоналари, қурилмалари билан таъминлаш ҳамда уларни амалдаги меъёр ва қоидалар талабларига кўра ишлатилишини назарда тутиши керак. Ушбуни бўлинма бошлиғи, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, моддий-техника таъминоти бўлими, капитал қурилиш бўлими ҳамда касаба уюшмаси ташкиллаштиради.
Касбий танлаш ишловчиларни алоҳида касбларга (пахта ғарами бузгич РБХ операторлиги, иссиқлик генераторлари ва пахтани қуритиш барабанлари, тозалаш машиналари, жин ва линтерлар операторлари, маҳсулотларни тойловчилар ва бошқалар) жисмоний ва руҳий жиҳатдан ишларни хавфсиз бажаришга мослигини назарда тутади. Алоҳида касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танлашни кадрлар бўлими, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими ҳамда тиббиёт пунктлари бажарадилар.