Читать книгу Пахта тозалаш корхоналарида меҳнат мухофазаси асослари - Раҳматулла Усманов - Страница 7
I. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ
I.5. Пахтани қайта ишлаш ускуналари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари
ОглавлениеПахта тозалаш корхоналари ишловчилари хавфсизлигини таъминлаш, пахтани қайта ишлаш машина ва ускуналарини қулай ва ишончли ишлатиш учун: ишлаб-чиқаришда хавфсиз ускуналарни танлаш; ускуналарни монтаж қилишда, ишлатишга қабул қилишда ва ундан автоном ҳамда технологик комплекслар таркибида фойдаланиб ишлатишда ишловчиларни хавфсизлигини таъминлаш; эргономика талабларига жавоб берадиган, юқори чарчоқ ва ноқулай психологик таъсир этмайдиган қилиб жойлаштирилган, бошқарув органлари ва параметрлар маълумотларини кўрсатгичларидан фойдаланиш; ускуналарни ишлаб чиқаришда ишлатиш шароитларининг барча иш тартибларида ва ташқи таъсирларда, улардан ишончли ва хавфсиз фойдаланишни таъминлайдиган, бошқариш системасидан фойдаланиш; ускуналарни ишончлилиги (нормал ишлаш эҳтимоли) мустаҳкам конструктив элементларни, параметрлари хавфсиз жараёнларни ва конструктив ечимларни, шунингдек, назорат-ўлчов асбоблари, ростлагичлар, автоматика ва одамларни ҳимоялаш воситаларини танлаш керак бўлади.
Пахта тозалаш саноати корхоналари учун ишлаб чиқарилаётган ишлаб чиқариш машиналари ва ускуналари конструкциялари техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ва ишлаб-чиқаришда ишлатиш муддати мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига тўлиқ жавоб бериши талаб этилади. Пахтани қайта ишлаш машиналари ва ускуналарининг хавфсизлиги: ишлаш принципи, конструктив схемаси, конструкциясида блокировка воситалари ва технологик ускуналарни автоматик ўчириш воситаларини қўллаш; конструкциясида комплекс механизациялаштириш, автоматлаштириш ва масофадан бошқариш воситаларини қўллаш; ишловчиларни зарарли моддалар ва номақбул омиллар билан бевосита ишлашини бартараф қилиш, конструкциясида ҳимояловчи воситаларни қўллаш; технология жараёнларини хавфсизлигини тизимли назоратни қўллаб ва технологик ускуналарни зич беркитиб таъминлаш; эргономик талабларни бажарилиши; хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари (шовқин ва вибрация таъсири, организмда зарарли моддалар тўпланиши, психофизиологик таъсирлар ва б.қ.) таъсирини олдини олиш, номақбул таъсирларларда огоҳлантириш мақсадида меҳнат ва дам олишнинг рационал тартибини қўллаш; электр асбоблари ва ускуналари билан ишлашда электр хавфсизлигини таъминлаш; портлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш; монтаж қилиш, ишлаб-чиқаришда ишлатиш, таъмирлаш, ташиш ва сақлаш бўйича техник ҳужжатларга хавфсизлик талабларини киритиш билан таъминланади.
Пахтани қайта ишлаш ускуналарини ишлатишда ажралиб чиқаётган зарарли модалар миқдори, иш зонаси ҳавосида шу зарарли моддалар концентрациясини меёрий ўрнатилган йул қўйиладиган концентрациясидан ошиб кетишига олиб келмаслиги, нормал шароитларда ҳам, шунингдек, табиий атроф муҳитни турли омиллари (юқори ва паст ҳароратда, ҳаво намлигида, қуёш радиациясида ва ҳ.к.) таъсирида ҳам ускуна хавфсиз бўлиши, табиий атроф муҳитни ўрнатилган меъёрлардан ортиқ ифлослантирмаслиги, ёнғин ва портлаш хавфи бўлмаслиги керак. Зарарли моддаларнинг иш зонаси ҳавосидаги йул қўйиладиган концентрацияси, уларнинг қаерда жойлашишидан қатъий назар (очиқ майдонда, ишлаб чиқариш биноларида, транспорт воситаларида ва ҳ.к.), барча иш жойлари учун риоя этилиши мажбурийдир.
Пахтани қайта ишлаш ускуналарини жойлаштирилиши уларни ишлатишда ишлаб чиқариш бинолари ва иш жойларида хизмат кўсатувчи персоналларнинг ўтиб қайтиши учун хавф туғдирмайдиган бўлиши ҳамда бўлинмаларда ўтиш жойларининг кенглиги камида: магистрал ўтиш жойлари учун 1,5 м; ускуналар орасидаги ўтиш жойлари учун 1,2 м; ишлаб чиқариш бинолари деворлари билан ускуналар ораси учун 1м; ускуналарни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ўтиш жойлари учун 0,7 м; иш жойларидаги ўтиш жойларининг кенглиги эса ўтиш ва юриш жойларида бир томонлама иш жойи бўлганда камида 0,75 м га ва икки томонлама иш жойлари бўлганда камида 1,5 м га тенг бўлади.
Ўтиш жойларининг кенглиги лентали конвейерларга хизмат кўрсатиш учун 0,7м, монтаж қилиш ва таъмирлаш учун эса 0,4 м дан кам бўлмаслиги ва ишлатиш давомида ўтиш жойлари доимо ёпиқ бўлади ҳамда конвейерлар олдидаги ўтиш жойларининг баландлиги ишлаб чиқариш биноларида камида 2,2 м, галареялар ва эстакадаларда эса камида 1,8м бўлади.
Технологик ускуналарнинг иш пайтида чанг ажралиб чиқадиган жойлари зич беркитилади (герметизация қилинади) ва қобиқлар туйнуклари чангланган ҳавони маҳаллий сўриш учун аспирация тизимига уланади.
Пахта тозалаш машиналари ва технологик ускуналари конструкциясида ҳимоялаш воситаларининг қўлланилиши- ҳозирги пайтда машиналар ва ускуналар хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан биридир. Ҳимоялаш воситалари сифатида: тўсувчи, сақловчи ва тормозлавчи ҳимоя воситалари; автоматик назорат ва сигналлаш воситалари; шунингдек, хавфсизлик белгилари ва масофадан бошқариш фойдаланилади.
Ҳимоялаш воситаларига қўйиладиган умумий талабларга: ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг хавфли омили таъсир қилиш эҳтимолини бартараф этиш ва зарарли ишлаб чиқариш омили таъсирини камайтириш; қўлланилаётган ҳимоялаш воситаларида ускуналар, асбоблар, қурилмалар ва технологик жараёнларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш; ҳимоя воситалари билан биргаликда машина ва механизмларнинг бутунлай ишончлилиги, мустаҳкамлиги ва хизмат кўрсатишнинг қулайлиги киради. Тўсувчи қурилмалар хавфли зонага одамни тушиб қолишига тўсқинлик қилади ва улар конструкциясига (қобиқлар, айвончалар, эшикчалар, шчитлар ва б.қ.), тайёрланиш шаклига (бут-бутун, сеткали, аралашма), ўрнатилиш услубига (кўчмас ва кўчадиган) кўра синфланади. Тўсувчи қурилмалар машиналар ва агрегатларнинг юритмалар тизимини, ускуналарнинг маҳсулотларга ишлов бериш зонасини, ялонғочланган ток ўтказувчиларни, ҳавога зарарли чанглар ажралиб чиқиш зонасини ва бошқаларни тўсишда қўлланилади. Кўчадиган тўсинлар вақтинчалик бўлиб, улар таъмирлаш ва созлаш ишларини бажаришда ток ўтказувчан қисмларга бехосдан тегиб кетишдан, механик травмалар олиш ва куйишлардан ҳимоялаш учун ҳамда пайвандловчиларнинг иш зонасида (пайванлаш постлари) атрофдагиларни электр ёйи ва ультрабинафша нурланиш таъсиридан ҳимоялаш учун қўлланилади.
Блокировка қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр блокировкалар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсинлар мавжуд бўлганда юргизади.
Чеклагич қурилмаларда ўта юкланганликда бузиладиган (ишламайдиган-синадиган) кучсиз элементлар (вални маховик, шестерня ёки шкив билан бириктирувчи штифтлар ва шпонкалар; катта айлантириш моментини узатиб бермайдиган фрикцион муфталар; электрускуналардаги эрувчан сақлагич тиқинлар; юқори босимли ускуналардаги ёрилувчан мембраналар ва б.қ.) ишлаши авария ҳолатларда ускунани тўхташига олиб келади ва машинанинг бузилиши, синиши бартараф этилади ва натижада жароҳатланиш содир бўлмайди.
Пахтани қайта ишлаш машиналари ва ускуналарининг хавф манбаси бўлган ҳаракатланувчан қисмлари сеткали ва метал қобиқлар билан тўсилади ҳамда ускуналарни ечиб олинган ва нотўғри ўрнатилган ҳимояловчи тўсиқларсиз ишлатилиши тақиқланади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш ускуналари, электр хавфсизлиги таъминланиши учун, қуйидаги талабларга жавоб бериши: ишлаб чиқариш ускунасининг хавф манбаси бўлган ток ўтказувчан қисмлари ишончли равишда изоляцияланган, тўсилган ёхуд одамлар кира олмайдиган жойда жойлашган бўлиши; очиқ ток ўтказувчан қисмлари бўлган электрускуналар қулфланадиган эшиклари булган шкафлар, блоклар, корпуслар ичида жойлашган ёки одамлар кирадиган жойда бўлганда ҳимояловчи қобиқ билан ёпилган бўлиши; изоляцияни шикастланиши натижасида хавфли кучланиш остида қолиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ускунасининг метал қисмлари ерга уланиши (нулланиши); ишлаб чиқариш ускунасининг электр схемасида ускунани ток билан таъминловчи электр занжирини марказлашган ҳолда ўчиришни назарда тутувчи қурилма бўлиши керак.
Таъмирлаш ва созлаш ишларини олиб бориш ҳамда пахтани қайта ишлаш технология жараёнларини ва технолгик ускуналарнинг ишлашини кузатиб бориш учун қобиқлар (тўсиқлар) да кузатиш ойнаси ёки тирқиши ўрнатилишига йул қўйилади. Кузатиш ойначалари ва тирқишлари конструкцияси кузатиш учун қулай бўлиши ва персонал томонидан хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлаши назарда тутилади. Ечиладиган қобиқлар, ҳимояловчи тўсиқлар ва очиладиган эшикчалар, қопқоқлар ва ускуналарнинг қобиқлари уларни бехосдан ечилиши ва очилиб кетишини олдини олувчи қурилмалар билан жиҳозланади. Пахта маҳсулотларни узатувчи роликлар, валиклар ва бошқалар хизмат кўрсатувчи персоналнинг бармоқлари ва кийимларини илиб кетмаслиги учун сақловчи қурилмалар билан жиҳозланади.
Ҳимояловчи қурилмаларни ташқи контурлари асосий ускуналар контурига ўрнашиши керак. Ҳимояловчи воситалар бир пайтнинг ўзида, бир қанча вазифаларни бажаришига эришишга ва имкон қадар конструкцияси машина ва агрегатлар билан биргаликда, уларнинг таркибий қисми бўлишига ҳаракат қилиш лозим. Масалан, машина ва механизмларнинг кобиқлари, ускуналарнинг станиналари уларни нафақат тўсилишини, балки уларда шовқин ва вибрация даражасини, чиқарилаётган чанг миқдорини камайтирилишини таъминлаши керак. Пахтани конвейердан конвейерга тушиш жойи ва чархлаш ускунасининг абразив чархининг тўсилиши, маҳаллий сўриш вентиляцияси билан ўринлатилиши керак.
Ускуналарда хавфли ва зарарли омиллар манбаси бўлган элементлар ва системалардан фойдаланилмаслик, фойдаланиш керак бўлганда тегишли ҳимоя воситалари қўлланилиши назарда тутилиши керак.
Машина ва механизмларнинг ишончлилиги, ишлаб чиқаришнинг регаментланмаган шароитлари ёки конструктив ҳужжатларида кўзда тутилмаган, ишдан чиқиши натижасида ўзини функциясини бажармай қўйиш эҳтимоли билан аниқланилади. Шунга ўхшаш бузилишлар авария ва жароҳатланишларнинг сабаби бўлиши мумкин. Машина ва агрегатларнинг конструктив мустаҳкамлиги конструкциянинг материалларини ва унинг бирлаштирилган бирикмаларининг (пайванд чоки, заклепкалар, штифтлар, шпонкалар, резьбали бирикмалар) мустаҳкамлиги билан белгиланади, шунингдек уларни ишлатиш шароитлари (мойлаш материалининг мавжудлиги, атроф муҳит тасиридаги коррозияси, жуда кўп емирилганликнинг мавжудлиги ва б.қ.) билан характерланади.
Хавфсизликни таъминлашда ишлаб чиқаришда хавфли ва зарарли моддаларни хавфи кам, ёнғин- ва портлаш хавфи йўқ бўлган жараёнлар билан алмаштириш муҳим ўрин тутади.
Пахтани қайта ишлаш технологик ускунасини юргазишни шу ускунага хизмат кўрсатувчи ишчи бажаради. Таъмирланаётган ишлаб чиқариш ускунасини юргазиб кўришни ускунани бошқаришга шаҳодатномаси бўлган персонал таъмирлашга масъул ходимнинг рухсати билан бажариши мумкин. Ишлаб чиқариш ускунасини юргизишдан олдин бошқарув дастакчалари ва тугмачалари ҳолатини тўғрилиги текшириб кўрилади.
Пахтани қайта ишлаш технологик ускунасини монтаж ёки таъмирлашдан кейин унинг хавфсизлигини таъминловчи ҳимояловчи тусиқларини ўрнатмасдан, товуш ёки ёруғлик сигнализацияларисиз, блокировка қурилмаларисиз ҳамда монтаж ва таъмирлаш учун масъул ходимнинг рухсатисиз юргазиш тақиқланади.
Хизмат кўрсатувчи персоналнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, қайта ишлаш ускунасини масофадан бошқариб юргазиш огоҳлантирувчи товуш ёки ёруғлик сигнали берилмасдан ва иш жойидан ускунани юргазиш мумкинлиги туғрисида жавоб сигнали олинмасдан мумкин эмас.
Ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш, мойлаш ва таъмирлаш. Ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш уни тозалашга мўлжаланган махсус тозалаш воситалари (шетка, илгак, қирғичлар) билан бажарилади, ишлаётган ишлаб чиқариш ускунасини тозалаш ва йиғиштириш тақиқланади. Чиқинди, чанг ва ифлосликларни ускунадан ёки унинг хавфли зонаси олдидан ускунага хизмат кўрсатувчи ишчи тозалаши мумкин.
Ускунани мойлаш системасида мойни тўкилиши ва сачрашини олдини олувчи мосламаси бўлиши, ускуна ишлаётган пайтида унинг механизмларини ҳаракатланаётган деталларини қўл билан мойлаш тақиқланади. Ускунага хизмат кўрсатиш учун ишчилар артиш материаллари билан таъминланган бўлишлари, цехлар ва ишлаб чиқариш биноларида тоза ва фойдаланилган артиш матераллари алохида-алохида қопқоғи ёпиладиган метал яшикларда сақланиши, фойдаланилган артиш материаллари яшиклари ҳар сменада тозаланиб турилиши керак.
Енгил алангаланувчан ва ёнувчан материалларни цехлардаги захираси (таъмирлаш ишлари учун ҳам) бир сменага керак миқдоридан ошиб кетмаслиги керак. Бу материлларни ишдан кейин цехда сақлаш ва қолдириш ҳамда қизиб турган нарсалар, иситиш қурилмалари ва электрқурилмалар яқинида қолдириш тақиқланади.
Таъмирлаш ишларини ташкиллаштириш ва бажариш тармоқ учун тасдиқланган низомга асосан амалга оширилиши, таъмирлаш бригадалари ишчилари керакли иш қуроллари ва мосламалари билан таъминланган бўлишлари керак. Таъмирлаш ишларини носоз иш қуроли ёки мосламаси билан бажариш тақиқланади.
Ер сатхидан 5 метрдан юқорида бажарилаётган таъмирлаш ишлари баландликда ишлашга рухсати бор ишчилар томонидан бажарилиши керак. Бу ишларни сақловчи камарларисиз ва эҳтиёт арқонларисиз бажариш тақиқланади.
Массаси 50 кг дан катта бўлган детал ва узелларни ускуналардан ечиб олиш ва уларга ўрнатиш механизациялашган усулда бажарилиши керак.
Конвейерлар ва элеваторлар юритмалари ва тарангловчи станциялари устида таъмирлаш ва монтаж ишларини олиб бориш учун юк кўтарувчи ускуналар бўлиши керак.
Таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин: таъмирланаётган ускунани ва уни юкловчи ва бўшатувчи қурилмаларини таъминловчи электр занжиридан ўчириш; юритманинг электр тақсимловчи қурилмасидан сақловчи тиқинларни чиқариш; ускуналардан юритмасини ажратиб олиш, бунинг учун муфталарни ечиб олиш, юргазиш тасмаларини, занжирларини ва ҳ.к ечиш; юргизиш қурилмасига «Юргизманг- одамлар ишлаяпти» тақиқловчи хавсизлик белгисини осиш керак.
Хавфсизлигига техника хавфсизлиги бўйича юқори талаблар қўйиладиган ишларни бажаришда, масъул раҳбар ва иш бажарувчи электродвигателларнинг электр занжиридан ўчирилиши, юритмаларнинг электр тақсимловчи қисмларидан сақловчи тиқинларни олиниши, ускуналардан юритмаларини ажратиб олишда ва юргизиш қурилмаларига «Юргазманг – одамлар ишлаяпти» тақиқловчи хавфсизлик белгисини осишда шахсан бўлиши, хавфлилигига юқори талаблар қўйиладиган ишлар бажарилгандан сўнг, хавфсизлик белгиларини олиш ва ускунани ишга тушириш масъул раҳбарнинг рухсати билан бажарилиши керак.
Ускуналарни таъмирлашда цехлар ва хоналарнинг ўтиш ва кириш жойларини материаллар, деталлар, мосламалар ва ҳ.к. лар билан тўсиб ташлаш мумкин эмас.
Таянадиган нарвонлар билан икки киши бўлиб ишлашга рухсат этилади, улардан бири доимо ишлаётганини эҳтиётлаш учун нарвон асосида туриши, таянадиган нарвонлар силлиқ юзага ўрнатилаётганда асосига резина ўралган, ерга ўрнатилаётганда асосига металл учлик қопланган бўлиши керак.
Электрускуналарини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатишда боғланган таянч нарвонларидан ҳамда металл нарвонлардан фойдаланиш тақиқланади.
Нарвон поғоналари ён тиргакларга ўйиб ёки қоқиб ўрнатилган ва бир-биридан 0,15 дан 0,25 м гача жойлашган бўлиши ва ён тиргакларда ҳар 2 м да металл сиқмалар бўлиши зарур. Ёғоч нарвонларнинг узунлиги 5 м дан узун бўлмаслиги, ишлатишдан олдин ва ҳар ярим йилда нарвонлар уларнинг ўртасидаги тўсинга горизонтга 75 градус қилиб юкланган 120 кг юк билан статик нагрузка таъсирига синалиши, нарвонни узунлиги унинг юқори қисмидан 1 м дан кам бўлмаган поғонада туриб ишлаш имкониятини берувчи бўлиши керак.
Ишлатилаётган нарвонлар уларни ҳолати ва бутунлиги учун жавоб берувчи бригадаларга, бўлимларга, цехларга бириктириб, қўйилади.
Хабарлаш ва алоқа. Ускуналар ва автоматик тизимлар ишчиларни юргазилганлик тўғрисида огоҳлантирувчи сигнализация системалари билан жиҳозланиши, хабарлаш элементлари (қўнғироқлар, сиреналар, лампалар) механик шикастланишдан сақланадиган бўлиши ва хизмат кўрсатувчи персонал иш зонасига эшитилиши ва кўриниши, ишончли жойда жойлашган бўлиши керак.
Хабарлаш қурилмаларисиз ёки носоз хабарлаш қурилмалар билан ускуналарни ишлатилиши тақиқланади.
Цехларда ва иш жойларида ускуналарни ишлашини хабарлаш жадваллари, уларни юргазиш ва тўхтатиш тартиби тўғрисида йўриқномалар илиб қўйилган бўлиши, ҳар бир пахта тозалаш корхонаси шаҳар ва завод ичи телефон алоқаси билан таъминланган бўлиши керак.
Иш жойини тузилиши ва ташкиллаштирилиши. Иш жойлари юк кўтариш механизмларининг юк ташиш зонасида бўлмаслиги, асбоб ва ускуналар сақланиши учун стелажлар ва жавонлар билан жиҳозланган бўлиши, майда буюмлар, материаллар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини иш жойларига жойлаштириш ва цехда ташиш идишларда (яшикларда) бажарилиши, ускуналар, машиналар ва механизмлар олдида уларга керак бўлмаган нарсалар турмаслиги керак.
Буюмларни чангдан тозалаш аспирация системалари билан жиҳозланган махсус участкаларда бажарилади.
Доимий иш жойида бошқарув пульти ёки шити олдида ростланадиган (айланадиган ҳамда вертикал ва горизонтал йўналишда ростланадиган) ўтиргич бўлиши, ўтиргичнинг конструкциясида тирсак билан суюнгич, орқа билан суянгич ва оёқларни қўйиш жойи назарда тутилиши ва гигиеник талабларга жавоб бериши керак.
Камерада ёки қудуқларда ишлаш хавфи юқори бўлган ишларга тенглаштирилади ва уларга наряд-рухсат берилиши, шунингдек, бу ишларни бажаришда қуйидаги хавфсизлик чораларига риоя қилиш керак: иш икки кишидан кам бўлмаган тақдирда бажарилади, улардан бири юқорида туради ва камера ёки қудуққа тушган ишчини хавфсизлигини кузатиб туради; ишчи камера ёки қудуққа тушганига қадар, у ерда газлар бор-йўқлигини текшириб кўриш керак; газлар бутунлай йўқотилмагунча ишчининг қудуққа ёки камерага тушиши тақиқланади; ишчининг қудуқ ёки камерага тушишига фақат унинг сақловчи камари, узунлиги қудуқ чуқурлигидан 2 м узун бўлган эҳтиёт арқони, қудуқ кириш жойидан ичаги 2 м чиқиб турадиган изоляцияловчи ичакли газниқоби бўлган тақдирдагина рухсат этилади.