Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - - Страница 156
СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
ВАҚТ
ОглавлениеЙигирма тўрт сулув зулфини тараб,
Сарҳисоб сўрайди мендан кеч-кундуз.
Бири салом билан келса эрталаб,
Бошқаси пешинда кўргизади юз.
Шеър хаёли мени банд этган дами
Йўқлаб келар яна битта париваш.
Тунда остонамга етиб қадами,
Бошқа бири ёниб сўйлайди яккаш.
Умрлар кечади соатма-соат,
Шиддаткор асримда дамлар югурик.
Жўралар омонми, борми саломат,
Ўзга кулфатига бўлдимми шерик…
Ножўя айтилган битта сўзимдан
Чил-чил синмадими дўст кўнгли ногоҳ;
Совуқлик ёғдими баъзан кўзимдан —
Баридан одамлар огоҳдир, огоҳ…
Қизлар сиймосида кўринган менга
Йигирма тўрт сулув – кеча-кундузим.
Сарҳисоб бераман соатларимга
Вақт қаршисида якка мен ўзим.
Вақт ғазнасида онларнинг зари
Ганжлар уммонининг қатра мисқоли.
Ҳар кичик ишимга тушиб назари
Вақт мендан ҳол сўрар дўстим мисоли.
Шундай улғаямиз бизлар кунма-кун
Умр дарёсида оқади сувлар.
Кечган ҳар соатнинг лаҳзаси учун
Ҳисоб сўрар ҳали қанча сулувлар…
Шу ярим кеча ҳам ишқий қасида
Ғазалим байтига мавзу бўлган он,
Доно бир фаришта қиёфасида
Эшик қоқаётган вақтдир, бегумон.
* * *
Иккимизга учрашув – армон,
Уни тилаб йўллар ошамиз.
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг биз учрашамиз.
Ошиққанча айланур даврон,
Ихтиёрсиз биз ҳам шошамиз,
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг хайрлашамиз.
* * *
Биз лаҳзалар каби шошамиз ҳар вақт,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида ғафлатдамиз, оҳ.
Гоҳ тўй-томошага келмиз барвақт,
Дўстнинг кулфатига кечикамиз гоҳ.