Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - - Страница 163

СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
ЭКЗЮПЕРИ

Оглавление

Ўз севган осмони бор эди унинг

Ва шоёни осмон – олтин қаноти.

Ўзни ўтга урган ҳур парвонанинг

Хос эди Сент-Эксга фожий ҳаёти.


Бир дам орзулардан айрилмади, йўқ,

Янги афсонага кирмади оти.

Учишлардан толиб қайрилмади, йўқ —

Оловларга тегиб куйди қаноти.


* * *

Умр кечар. Гоҳи худсан: гоҳида бехуд,

Гоҳ қаламга фармон берар юрагинг саси:

Мен сўйлайин, оқ қоғозга тушсин беҳудуд

Азал-абад муҳаббатнинг янги қиссаси.


Бул қиссанинг қаҳрамони ўзимман ахир,

Қатларида маъюс-маъюс қанча боблар бор.

Қадрдоним, гоҳо мени тутгайсан маъзур,

Кўзларимда ёшлар кўрсанг титроқ шашқатор.


Ул муборак дамлар – севги туғилган куни

Бир умрга қалб шеър билан тутинган ошно.

Дўсти азиз, сен ҳам албат англарсан буни

Гар бошингга тушган бўлса ишқ деган савдо.


Ишқда ёруғ севинчларнинг балқиши бордир,

Бордир гоҳо андуҳлари, изтироблари.

Ошиқликнинг дунёсига зар устивордир

Шоирларнинг ёниб битган пок китоблари.


Мен-ку сенга ишқда бахтлар тиларман тайин,

Кўзларингда кўрмай, дейман ногаҳоний нам.

Лек, шеър узра оҳлар уриб, олиб оғир тин,

Йиғлар бўлсанг мен кулмасман, кулмасман, санам.


* * *

Нозли бир илтижо, майин эркалаш,

Оташни бир шивир, масиҳвор нафас,

Гоҳ бемажол руҳни – мудроқ ҳамда ғаш —

Ҳушёр этади-ю, ғафлат бўлур бас.


Мен ҳам ўз галида ним карахт ётган

Сўзларни ўрнидан зуд турғизаман.

Ухлолмай беором тўлғонаётган

Дунё суратини дардли чизаман.


* * *

Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз

Биласиз ўрин йўқдир чучмал навозишларга.

Кун-кеча хабар келди: биргина Боннда ёлғиз

Уч юз минг исёнкор жон чиқмиш намойишларга.


Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз

Қўшилинг ахир букун шу шавкатли сафларга.

Беҳадик, қомати тик аскар бўлиб борингиз,

Сизларни узатгайман мен жанговар сафарга.


Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз

Дунёда яхшиларга мунис бўлинг, қадрдон,

Сиз – ёп-ёруғ чароғим, йўлчи юлдузларимсиз,

Шўълангиздан манзилим уфқлари чароғон.


Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз

Ғафлат жодугарининг кўзини ўйинг буткул.

Тириклик гулларини уйғотиб елдай тинсиз,

Ўлим яроғларини ухлатиб қўйинг буткул.


Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз…


* * *

Туннинг осмонидан мўлтирайди жим

Биз ғазалга солган ой – моҳитабон.

Нимадир дегиси келадир балким,

Куйлагиси келар, бироқ безабон.


Тушунади ахир ўзича ҳар ким

Дарча ортидаги булбул ноласин.

Бу оддий бир эрмак эмасдир балким —

Шодликка кўмгувчи инсон боласин.


Вақт чопар бизларни қолдириб доғда —

Учгану нишонга етмайдиган ўқ.

Ўчмас чақин бўлиб ёнар қароғда,

Ҳали бир калима деганича йўқ.


Ўтлар ловасида балким – илтижо,

Бизларга ноаён бир айюҳаннос:

Тинчлик машъалидан ёрисин дунё,

Лек, хилқат оловда қолмасин гуррос.


Не бахтки, на фақат қўшиқ айтгали,

Ўзни санагали на фақат якто,

Шунчаки, кўрганда саломлашгали

Бизларга бийрон тил этилган ато.


Не бахтки, на фақат севгидан кўркам

Сўзлар сўзлагани оташин, равон,

Муқаддас нафратни англатгали ҳам

Биз – бани башарга берилган забон.


“Қизил китоб очган ҳушёр одамлар,

Асраб – суямаса, бири-бирини,

Шу комил тил билан тушунмаса гар,

Не наф васф этмакдан забон сирини.


Десангки, офатлар тушмасин бошга,

Қулоқ эшитмаган ва кўрмаган кўз —

Заволлар етмасин десанг қуёшга,

Энг соҳир қуратга айлангил, эй Сўз!


ТАНЛАНГАН АСАРЛАР

Подняться наверх