Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - - Страница 161

СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
БАХТ ҲАҚИДА

Оглавление

Қуш парвоз учун, инсон бахт учун яралган.

В.Г.Короленко

Кўпни ўйлаб, худбин ниятдан йироқ,

Заминга уруғлар ташлайсан, инсон.

Қушмассан қаноат қилгали бироқ,

Йўлда учраса деб тасодифий дон.


Ўзгага бахт бериш хосдир ҳумойга —

Дамодам, дамодам парвозинг сенинг.

Одамлар қалбида порлаган ойга

Ахир шудир, Одам, парвозинг сенинг.


Тунлари фалакка волавор боқиб,

Узиласан ернинг ташвишларидан.

Хаёл чангалзори ичра улоқиб,

Гоҳ дейсан дунёнинг шум ишларидан.


Сўз излаб Бахт деган пок тушунчага,

Қутлуғ минбарлардан сўз айтасан гоҳ.

Ҳали очилмаган тонгги ғунчага

Шоҳ байтинг бахшида бўлур баногоҳ.


Скрипка саси келса девор ортидан —

Қўшни қиз бошлапти демак тун машқин.

Англайсан шу толе нақаротидан

Ғунча бир кўнгилнинг бокира ишқин.


Бор бўлсин муҳаббат! – яшаш гимнига

Хушбахт калималар бўлиб ёзилур.

Бу бахтдан бенасиб ким бор ва нега,

Қай бахт қаршисида саждалар қилур?


Бахт яна: безовта кўнглинг кўзлаган

Ва сени имлаган манзилга сафар.

Бу йўлда ким кулган ва ким бўзлаган,

Гоҳ мағлубсан бунда ва гоҳ музаффар.


Балким, қайғуларнинг қаро сиртини

Умид ранглари-ла йўғурмоқ – бахтдир

Имони – вафолар севги юртини

Тавоф қилмоқ учун югурмоқ – бахтдир.


Ўзгани тан олмоқ ва танимоқни

Ўзни танимоқдан бошламоқ – бахтми?

Ғамда даст кўтариб руҳий қийноқни

Дўст ёнида кўзни ёшламоқ – бахтми?


Бу Бахт заҳматларга эгизак мудом,

Ўздан учиргунча жон қушин то тан.

Қушмассан, фидойи одам – сенга ном,

Яралгансан шундай бахт учун зотан.


ТАНЛАНГАН АСАРЛАР

Подняться наверх