Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - - Страница 167

СЕВГИГА ИЛТИЖО китобидан 1982 йил
СИЗ БОРСИЗ, ДЎСТЛАРИМ, АХИР ДУНЁДА

Оглавление

Тўлқинга

Соғинч чолғусида маҳзун бир оҳанг,

Мени энтиктирса сиз ўтган йўллар,

Таслим бўлиб хазон фасли олдида,

Япроқ тўкса бир кун сиз эккан гуллар,

Бу ранглар, туйғулар, энтикишларга

Тополмасман ҳамки лойиқ ифода,

Дейман мен ўзимга бериб тасалли —

Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!


Менсиз ўтсин, майли, мушоиралар,

Шараф сўқмоқлари – мендан нарида.

Сўзим бир нафасга ярқираса бас

Дўстлик офтобининг шуълаларида.

Шоирлар баҳсида доно ва мумтоз.

Шеър айта олгувчи мендан зиёда,

Ва дилни этгувчи ажаб сарафроз

Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!


Мени ташлаб кетган шўх маккоралар

Ўзгалар базмида бўлса жамулжам,

Вужуд титраб ҳижрон зилзиласидан,

Танҳолик чоғида кўзга қалқса нам,

Ва кўнгил қаърига чўкса ҳам зил тош,

Хиёнат ярқ этса ўшал риёда,

Олисдами-яқин, мунис ва сирдош —

Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!


Сийрак кўришамиз, ҳолимиз нечук, —

Гоҳо хабардормиз, гоҳо бехабар,

Ғанимат оламда азиз ва буюк

Севинч борми дўстни кўрмоқлик қадар.

Базмингизда кимлар бўлмасин ҳозир,

Дўстсиз тўй ўтарми деган маънода,

Менга кўз тутгувчи интиқ, мунтазир

Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!


Кашф этолмай замин меҳварин, ҳайҳот,

О, не-не олимлар лолу жим нега?

Севги меҳваридан айланур ҳаёт,

Дўстлик деб ёзилган ҳаёт гимнига.

Ҳасад майин ичар қайдадир ғаним,

Қайдадир қай бир дўст кезар афтода.

Менинг истаганим ва излаганим —

Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!


ТАНЛАНГАН АСАРЛАР

Подняться наверх