Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 67

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
«Тахир бўлди муҳаббатим мевалари…»

Оглавление

Тахир бўлди муҳаббатим мевалари,

Ғубор ичра қолди яшил тепалари.

Қаёнларга тарқаб кетди тевалари?

Сарсондирман тополмайин карвонимни.


Дунё ҳазин, дунё ҳазин кўзларима,

Одамлари ҳайрон ғамгин сўзларима.

Боқиб алам из қолдирган юзларима,

Ҳеч ким билмас дардимни ҳам дармонимни.


Шудринг эмас, тун ичра кўнгил йиғлаган,

Бир тун эмас, бу кўнгил минг йил йиғлаган.

Сингилларим сўйлашиб сел-сел йиғлаган,

Исми надир, билмайдирман, армонимни.


Уни гулу савсанлардан тиклагандим,

Хаёллари равшанлардан тиклагандим.

Ярқираган оҳанглардан тиклагандим,

Мунг босди-ку чарақлаган қўрғонимни.


Жимирлайди кўкда кузак юлдузлари,

Зирқирайди кўксимда ишқ илдизлари.

Нола қилсам кечалари, кундузлари,

Қайдин топгум кетган давру давронимни?


Ё раб, нечун бағрим бунча тилкаладим?

Лолазорга айланди-ку елкаларим.

Елкаларим узра бўйлар укаларим,

Аларга бер мен бой берган имконимни.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх