Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 68

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ТЎЙ ОҚШОМИДА

Оглавление

Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,

Эй кўзлари қуралай.

“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,

“Ёр-ёр”ингдан тирилай.


Қаро тунда оқ гулмиди

Келинчакнинг либоси.

Армон бўлган бир мулкмиди

Унинг нозу ибоси.


Кўзларингдан дур сачрагай,

Лабларингдан чечаклар.

Аста-аста ечилгайдир

Кўнгилдан зарпечаклар.


Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,

Эй кўзлари қуралай.

Мен бор дарду соғинчимни

Қайта бошдан саралай.


Ўтган ою йилларимни

Мен бир туш деб билгайман.

Бўйнингдаги холингни бер,

Дилга нуқта қилгайман.


Кўйлагингдан кўрингандай

Кўнглингдаги гулзоринг.

Менинг севгим қолмас, лекин

Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.


Тун қўйнида юлдузларга

Таралмоқда дил зоринг.

Менинг шеърим қолмас, лекин

Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.


Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,

Эй кўзлари қуралай.

“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,

“Ёр-ёр”ингдан тирилай.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх