Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 74
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
АЙРИЛИҚ
ОглавлениеҚаро тунлар ҳилолимни комига тортган,
Икки аждар баданингни қўриқлаб ётган,
Икки аждар аро, эй сен, зор йиғлаб ётган,
Юлдузларинг нелар сўйлар, энди билмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
Баҳоримдан доғлар қолгай лолаларингда,
Йилларингни чанг қоплайди хоналарингда.
Бир қизил гул йиғлаб ўтар ойналарингда.
Деразангга тонг еллари бўлиб елмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
Муҳаббатнинг маъволари тумонлардадир,
Сен яхши қол, менинг номим ёмонлардадир.
Дил қайдадир, дил мен кетган томонлардадир,
Қошларингнинг тиғи бирлан уни тилмайман.
Мен келмайман. Мен келмайман.
Бир маҳаллар тўкилгандим дафтарларингга,
Кўзда ёшлар ичиргандим ахтарларингга.
Айтгил энди ўшал гўзал аждарларингга,
Улар учун ўлар эдим, энди ўлмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
1991