Читать книгу Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача - - Страница 10
Оглавление9. Ер ҳаммани кўтаради ёхуд инсон каби инсонлик
Яхшиликка яхшилик,
Ҳар кишининг ишидир.
Ёмонликка яхшилик,
Мард кишиниг ишидир.
Ёмонни кўрмай туриб,
Яхши қадрин билмассан.
Отасўзлари
"Жиззах ҳақиқати" газетасида бўлим мудири бўлиб ишлар эдим. Гўзал қалбли инсон ва раҳбар Содиқ Аҳмедович Нишонов мени вилоят партия қўмитасига лектор бўлиб ишга ўтишга таклиф қилдилар. У киши обкомнинг мафкура бўйича котиби эди.
Ишга ўтдиму,асосий ишим область партия комитетининг биринчи секретари, ғоят мағрур ва бурни кўтарилган Саид Мамедович Тоировга доклад тайёрлаш эканлигини англадим. Мен каби йигирма уч ёшли журналистнинг бу лавозимда ишлаши жуда катта омад саналарди.
Фарғона давлат университети тарих факультетининг кундузги бўлимига кира олмай сиртдан ўқиганлигим учун мактабда пионервожатий, ўқитувчи, Бахмал район ва вилоят газеталарида ишлаб тузуккина тажрибага эга эдим.
У пайтда лекторлар гуруҳи дея аталадиган бўлимда икки киши бўлиб, бошлиғим ғаллаороллик содда ва дўлвор киши Неъмат Абдусаидов эди.
Етмиш олтинчи йилнинг бошларида Иттифоқдаги барча республика, автоном республика ва вилоятларнинг лекторлари Москвада малака оширадиган курсга чақирилди.
Шунда илк бор Душанбе-Москва поездига ўтириб Москвага йўл олдим. Бошлиғим, улфат инсон Неъмат ака коньякни отиб, қазини газак қилиб яйрар, мен эса у кишининг ажойиб ҳангомларини тинглаб, хизмат қилардим.
Еттинчи қават навбатчисидан ўзимга тегишли хона калитини олиб эшикни очдим. Жомадонимни ерга қўймоқни унутиб деразадн кўзим тушган манзарага лолу ҳайрон тикилиб қолдим.
Қаршимдаги меъморий ҳариқа, чиройли черков ва унинг орқа томонидаги Кремль манзараси сўз ила ифодалаб бўлмас даражада гўзал, бетакрор эдики, илк кўрган киши ҳайратдан қотиб қоларди.
Китобларда кўрганим Василий Блаженний собори ва ундан наридаги Кремль миноралари манзараси оппоқ қор фонида антиқа кўринарди.
Сизга ҳикоя қилажагим воқеа содир бўлганда биз "Россия" меҳмонхонасининг Кремлга қараган иккинчи қаватидаги ресторанда оқшом емагини еб ўтирар эдик. Ресторан икки қанотли бўлиб, ўнг томони халқ учун, сўл томонидаги зал халқ депутлари учун эди. Биз депутатлар томонида ўтирардик.
– Мен сизга айтаётган воқеа худди мана шу залда содир бўлган, – дея латифа сўйламоқда давом этарди Неъмат ака.
Даврамизда Самарқанд вилояти партия комитетининг лектори, иқтисод фанлари номзоди, йигирманчи асрдаги дўстимиз Нурислом Тўхлиев ҳам бор эди.
– Бизнинг сариқумлик машҳур чўпон, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, СССР Олий Советининг депутати Асқар Қўзиев биринчи Москвага, сессияга келганида тушлик учун шу залга кирибди. Кутибди, кутибди, ҳеч официантка келмас эмиш…
– Абизиянка! – дебди ниҳоят тоқати тоқ бўлиб ёнидан ўтиб кетаётган қизга.
– Ну пожалуйста, не оскорбляте! Чего хотите? – дебди официантка ҳайрон бўлиб.
Асқар Қўзиев қотиб колибди.
– Асқар не билет! Асқар депутат! Где иззат? Где ҳурмат? – дебди анчадан сўнг ўзига келиб Қўзиев.
Неъмат ака энди латифасини тугатган эди. Нариги зал ва коридорда шовқин-сурон, тўс-тўполон бошлаиб қолди.
– Қочинглар! Меҳмонхонага ўт кетди! – дея ҳайқирди ёнимиздаги столда ўтирганлардан бири ўрнидан туриб қочаркан. – Шимолий блокдан бошланибди!
Ур-сур, тўпалон бошланганди. Одамлар бир-бирини туртиб, босқилаб ташқарига отилишар, коридорда меҳмонхона ходимлари:
– Хоналарингизга чиқиб, юкларингизни олиб тушинг, лифтлар ишламоқда! – дея бақиришарди.
Биз ҳам еттинчи қаватдан юкларимизни олиб лифтни ҳам бекламай зинапоя орқали биринчи қаватга югуриб тушдик.
– Шимолий блокдан бошланибди. Бизнинг ғарбий блокка етиб келгунига қадар ўчиришади! – дейди тили бўғзига тиқилиб Неъмат ака юкларини бир четга қўяр экан. – Кетмаймиз. Ёнғинни ўчиришгач, хонамизга чиқиб ётамиз.
Ташқаридаги автобуслар истаганларни бошқа меҳмонхоналарга олиб кетарди.
Ойнадан кўриниб турган манзара даҳшатли эди. Меҳмонхонанинг энг юксак шимолий блоки ловуллаб ёнар, деразалардан чиқаётган аланга кўкка ўрларди.
Пастда турган икки кран деразалардан ёрдам сўраб чинқираётган кишиларга саватсифат ковушларини тутар, кранчилар кўрмаган одамлар юксак қатлардан ўзларини ерга отишарди. Бир неча киши ердаги машиналарнинг устига тушиб, абжағи чиқиб ҳалок бўлди.
– Қараманг! Кейин кўз олдингиздан кетмайди. Характери бўшроқ одам, сахарний бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, – деди Неъмат ака эшик томон диққат билан тикилар экан.
– Ие, Андропов билан Гришин биз томонга келяпти – дея дик этиб ўрнидан турди.
Ҳақиқатдан ҳам портретларидан таниш икки киши ҳеч бир қўрима ва дабдабасиз биз томон келишарди. Сабаби биз турган ердан қаршидаги фожианинг манзараси аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
Йиғилганлар билан бош ирғаб саломлашган икки раҳбар бир муддат шимолий блокдаги вазиятни кузатдилар.
– Жабрланганлар йўқми? – сўради Андропов бизга қараб.
– Йўқ, Юрий Владимирович! – жавоб қилди уларга энг яқин турган Неъмат ака.
– Сизлар қайси блокдан, – яна сўради Андропов.
– Ғарбий блокданмиз!
– Қаранглар бу фалокатни! Ҳозир ўчиришади. Хоналаринга чиқиб ётасизлар! Сизларга саломатлик тилайман! – деди Андропов шериги билан залнинг ўнг томонига қараб юраркан.
Улар ёдгорликлар сотиладиган дўкон олдидаги диванда ўтирганича гурунглашарди. Шу тариқа ярим кеча, ёнғин ўчирилгунга қадар кетишмади. Биз ҳам уларга тикилганча ўтиравердик.
Қайтаркан яна бир бор тўпланиб турган биз лекторларнинг олдимизга келиб хайрлашишди.
…Москвадан қайтганимдан кейин Георгий Александрович Крайнов мени Шароф Рашидовичнинг қабулларига етиб келишимни айтиб телефон қилди.
Қабулхонага кирганимда икки киши, ёзувчи Саъдулла Кароматов ва актёр Ўлмас Алихўжаев ўтиришарди.
Шароф Рашидович дастлаб Саъдулла акани қабул қилдилар. Сўнгра Ўлмас Алихўжаевни. Энг охирида мен кирдим.
– Юрий Владимирович Андропов Марказий телевидениеда намойиш этилаётган "Оловли йиллар" фильмини қизиқиб кўраётган эканлар. Фиьлм ҳақида илиқ сўзлар айтиб, режиссёр Шуҳрат Аббосов ва Ҳамза ролини ижро этган Ўлмас Алихўжаевларни табриклаб қўйишимни сўрадилар. Суҳбатлашдим. Алихўжаев яхши йигит экан, – дедилар Шароф Рашидович суҳбат давомида.
Шунда мен у кишига "Россия" меҳмонхонаси ёнғинида Андропов ва Гришинни кўрганимизни айтдим. Бола билан бола, кекса билан кекса бўлиб суҳбатлашадиган Шароф Рашидович ҳикоямни қизиқиб тинглаган эдилар. Мана шу воқеаларга ҳам қирқ йил бўлибди. Шоҳдир, гадодир, бу дунё унга омонатдир. Бироқ бир кунлик умримиз қолса-да инсофга келиб, феъл-атворимиздаги қусурлардан халос бўлиб, инсофу инсонийликнинг олий чўққисига кўтарила олмаймиз.
Ким хақиқий инсон?
Инсонликдан насибини олган инсон.
Инсон каби инсон бўлиб қолган инсон.
Ўзгаларнинг ғаму ҳасратига ҳамдарду хайрихоҳ бўлиш учун инсонийлик кифоя. Бироқ ўзгаларнинг қувончига хайрихоҳлик қилиш учун эса фаришта бўлмоқ керак деганида олмон ёзувчиси Жан Поль минг карра ҳақ эди.
Мен узоқ изладим ва шайтонлар орамизда биз ўйлагандан ҳам кўплигини кўриб шом тубим қоронғу бўлди. Бироқ фаришта ва фаришталарни учратмадим…
Ҳақиқат доимо оддий ва табиий бўлади. Америкадан Андоррага қадар дунёнинг барча мамлакатларида раҳбарлар ўша юртдаги ҳамма одамлардан ақлли бўлганликлари учун иқтидорга келмаганлар ва келмайдилар.
Бироқ шу пайтгача шундай дея фикрлаган ҳеч бир раҳбарни учратмадим.
Нима учун оддий, тепаси ўйиқ одамлар авлиё ва фаришталар ҳақида оғизларини тўлдириб, улар билан боғлиқ ривоятлару афсоналарга ишониб яшайдилар? Бунинг сабаби битта.
Дашту далада тоғу чўлда улоқиб юрган чўпон-чўлиқ ҳам, қиз қариса қози бўлар, сариқ итга рози бўлар дея уйида қолиб кетган қари қиз ҳам ўзини осмон, авлиёю фариштага яқин санайди.
Бир юзу йигирма тўрт минг пайғмабарни ясаган одамлар вақт замони келиб, Ленину Сталин, Гитлеру Франко, Муссолинию Пиночет, Маою Ким Ир Сенлардан даҳолар ясай бошладилар.
Мақсад бу даҳоларни илоҳийлаштириш баробарида ўзларининг ҳам ана шу даҳога яқин, ундан кам бўлмаган сифатларга соҳиб даҳосифат бир кишилик эканликларини таъкидламоқ, иддао этмоқ бўлган.
Даражасидан қатъий назар барча бўғинлардаги раҳбару раҳбарваччалар, вазиятдан вазифа чиқариб одамларни бошқаришдан лаззат туядиган ва бойимоқни истаган тўдаю оломонлар хоҳишу иродасининг тажаллиси ўлароқ юзага чиқиб қоладилар.
Шу ўринда оталаримиз айтиб келган бир халқ айтувини тингланг-а?
Ўсар бўлсанг осарлар,
Ўсал бўлсанг босарлар.
Ўрта бўлғил, ўрта бўлсанг
Эл оғаси ясарлар.
Янгилишмаслик, хатога йўл қўймасликдан эса шоҳу гадо, амиру маъмур, кимса муҳофаза этилмагандир. Энг муҳими бу хато ва камчиликларнинг катта, халқлар тақдирини ҳал этгувчи маънавий ҳамда жисмоний жинояту қатағонларга айланиб кетмаслигидадир.
Бундай туруму тузумда эса халқ: –
Савобингдан-да улус заҳмат туяр,
Хайри садақангдан ҳам нафрат туяр.
Тундан сабоҳга қадар ваҳшат туяр,
Эрта кундан умид йўқ, даҳшат туяр.
Аҳли доно сенинг ёнинингда турмас,
Улус таянчим деб, ҳеч жавлон урмас.
Хизр, фаришталар юзини бурмас,
Сендек шарафсиз-ла, юрт иши юрмас.
Ҳар ишдаки, ақл мезон ўлолмас,
Иймон кемтик, шоминг азон ўлолмас.
Элдан айри қалбда тўфон ўлолмас,
Зако эксик, одил хоқон ўлолмас.
Сиёсат ахлоқи ва маданияти ҳақида элементар тасаввурга эга бўлмаган, парча экмак пешида қўшиб, куни учун кул ташлаган, фикрлаш қобилиятидан маҳрум агрессив кўпчилик дея аталгувчи тўдалар ва обивателлар оломони тепаларига келган ҳар қандай раҳбарни кимлигидан қатъий назар сўзсиз қабул этадилар. Бўйсунадилар ва байроқ қиладилар.
Чўпга бойлаб кўтарганлари пайтавами байроқми – уларга фарқи йўқ. Бошлари узра соллаб, орқа-олдиларига қарамай югурмоқликлари учун байроқ керак.
"Ўзбеклар иши" авжига чиққан, қама-қамалар давом этаётганда Рашидовнинг одами сифатида ёзувчилар уюшмасининг раиси Сарвар Азимов билан биргаликда ўринбосар бўлиб ишлаётган Ўктам Усмонов Саъдулла Кароматов ҳам ноҳақ ишдан олиндилар ва "Тошкент оқшоми"дек оммавий газетани ташкил этган таниқли ёзувчи кўчада қолди.