Читать книгу Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача - - Страница 9

Оглавление

8. Сиёсатнинг сирли ўйинлари ёхуд иштони йўқнинг иштони йиртиқ устидан кулгани

Сон тегмаганга сон тегди,


Зоғора тегмаганга нон тегди.

Отасўзи

Билмайдиганини биламан деб ўйлайдиганларнинг тақдирига сиёсатчи бўлиш ёзилган.

Бернард ШОУ

Одатда аксар раҳбарлар барчадан ақлли бўлганим учун шу лавозимга кўтарилганман. Тангрининг мендан бошқа кўражак кишиси ва сояси йўқ дея фикр қиладилар.

Невараси кўкрагига тақилган тўрт олтин юлдуз ва сон-саноқсиз ордену медалларни ўйнаган ва бундан ўзи ҳам болалар каби завқланган Леонид Ильич ҳам шундай дея ўйларди.

Ҳамма ленинчи-сталинчи сафдошлари каби ҳеч бир алоҳида ва фавқулодда ижобий хислатлари билан ажралиб турадиган кишилик эмасди, аслида.

Бор-йўғи Курск ер қурилиши техникумни бир амаллаб, темир йўл вокзалида юк ташувчи мардикорлик қилиб битирган Лёня Брежнев ўз даврининг типик вакили эди.

У ҳам даҳоси Сталин каби ғирт оёқяланг бўлиб, қорни нонга тўймаган, эгни тузук-қуруқ усти бош кўрмаган, тўрт йил черковнинг диний мактабида ўқиган, бироқ Пушкин ва Есенин шеърларини соатлаб ёддан ўқий билажак шоиртабиат одам эди.

Брежнев уни Хрушчёвни ағдаришда катта хизмат кўрсатган КГБнинг собиқ бошлиғи Шелепинни ВЦСПСга ўтказиб, ўрнига олиб келганди. Юрий Андропов ана шундан бери унинг ёнида сидқу садоқат билан хизмат қиларди.

Давлатпаноҳи Брежневнинг соғлиғидан путур кетиб, оёғи чалкашиб қолганлигини барчадан яхши биладиган Юрий Владимирович унинг соғлиғи учун астойдил қайғурган бўлиб, ойда бир ёки икки маротаба бу ҳақда маълумот олиш учун шанба, ходимлар камроқ кунлари Лубянкадаги Феликс Держинский ўтирган кенг хонасига чақирарди. Гоҳида бундай хуфиёна суҳбатлар махсус хизмат ходимлари учун ажратилган махфий уйларда кечарди.

Бу гал ҳам Чазовни подъезда кутиб олган адютанти камтарона безатилган квартирага олиб кирди. Чазов бу хонага илгари ҳам икки маротаба келган эди.

Феликс Дзержинский ва Лаврентий Бериянинг вориси Юрий Андроповдан сиёсий бюро аъзоларидан тортиб барча иттифоқ вазирлари, республикалар раҳбарлари Азроилдан қўрққандек қўрқардилар.

Боиси, унинг қўлида Брежневу партиянинг иккинчи ва учинчи одамлари Кириленкою Черненко, Кунаеву Рашидовгача, барча-барчаси ҳақида донос ва компроматлар бўлиб, истаган пайтида истаган кишисининг кўзини ўйиши мумкин эди. Галина Брежневанинг циркач эри Игорь Кио билан қилган номаъқулчиликларини ҳам Андроповнинг йигитлари фош этиб отасига етказган, шу боис у билан Леонид Ильичнинг ўзи ҳам ҳисоблашарди.

Ҳамкасб раҳбарлар турли поку нопок йўллар билан топган маблағни Андропов қонуний равишда истаган миқдорда топар, разведка ва контрразведка учун ажратилган чексиз миқдордаги бюджет масрафи унинг ихтиёрида эди.

Қолаверса, мамлакатнинг энг биринчи назоратчисига кўп пулнинг кераги ҳам йўқ, унда бойликка интилиш хасталигининг ўзи йўқ эди.

Сиёсий бюро аъзоси ва Давлат хавфсизлик комитетининг раиси сифатида у барчадан кучли ва барча ундан ҳайиқарди. Брежнев ва партиянинг иккинчи кишиси саналмиш Андрей Кириленко ёки Суслов каби – бир-икки киши унга эмин-эркин иш буюриб гап айта олар, қолганларнинг эса дуч келганда оёқлари қалтирарди.

Шунинг учун ҳам ўз кашфиёти, Михаил Горбачёвни Москвага олиб келиш унга қийин кечмади. Деярли барчаси етмишдан ошган ва тўкилиб қолган сиёсий бюро аъзоларидан ҳеч бирининг эътироз билдиражак ҳоли йўқ эди.

Андроповга қарши кучлар эса Ленинграддан ўз одамлари Романовни келтирдилар. Михаил Горбачёв қишлоқ хўжалигини бошқарса, Романов энг муҳим тармоқ, ҳарбий саноатдан космосгача бўлган соҳани назорат этарди.

Ўз келажакларини ўйлаган Кремлнинг Сталину Хрушчёвдан қолган оқсоқоллари ана шу икки арбоб атрофида иккига бўлинган, бу пинҳона рақобатда қай бир тараф ютиб чиқса, иккинчи томон эшак ўғрисига айланиши муқаррар эди.

Бундай сиёсий ўйинларнинг кўпини кўрган ва ақл-идрок, тадбиру тажрибада ҳамкасбларидан бир неча бор устун Андропов уларнинг ҳеч бир хатти-ҳаракатини кўздан қочирмай, арқонни узун ташлаб, сўнгги ҳадаф сари илгариларди.

Ҳар тўкисда бир айб дегандек, унинг ҳам бир муаммоси бор эди. Соғлиғи кўн кўнглидагидек эмасди. Кутилмаганда буйраги панд бериши мумкин. Қон тозаловчи стабилизатор ёрдамида яшаб юрибди. Бироқ давлат сири сифатида буни ҳеч кимга билдирмасди. Ҳатто, Леонид Ильичга ҳам. Чазовга докторларнинг бу ҳақда кимсага оғиз очмасликларини тайинлаб қўйган. Сирни ошкор этганнинг ҳоли не кечишини улар яхши билишади. Иштони йўқ иштони йиртиққа кулибди, нақлига амал қилган, ернинг тагида илон қимирласа биладиган Юрий Владимирович давлатпаноҳи Леонид Ильичнинг бу қадар узоқ яшайди деб ўйламаганди.

Агент ва стукачларнинг гапига қараганда бош секретарда барча касалликларнинг аломатлари бор эди. Бироқ дори-дармон ва ўн беш даражага тушириб бериладиган водканинг кучи билан ҳали-ҳануз оёғининг орасидан шамол ўтиб турибди.

У аллақачон давлату партия, ҳукумату хўжалик иши билан шуғулланмай қўйган. Мамлакат ва халқнинг аҳволи қандайлигини, одамлар учун давлат нархида бир кило эт ёки колбаса топиш омад эканлигини билиб-билмасди.

Генсекнинг Бовин билан суҳбатда айтган “Бизда ҳеч ким маошга яшамайди. Биз ҳам Курск вокзалида мардикорлик қилганимизда уч яшикни машинага ортиб бир яшикни беркитиб қўярдик” деган гапи тарқалиб кетгач, ҳамма ойлик маош билан яшамай қўйгандек эди, унинг назарида.

“Партия ва давлат ишининг тартибга келтириш керак” фикр қиларди Андропов.

Бунинг учун эса биричи галда мана шу тартиб ва тизимни яратган, Сталин ва Хрушчёвнинг аравасидан тушиб қолган Брежнев бошлиқ нафақахўрлардан қутилиш лозим. Акс ҳолда вазиятни ўнглаб, мамлакатни ривожлантириб бўлмайди. Соғлиғи эл берса бу ишнинг бошида туради. Насиб этмаса, Мишага ўхшаган бир ёш шогирдига топшириб кетади.

Андропов ҳар учрашганларида чин юракдан Леонид Ильичнинг соғлиғини сўрар, дунё табиблари кашф этган ва КГБ госпиталида текшириб назоратдан ўтган янги дори-дармонлар ҳақида гап очарди.

– Худога шукур! Яхшиман, Юра! Ўша дорилардан менга олиб келдингми? Бу докторлар ҳам ҳеч нарсани билишмайди. Фақат укол, укол. Жонимга тегиб кетди, – овози дўриллаганича нолирди Брежнев.

– Албатта олиб келдим-да, Леонид Ильич! Бу дориларни АҚШ президенти ҳам билмайди ҳали, – ақл бовар қилмайдиган даражада ғамхўрлик қилган бўларди КГБнинг патрони.

– Катта раҳмат сенга, Юра! Ҳеч ким менга сенчалик меҳрибончилик қилмайди. Мен сенга ишонаман. Қани, келтирган дорингдан бер-чи, – қўлини узатарди Леонид Ильич.

Юрий Владимирович спортчилар қўллайдиган бир оз героин аралаштирилиб махсус тайёрланган допинг таблеткаларидан бир пачкасини чўнтагидан чиқариб узатади.

– Буни ҳеч кимга кўрсатманг, – тайинларди сирли овозда.

– Кўрсатмайман! Сейфда сақлайман! – болалар каби кўзи жавдираб сўз берарди Леонид Ильич.

…Хонадан қаҳва ҳиди келарди.

Тунда яхши ухлай олмаган Андропов ўрнидан туриб Чазовни кутиб олди ва ўнг тарафдаги ўриндиққа таклиф этиб яна оғир чўкди.

– Биласиз,бош секретаримизнинг соғлиқларини жиддий кузатиб бораман. Аҳволлари қалай ва бу борада қандай чора ва тадбирларни амалга оширмоқдасиз? – сўради ҳорғин Андропов ўткир нигоҳини Чазовга тикиб. – Кофе ичасизми, чой?

– Кофе, – деди меҳмон ўтирар экан.

Қаршисидаги стол устида печенье, карамель конфети ва тешиккулчалар солинган учта ликопча турар, ўртадаги вазага солинган янги хризантема гулдастасининг ифори кофе ҳидини босиб кетгандек эди.

– Биласиз, Юрий Владимирович, Леонид Ильичнинг хасталикларини даволаб бўлмайди. Биз у кишини формада ушлаб туриш учун қўлимиздан келган ишни қиламиз, – дея ҳисоботни якунлади бош табиб.

– Аҳволлари оғир денг? – қайта сўради совуб қолган кофени ҳўплар экан.

– Ўртача! – жавоб қилди Чазов тилига бошқа сўз келмай.

Мезбон меҳмонни секин эшигига қадар кузатиб қўйди.

Бош раҳбарнинг оғир аҳволини халққа кўрсатиш керак. Одамлар уни оёғини аранг кўтариб босаётганини билиши лозим, хаёлидан ўтди Лубянка шефининг қайтиб юмшоқ диванга узанар экан.

Этаси куни эрталаб ишга келиши билан телевидение, радио ва барча матбуот ва оммавий ахборот воситларини назорат этувчи ўринбосарини ҳузурига чорлади.

– Халқ орасида Леонид Ильичнинг соғлиқлари ҳақида турли-туман миш-мишлар тарқалаётган экан. Телевидение раҳбарларига таълимот беринг. Леонид Ильични кенг планда тез-тез кўрсатиб туришсин. Бу тадбир бош секретаримизнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак.

– Янги олинган ленталарда у кишинини соғлиги ёмонлашгани сезилиб қолган-ку, Юрий Владимирович? Майлими? Халқ аҳволи янада ёмонлашибди деб ўйламайдими? – фикрини сўйлади ўринбосар.

– Бу – пропаганда учун! Душман кўзи! Англадингизми? Кўзни очиб-юмгунча ўтиб кетадиган эпизодлардан одамлар ҳеч нимани англамайди. Уларнинг Брежневу менинг соғу носоғлигимизни ўйлашдан бошқа ҳам ишлари кўп! Топшириқни бажаринг! – Овозини баландлатди Андропов.

Эртаси кундан бошлаб Марказий телевиденияда Леонид Ильичнинг кейинги тадбирлардаги кўринишлари эҳтиёж туғилса туғилмаса-да кўзга ташлана бошлади.

Кадрларни кўрган кишида Брежнев икки ёнидаги қўримасининг кўмагисиз юра олмас экан-да, деган таассурот уйғотарди.

Сиёсат шахматида манаман деган гроссмейстерларни мот қилган, Хрушчёву Маленьков, Кагановичу Ильичев, Шелепену Шелест каби эски кремлчиларни қайтмайдиган қилиб ўйиндан чиқариб юборган Леонид Ильич Брежнев Андроповнинг бу "холис хизмати” остида ётган нияту мақсадини пайқамай қолмади. Партия, давлат ва ҳукумат структурасида аслида ўзидан кейин турган шахс – Андроповни тахтидан туширишга қарор қилди ва бу ишни чиройли ҳамда дипломатик тарзда ҳал қилиш режасини амалга оширишга киришди.

Уни фақат марказий комитетга секретарь қилиб келтириш мумкин эди. Лубянка қиролининг партия бош штабига келишидан эса барча бирдек чўчирди.

Лубянка шефи ўзининг бу даҳшатли бинодаги ҳокимиятнинг сўнгги кунларини кечираётганини ҳис этиб тургандек эди.

Ҳар ишда бир хайр бор. Ҳатто фалокатда ҳам, дейди араблар. Сар берса-да сир бермайдиган Андроповнинг ҳар қандай вазияту ҳолатда киприги қилт этмас, совуқ ақл ва теран тафаккур билан қарор қабул қилмоқ иқтидорига соҳиб эди.

Эндиликда сиёсатнинг рақсу лапарлари ўзгариб кетди. Катта капитал кимнинг қўлида бўлса, катта ҳокимият, иқтидор ҳам шунинг элига кечади. Капитал деган юҳонинг қудрати шу қадар кучли ва жозибалики, халойиқ рўёсида ҳам кўрмаган, ҳеч қандай эътиборга арзимайдиган бир одамни гулдурос қарсаклар ила олқишлашга, ҳурматга нолойиқ кишини иззатлашга ва инсон каби гаплашиб бўлмайдиган бири билан яқинлашиб, муросаю мадора қилишга мажбур этади.

Аслида сиёсат деб шуни айтадилар. Сиз бу ўйиндан не қадар узоқ турмоққа ҳаракат этманг, бироқ бу гирдоб сизни ўз домига тортаверади. Жамият ва халқнинг ахлоқи эса ана шу сиёсатнинг не қадар ахлоқли ва ахлоқсизлиги билан белгиланади.

Одатда сиёсатчилар ва актёрлар табиатан, феъл-атворан бир-бирларига яқин турадилар. Бири театр саҳнасидан томоша кўрсатса, иккинчиси тахту саройида туриб иқтидору истеъдодини намойиш этади. Камдан-кам ҳолатларда уларнинг сўнгги томошалари муваффақиятли тугайди. Бунинг сабаби шундан иборатки, ҳар иккиси ҳам саҳнадан ўз вақтида, обрўси борида кетишни билмайди. Уларни аксар ҳолларда мажбурий ёки фожиавий равишда ўйиндан чиқарадилар.

Ёҳуд…

Нодон доно устидан,

Кулмаса қутулмассан.

Нафс бандаси мудом,

Юлмаса қутулмассан.

Ўликдан ҳам ришватни,

Олмаса қутулмассан.

Бошинга бир фалокат,

Солмаса қутулмассан.

Бўйнингга тавқи лаънат,

Илмаса қутулмассан.

Пири муттаҳамликни,

Қилмаса қутулмассан.

Жигар бағрингни мудом,

Тилмаса қутулмассан.

Бир ботир бу чипқонни,

Силмаса қутулмассан.

Ҳақнинг қаҳридан хуни,

Тўлмаса қутулмассан.

Ботилу қотил, золим,

Ўлмаса қутулмассан.

Инсон таназзули у ўзини ўз даражасидан юксак санаганлаган даму дақиқадан бошланади. Бироқ шу пайтга қадар ҳеч бир инсон, шоҳу гадой, чўпону академик, яъни ҳеч кимнинг ақлу заковат, билиму кўникмасининг эксиклигидан нолиганини эшитиб, туймадик. Суҳбатлашсангиз, ўзига эн бўла олмаган киши сизга бўй бўлмоқлик даъвосида дам уради. Ва раҳбарлик, мансабу мартаба курсилари бундай саёз, саводсиз ва калтабин кимсаларнинг ўтиришидан муҳофаза этилмаган.

Шеър тили билан айтганда:

Равон йўл терс тушарса,

Сўқмоққа қолар кунинг.

Яхши сўз қаҳат эрса,

Сўкмоққа қолар кунинг.

Фосиқнинг касби фужур,

Суқмоққа қолар кунинг.

Бошинг чиқмас ташвишдан,

Тўқмоққа қолар кунинг.

Кўнгил инсонисан, ёш,

Тўқмоққа қолар кунинг.

Номардлар ўнгида тиз

Чўкмоққа қолар кунинг.

Фақат ўзига кўзни,

Тикмоққа қолар кунинг.

Аҳли зако ер элда,

Аҳмоққа қолар кунинг.

Дуолар тошни тешиб,

Йиқмоққа қолар кунинг.

Алал қаро тупроққа,

Тиқмоққа қолар кунинг.


Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача

Подняться наверх