Читать книгу Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача - - Страница 4

Оглавление

3.Дитрих Геншер эътирофи ёхуд Аҳмад Яссавий нега ер остига кириб кетган ва Тошкентда Шекспирни инкор этган этикдўзлар

Упорстводостоинство осла.

Рус мақоли

Қассобнинг тушига эчки кирар.

Отасўзи

Ёзувчиларнинг Дўрмон боғи ва бу ердаги ёзувчилар маҳалласи турли қизиқ воқеалар, ривоят ҳамда латифалар туғилган қадрли бир маскандир.

Минг тўққиз юзинчи йил бошида бу ерга бир рус генерали дамқисма хасталигига дучор бўлган аёли соғлигини ўйлаб, вилла қуради. Бу муҳташам бино ва унинг қаршисидаги юз йигирма йиллик каштан ва чинорлар ҳамон савлат тўкиб турибди. Эътиборсизлигу қаровсизлик оқибатида икки тарихий липа – жўка дарахти йўқ бўлиб кетди.

Ўттизинчи йиллар охирида Республика Олий Кенгашининг раиси Йўлдош Охунбобоевга шу бинодан дача сифатида фойдаланиш тавсия этилади. Бироқ республика оқсоқоли чор императори генерали яшаган уйга кўчиб киришга чўчийди.

Генерал вилласининг кун чиқиш томонида янги бино тикланади ва атрофдаги ерлар Олий Кенгаш раиси боғи ихтиёрига берилади.

– Бунча ер бизга кўплик қилади, Ҳамиджон. Ярмини олиб, ёзувчиларимиз учун ижод уйи қилсангиз бўлади. Генерал ёзлиги ортига бир неча хоналик меҳмонхона қуришга ҳам кўмак этасиз, – дейди Йўлдош ота Ҳамид Олимжонга.

Шу тариқа Қибрай туманининг Арғин қишлоғи яқинидаги хушҳаво манзилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижод уйи ташкил этилади. Ҳамид Олимжон ўша пайтда ҳам кўпчилиги ижарада яшаб юрган ижодкорлар учун бир илҳом қайноғи бўлган гўша яратиш ишига астойдил киришади. У пайтда бу каби ишлар учун масъул ташкилот – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида Адабиёт фонди бўлиб, унинг раиси Чустий домла эканлар.

Ҳамид Олимжоннинг Уйғун билан Дўрмондан қайтаркан автоҳалокатда фожиали ҳалок бўлиши бутун Ўзбекистонни ларзага солади. Ўша пайтдаги Республика раҳбари кўзида ёш билан Ҳамид Олимжоннинг бошида ўтиради. Вафотидан сўнг ижод уйига Ҳамид Олимжон номи берилади.

Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Собир Раҳимов ва Шароф Рашидовларнинг номлари районлардан, шоиру ёзувчилар оти мактаблардан олиб ташланиши компаниясида Ҳамид Олимжон номи ҳам ижод уйидан олиб ташланди.

Ижод уйининг биқинидаги республика Олий Кенгаши раислари яшаб келган тарихий бинода Йўлдош Охунбобоев, Шароф Рашидов, Амин Ниёзов, Ёдгор Насриддинова, Назар Матжонов ва Иномжон Усмонхўжаевлар истиқомат қилганлар. Ҳозир бу бино ташландиқ ҳолда бўлиб, “Қибрай” санаторияси маъмуриятига қарашлидир.

Санаториянинг арчазорли йўлакларида кезар эканмиз кечмишда уюшмани бошқарган Жамол ака (Жамол Камол) бир воқеани айтиб қолдилар.

– Икки мингинчи йиллар эди, – деди одатига кўра Жамол ака тўхтаб қўл ҳаракати билан фикрини тушунтирар экан. – Биласиз, мен Вильям Шекспир асарларини инглиз тилидан она тилимизга таржима қилганман. Бу пайтда бизда китоб чоп этиш ҳам, ўқиш ҳам инқирозга юз тутган эди. Ҳатто мактабларда ўқийман деган ўқувчи, ўқитаман деган ўқитувчи ҳам сийрак тортиб қолганди. Бир дўстимизнинг ҳомийлигида Шекспир таржимасини оз нусхада бўлса-да чоп эттирдик. Республикада китоб савдоси тизими Рустам Шоғуломов каби шоввозлар томонидан барбод этилиб, “Ўзкитоб” бирлашмаси йўқ қилинган эди. Китобни сотиш учун машинамга солиб, темир-терсак, латта-путта тўпловчи лўли каби йўлга тушдим. Шаҳар айланиб ўша пайтдаги театр ва рассомчилик институтига бордим. Таниқли олим, институт ректори Усмон Қорабоевнинг ҳузурига кирдим. Мени илиқ қаршилаб, арзимни эшитди ва кўмак этмоқ учун олий даргоҳнинг хўжалик ишлари бўйича проректорини хоналарига чорлади. Келтирганим китобларни сотмоқ учун ёрдам беришини буюрди. Бу китобни студентлар ўқиши кераклигини таъкидлади. Мен Усмон Қорабоев билан хайр-хўшлашиб, проректор ортидан унинг хонасига йўналдим.

– Китобни сотиш учун биз таржимон билан эмас, авторнинг ўзи билан шартнома тузамиз. Домла, авторнинг ўзи келсин, – деди проректор китобни варақлаб кўрар экан.

– Мен тахтага айландим. Мана сизга театр рассомчилик олий ўқув юрти проректорининг даражаси. Энди бу институтда таълим олган талабаларнинг аҳволу савиясини мушоҳада этаверинг. Мен институт раҳбарига муаллиф бундан бир неча юз йил бурун вафот этганлигини, Тошкентга кела олмаслигини шармандаларча қора терга тушиб англатдим. У эса киприги қилт этмай, ҳеч бир хижолат чекмай эшитди.

Бутун дунё бўйлаб Германия вице-канцлери ва ташқи ишлар вазири Дитрих Геншернинг бир машҳур сўзини айтиб юрадилар.

– Мен совет раҳбарларининг ёмон гапиришларини билар эдим. Бироқ уларнинг ёмон ўқиганларини билмас эканман, – деган эди Геншер Юрий Андроповдан сўнг совет давлати ва КПСС бошига кечган Константин Устинович Черненко билан бўлган суҳбатдан сўнг.

Сергей Есенин таъбири билан айтганда, балиқ бошидан деган гап тўғри, агарда мен шоир бўлмасам, бўлар эдим безори, ўғри…

Балиқлар бошидан чириган эдилар. Мамлакатда саводсизлик тугатилган, дея эълон этилган бўлса-да, чаласаводлик икки қўлини соллаганича кезарди. Худди ҳозиргига ўхшаб.

Вилоятлардаги бир педагогика институтининг тил бўйича профессори мендан “Абдулла Қаҳҳор яхши юрибдими?” дея сўраганида ҳайратдан ёқа ушлаб, тилимга калима келмаган.

Биз барча нуқсону камчиликлар, разиллигу ботилликларнинг туб илдизи саводсизлигу чаласаводликка, жоҳиллигу гумроҳликка бориб тақалишини англаб етмас эканмиз, ишимиз бароридан келиб, миллат фикри ойдинлик ва адолат сари йўналмайди.

Улуснинг улуслиги эса унинг мавжудлиги билан эмас, не мақсадлар йўлида мужодала этиб, ҳақу ҳақиқат, адлу адолатга бўлган муносабату садоқат, унга амал қила билмоқ салоҳияти билан белгиланади.

Инсон табиати, феъл-атвори ғалати. Уни тушунмоқ мушкул. Қўйиб берсангиз, одатда тоғда сурув боқиб юрган саводсиз чўпон ҳам сизга ваъз ўқиши мумкин.

Бироқ не қадар қўнишмасин, саводсизлигини биласиз ва бу инсондан кимсага зарар келмайди-ку, дея ўзингизга таскин берасиз.

Аммо энг ёмони чаласаводликдир. Чаласавод ўзини ҳаммадан ақлли ва доно санайди. Дунёга икки бора қайта келганингизда ҳам унга ҳеч нарсани англатиб бўлмайди. Буни руслар “Упорство – достоинство осла” дейдилар.

Мутахассисларнинг фикрларига кўра, тили узунларнинг фикри калтароқ, фикри узунларнинг тили қисқароқ бўлар экан. Шуларни ўзимча мушоҳада этар эканман, Писаревнинг “Рус Рафаэли бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлган фойдалироқдир” деган фикри миямда чарх уради. У Рафаэлнинг асарларидан халққа фойда йўқ, у миллатнинг қорнини тўйғазмайди демоқчи, албатта. Некрасов ҳам “Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ афзал” деганда ҳам шуни назарда тутган. Бироқ у эртага Пушкинни ўқиганлар ўзининг битикларини улоқтиришини ўйлаб кўрмаган бўлиши мумкин, ўша дамда. Шоирлар товадаги қушни эмас, ҳаводагини кўзлаб етти қават осмонда юрадилар-да.

Камю эътироф этганидек, Шекспир этикдўзлар жамиятни бошқаради, деган фикр нафақат адолатсизлик, балки хомхаёлдан бошқа нарса эмас, бироқ Шекспирни мутлақо инкор қилган этикдўзлар жамияти бундан ҳам даҳшатлироқ фожиадир. Этикдўзни инкор қилган Шекспир мустабидликнинг қуролига, Шекспирни инкор этган этикдўз эса қулликнинг қуролига айланади. Ҳар қандай ижодкорлик моҳият – эътиборига кўра хўжайинлик ва қулликни инкор қилади. Биз бугунги кунда яшаётган мустабидлик ва қуллик фақат бутун жамиятда ижодий руҳ ҳукмрон бўлгандагина мутлоқ барҳам топади.

Эътибор берган бўлсангиз шу пайтгача дунё сиёсатида оқилу донолар эмас, Гитлер, Муссолини ва Сталин каби фашистлар, Франко ва Пиночет каби қўли қон ҳарбийлар, Пол Пот ва Иенг Сари каби ашаддий қонхўрлар, ғояси учун тириклайин машинада судратилиб парчаланган Чегевара ва Кастро каби фанатиклар, Хрушчёв ва Саакашвили мисол тасодифий довдирлар муҳим роль ўйнаганлар.

Уларга қўлланма, қонуну конституцияни ёзиб берган, хат-саводини чиқариб, кўзини очган бечора фозилу комил шахсиятлар очдан ўлмаслик, оила, бола-чақа деган мавжудотни боқиш учун ана шу шайтон малайларига бўйин эгиб, қуллуқ қилишга мажбур бўлганлар.

Пири Туркистон Аҳмад Яссавий недан ақли закоси тўлган, пайғамбар ёшида ер остига кириб кетди. Аҳмад Югнакий зориллаганидек, бирорта ҳалол, тўғри, адолатли ва садоқатли дўст-ёр, яқину шогирди уни англай олмагани боис, ер юзидан кўра тупроқ остини афзал билди.

Бу жаҳон мулкида мен,

Тўғри ҳолат кўрмадим.

Ҳарна кўрдим, эгри кўрдим,

Ўзга бобад кўрмадим.

Бандаларда сийму зар,

Бекларда адолат кўрмадим.

Ошинолар суҳбатида,

Ҳам садоқат кўрмадим.

Ҳеч кишида Ҳаққа лойиқ,

Бир ибодат кўрмадим.

Бу битикларни битар экан Воқиф ҳам Аҳмад Яссавийни ерга киритган ҳисларни туйган бўлса ажаб эмас.

Киши муккамалият сари одимлаб, Ҳаққа ета боргани сари ёлғизлашади, хасталашади. Тарки дунё қилади.

Бироқ, мен бўлмасам осмон қулаб тушади, халқ бундай озод ва фаровон яшамайди дея заҳн этгувчилар билиб билмайдиларки…

Кўзинг очиқдир мудом,

Беклар сени бозорлар.

Мақтовингни келтирар,

Маҳалла, кўй, гузарлар.

Дам етарки ҳар недан,

Бўлажаксан безорлар.

Ётники ёндан ўтар,

Ўздан келар озорлар.

Жону дилим деганинг,

Жигарингни эзарлар.

Тулпорлар четда қолиб,

Яғир отлар ўзарлар.

Замон забтига олар,

Бедовлар ҳам озарлар.

Худо билан сўйлашиб,

Турганлар ҳам тўзарлар.

Нотавонлар жам бўлиб,

Мардларга чоҳ қазарлар.

Тахту тахта ён-ёна,

Ёғоч отни безарлар.

Мункар-накир қасрини

Чўкич ила бузарлар.

Фоний дунё молидан,

Кўнгилларин узарлар.

Хайри гуноҳинг битар,

Қай бир котиб ёзарлар.

Авлодларга қолар тек,

Ёлғиз, мунгли мозорлар.


Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача

Подняться наверх