Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 22
6-боб. Apple II. Янги давр шуъласи
Режис Маккенна
ОглавлениеЭнди Силикон водийсининг бош рекламачиси Режис Маккеннани Apple билан ҳамкорлик қилишга кўндириш керак эди. Маккенна Питтсбургда туғилганди, катта ишчилар оиласида ўсганди, жиддий феъл-атворини у таровати билан яширарди. Коллежни битирмай, Fairchild and National Semiconductor’га ишга кирган, кейинчалик хусусий реклама ва PR-агентлигини очганди. Асосан эксклюзив интервьюлар беришни маъқул кўрарди. Интервьюлари унга хайрихоҳ нашрлар, глобал имидж реклама компаниялари, жумладан, микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан жойлаштириларди. Intel ана шундай компанияларга мисол эди. Унинг матбуотдаги рекламасида зерикарли диаграммалар ўрнига пойга машиналари ва покер фишкалари ифодаланганди. Бу реклама Жобснинг эътиборини тортди; у Intel’га қўнғироқ қилиб, буни ким қилганига қизиқиб кўрди. Унга “Режис Маккенна” деб жавоб беришди. “Ўшанда мен Режис Маккенна нима ўзи деб сўрадим, – деб эслайди Жобс, – ва менга бу одамнинг исми эканини айтишди”. Жобс Маккеннага қўнғироқ қилди, лекин у билан гаплаша олмади – унинг ўрнига Стивни мижозлар билан ишлаш бўйича директор Фрэнк Берж билан боғлаб беришди. У Жобсдан осонгина қутилишга уриниб кўрди. Лекин Стив бўш келмади ва деярли ҳар куни тинимсиз қўнғироқ қилишни бошлади.
Берж охири Жобснинг гаражига келишга рози бўлгач, хаёлидан қуйидагилар ўтганини эслайди: “Ярамас сурбет. Уни сўкиб юбормаслигим учун қанча вақт ўзимни тийиб тура олар эканман?” Бержнинг сўзларига кўра кир жулдур-жулдур Жобс билан бўлиб ўтган учрашувда уни иккита нарса ҳайрон қолдирди: “Биринчиси – унинг кишини лол қолдирадиган ақли. Иккинчиси эса у айтган гапларнинг ярмини ҳам тушунмадим”.
Жобс ва Вознякни Режис Маккеннанинг “шахсан” ўзи билан учрашувга таклиф қилишди (унинг ташриф қоғозида шундай ёзилганди). Ўшанда оғир-босиқ Возняк ўз характерини кўрсатди. Маккенна Вознинг Apple ҳақидаги мақоласини кўриб, у жуда тор доирада ёзилганини ва унга жон киритиш лозимлигини айтди. “Қандайдир пиарчи матнимни бузишини хоҳламайман”, – деб сўзини бўлди Возняк. Маккенна унда улар боши оққан томонга кетиши мумкинлигини айтди. “Стив менга тезда қўнғироқ қилди ва яна бир марта учрашишни таклиф қилди, – деб хотирлайди Маккенна. – У Возняксиз келди ва биз ҳаммасини келишиб олдик”.
Маккенна ўз жамоасига Apple II учун реклама буклети тайёрлашни топширди. Биринчи бўлиб улар Рон Уэйн томонидан ўйлаб топилган ва агентликнинг ёрқин ва дадил реклама усулига мос келмайдиган Виктория даври нақш услубидаги логотипни алмаштиришди. Роб Яноф, арт-директор, биринчи логотипни яратди. “Жимжимадор жойи йўқ”, – деб таърифлади уни Жобс. Янов логотипнинг икки вариантини – бутун олма ва тишланган олмани таклиф қилди. Биринчиси олхўрига ўхшаб кетарди, шунинг учун Жобс иккинчисини танлади. Унга, шунингдек, яшилдан ҳаворанггача олти хил хаёлий ранглар варианти ҳам ёқди. Лекин уни ишлаб чиқариш анча қиммат эди. Буклет муқовасига Маккенна кўпинча Леонардо да Винчига мансуб деб ҳисобланган қуйидаги ҳикматли сўзни жойлаштирди: “Оддийлик энг юксак доноликдир”. Жобс учун бу дизайннинг асосий принципига айланди.