Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 31

10-боб. Mac’нинг яралиши. Сўзланг, Сизга инқилоб керак…[6]
Texaco миноралари

Оглавление

Раскин бўшатилганидан бир неча кун ўтиб, Жобс Apple II устида ишлаётган жамоанинг ёш муҳандиси Энди Херцфельднинг хоначасига кирди. У дўсти Баррелл Смит каби тўпалончи ва қизил юзли эди. Херцфельднинг эслашича, ҳамкасбларининг кўпчилиги Жобсдан ҳадиксирарди, чунки у “кутилмаганда жаҳл устига миниб, юз-хотир қилмай дангал гапирарди”. Лекин Херцфельдга Жобс ёқарди.

– Сиздан бирорта наф борми? – деб қизиқиб сўради Жобс остонада турганча. – Биз Mac устида энг ақлли одамлар ишлашини хоҳлаймиз, лекин сиз бундай эканингизга ишончим комил эмас.

Херцфельд ўзини йўқотиб қўймади ва жуда зеҳнли эканини айтди.

Жобс чиқиб кетди, Херцфельд ишига қайтди. Бироз вақт ўтгач, Херцфельд Жобс унга юқоридан қараб турганини пайқади.

– Сиз учун хушхабар бор, – деди у. – Энди сиз Mac жамоасида ишлайсиз. Кетдик.

Херцфельд унга Apple II учун бажараётган топшириқни якунлаши кераклигини айтди.

– Macintosh’дан қизиқроқ яна қанақа иш бўлиши мумкин? – деб ҳайрон бўлди Жобс.

Херцфельд Apple II учун DOS-дастурни тартибга келтириши ва уни бошқа ходимга бериши кераклигини тушунтирди.

– Бу вақтни бекорга кетказиш! – деб ҳайқирди Жобс. – Apple II’нинг кимга кераги бор? Бир-икки йилдан кейин уни биров эсламайди ҳам. Macintosh – компаниянинг келажаги ва сиз Macintosh устида ҳозироқ иш бошлайсиз! – Шуни айтганча Жобс розеткадан Apple II симини суғуриб чиқарди ва Херцфельд ёзаётган дастур ўчиб кетди. – Кетдик, – деди Жобс. – Мен янги иш жойингизни кўрсатаман.

Ўзининг кумушранг “мерседес”ида Жобс Херцфельдни, унинг компьютерини ва бошқа нарсаларини Macintosh офисига олиб келди.

– Мана сизнинг столингиз, – деди у Баррелл Смитнинг ёнидаги жойни кўрсатиб. – Mac жамоасига хуш келибсиз!

Херцфельд стол тортмасини очса, маълум бўлдики, бу ерда аввал Раскин ўтирган экан: у шошганидан нарсаларини, шу жумладан, самолёт моделларини олиб кетишга улгурмаган эди.

1981 йилнинг баҳорида Жобс ўзининг шўх тўдасига номзодларни қуйидаги принцип бўйича қабул қилди: улар ўзлари ишлаётган маҳсулотни қаттиқ севиб қолиши керак. Даъвогарларнинг айримларини у хонасига олиб кирарди. У ерда ёпинчиқ остида Mac модели турарди. У таъсирли ҳаракатланиб, қопламани очарди ва нима бўлишини кузатарди. “Агар номзоднинг кўзи ёнса, сичқончани ушлаб кўрса ва иконкаларни босиб кўрса, Стив жилмаярди ва уни ишга оларди. У Mac’ни кўрганда ҳамма ҳайратда қолишини хоҳларди”, – деб айтиб беради Андреа Каннингем.

Брюс Хорн Xerox PARC’да дастурчи бўлиб ишларди. Унинг айрим дўстлари, шу жумладан, Ларри Теслер Macintosh жамоасига ўтишга қарор қилганди ва Хорн ҳам бу ҳақда ўйлаётганди. Лекин бошқа компанияда унга сердаромадроқ шартнома, бундан ташқари, ишга кирса, 15 минг долларлик мукофот таклиф қилишди. Жума куни кечаси Жобс унга қўнғироқ қилди. “Эртага тонгда Apple’га келинг. Сизга бир нарсани кўрсатаман”, – дейди у. Хорн келди ва Жобс уни ўз томонига оғдириб олишга муваффақ бўлди. “Стив дунёни ўзгартириб юборадиган ўзининг ажойиб компьютери ҳақида шу қадар берилиб гапирдики, у ўзининг иштиёқини менга ҳам ўтказа олди”– деб эслайди Хорн. Жобс Хорнга пластик корпус қандай шаклда бўлишини, бурчаклар қандай мукаммал бўлишини, плата ичкаридан қандай ажойиб кўринишини кўрсатди. “У мени ҳаммаси миридан-сиригача ўйлаб қўйилганига ишонишга мажбур қилди. Ўҳў, бундай жўшқинликни ҳар куни ҳам кўравермайсан, дедим мен ўзимга. Ва Apple’да ишлашга рози бўлдим”.

Жобс ҳатто Вознякни ҳам ишга жалб қилмоқчи бўлди. “Унинг ҳеч нарса қилмаётгани менинг қонимни қайнатарди, лекин кейин ўзимни босиб олдим ва унинг кашфиётисиз Apple бўлмасди деб ўйладим”, – деб иқрор бўлди Жобс кейинчалик менга. Лекин дўстига ўзининг янги лойиҳаси ҳақида бафуржа айтиб беришга улгурмади. Воз ўзининг бир моторли Beechcraft самолётини ҳавога кўтармоқчи бўлиб, Санта-Крусда ҳалокатга учрайди ва мўъжиза юз бериб тирик қолади, лекин маълум даражада амнезия орттириб олади. Жобс соатлаб дўстининг олдида касалхонада ўтириб чиқди. Возняк эса вақтинча Apple’дан кетиб, ўн йил аввал ташлаб кетган Бёрклига қайтишга ва нима бўлса ҳам барибир диплом олишга қарор қилади. Талабалар рўйхатига Воз Роки Ракун Кларк сифатида киритилди.

Жобс лойиҳа фақат ўзиники бўлиши учун Раскин берган номни ўзгартиришга қарор қилди. Турли интервьюларда Стив компьютерларни “мия учун велосипедлар” деб атаганди. Велосипеднинг кашф қилиниши инсониятга кондордан (ўлимтикхўр қушдан) тезроқ ҳаракатланиш имконини берди, компьютерлар ёрдамида ҳам тафаккур самарадорлигини ошириш мумкин эди. Кунлардан бирида Жобс Macintosh бундан буён Bicycle – “Велосипед” деб номланиши керак деб айтади. Лекин жамоа янги номни нафрат билан қарши олди. “Биз Баррелл икковимиз ҳаётимизда бунақа аҳмоқона номни эшитмагандик ва уни бундай деб аташни рад этдик”, – деб эслайди Херцфельд. Бир ойдан кейин ном ўзгартирилиши ҳақидаги гап эсдан чиқиб кетди.

1981 йилнинг бошида Mac жамоасида йигирма киши ишларди ва Жобс кенгроқ офис топишга қарор қилди. Охир-оқибат ҳамма Apple’нинг бош биносидан уч квартал узоқликда жойлашган икки қаватли уйнинг иккинчи қаватига кўчди. Унинг ёнида Texaco автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаси бор эди ва янги маконни “Texaco миноралари” деб атай бошлашди. Дэниела Коттке Жобсни акциялар билан бўлган воқеа учун кечирмаганди, шунга қарамай, уни моделларни монтаж қилиш учун таклиф қилишди. Ажойиб дастурчи бўлган Бад Триббл шундай лавҳа ўйлаб топдики, унинг ёрдамида экранда автоматик тарзда “Салом!” деган ёзув пайдо бўларди. Офисдаги муҳитга жон киритиш учун Жобс жамоага мусиқий асбоб сотиб олишни буюрди. “Жобс фикрини ўзгартирмасдан биз Баррелл билан тезда бориб кумушранг кассетали магнитофон сотиб олдик”, – деб эслайди Херцфельд.

Тез орада Жобсни яна бир бошқа муваффақият кутиб турганди. Mac лойиҳасига раҳбарлик учун кечган курашда Раскин устидан қозонилган ғалабадан кейин бир неча ҳафта ўтгач, у Apple президенти лавозимидан Майк Скоттни ҳам кетказишга муваффақ бўлди. У бирмунча вақт ўзини ғалати тута бошлаганди: гоҳ дўқ-пўписа қиларди, гоҳ насиҳат берарди. У кутилмаганда бир нечта ходимни огоҳлантирмай ишдан бўшатиб юборгач, жамоанинг сабр-тоқати тўлди. Бундан ташқари, у соғлиғи билан боғлиқ бир қанча муаммога дуч келганди, масалан, кўз касаллигидан тортиб нарколепсиягача бўлган нохуш воқеаларни бошидан ўтказаётганди (руҳий ҳолатини айтмаса ҳам бўларди). Скотт Гавай оролларига таътилга кетганида Марккула уни ишдан бўшатиш масаласини муҳокама қилиш учун топ-менежерларни тўплади. Кўпчилик, шу жумладан Жобс ва Жон Коуч бу қарорни қўллаб-қувватлади. Марккула вақтинча Скотт ўрнини эгаллади (умуман олганда, бу расмиятчилик учун эди), Жобс эса Mac лойиҳаси билан кўнгли тусаган ишни қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Стив Жобс

Подняться наверх