Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 27

8-боб. Xerox ва Lisa. Фойдаланувчининг график интерфейслари
Xerox PARC

Оглавление

Пало-Альтода жойлашган Xerox корпорациясининг илмий-тадқиқот марказига 1970 йилда асос солинганди (у Xerox PARC номи билан машҳур эди). Марказ рақамли технологиялар устида ишлайдиган маконни ўзида ифодаларди. У Xerox’нинг Коннектикутдаги қароргоҳидан тўрт ярим минг километр узоқда жойлашганди. Бу масофа фойда ҳақидаги фикрларга эътибор бермаслик имконини берарди (ҳеч бўлмаса, масофада бунга амал қилмасликка чақирарди). Бу яхши ёки ёмонлиги – бошқа масала. Алан Кей марказнинг теоретикларидан бири эди. Жобс унинг қуйидаги қоидаларини ўзлаштириб олганди: биринчиси – “Келажакни айтиб бериш учун уни дастлаб кашф қилиш керак” ва иккинчиси – “Дастурий таъминотни ишлаб чиқувчилар темир билан ишлашни билиши керак”. Кей ўзи Dynabook деб номлаган кичкина шахсий компьютер лойиҳаси устида ишлаётганди. У шу қадар оддий эдики, уни ҳатто ёш бола ҳам тушуниб олиши мумкин эди. Xerox PARC муҳандислари экранда қўрқинчли кўринадиган командалар қаторлари ва DOS-сўровлари ўрнига оддий фойдаланувчи учун тушунарли бўлган график ишлаб чиқа бошлаганди. Якунида улар сичқонча билан босиб очиш мумкин бўлган ҳужжатлар ва папкалардан иборат иш столини ўйлаб топишди.

Xerox PARC муҳандисларининг яна бир ғояси туфайли GUI график интерфейсни соддалаштиришга муваффақ бўлинди: маълумотларни растрли график шаклида чиқариш мумкин эди. Бунгача кўпчилик компьютерларда матнли интерфейс бўларди. Клавиатура тугмаси босилса, экранда одатда қора фонда совуқ нур сочадиган яшил чизиқлардан иборат белги пайдо бўларди. Белгилар сони чекланганлиги боис бажариш учун кўп команда бериш ва катта процессор қуввати талаб этилмасди. Растрли тизимда эса экрандаги ҳар бир пиксел компьютер хотирасидаги битлар билан назорат қилинарди. Экранда у бу нарсани, масалан, ҳарфни пайдо қилиш учун компьютер ҳар бир пикселга оч ёки тўқ бўлишни буюрар ёки дисплей рангли бўлса, рангни аниқларди. Бу катта ҳисоблаш қувватини талаб қиларди, лекин ажойиб ёрқин графика, шрифтлар ва лол қолдирадиган сифатли тасвир яратиш имконини берарди. Растрли тасвир ва график интерфейслар Xerox PARC компьютерлари моделларининг, масалан, Alto’нинг ва Smalltalk дастурлаш тилининг ўзига хос хусусиятларига айланди. Жеф Раскин уларни келажакдаги компьютерлар деб ҳисобларди ва Жобсни ҳамда Apple’даги ҳамкасбларини Xerox PARC’га боришга кўндирди.

Лекин бу осон бўлгани йўқ. Жобс Раскинни мижғов назариячи деб ҳисобларди, уни “бетайин қовоқбош” деб атарди. Раскин ўз томонига Аткинсонни оғдиришга мажбур бўлди. У Жобснинг наздида “даҳолар” тоифасига кирарди, фақат шундай йўл билан Стивни Xerox PARC лойиҳалари билан қизиқтиришга муваффақ бўлинди. Лекин Раскин Жобс нимани режалаштираётганини билмасди. 1979 йилнинг ёзида Xerox’нинг венчур инвестициялари билан шуғулланадиган бўлими Apple’ни молиялаштиришнинг иккинчи турида қатнашиш истагини билдирди. Жобс уларга шуни таклиф қилди: “Мен Apple’га миллион доллар маблағ киритишингизга изн бераман, лекин сизлар ҳозир PARC иш олиб бораётган барча лойиҳаларни менга кўрсатасизлар”. Xerox раҳбарлари рози бўлишди, компания Apple’га ўзининг янги технологиясини кўрсатишга қарор қилди, эвазига эса 100 мингта акцияни сотиб олади, ҳар бир акция нархи тахминан 10 доллар турар эди.

Бир йилдан кейин Apple очиқ акциядорлик жамиятига айлангач, Xerox’нинг улуши 17,6 миллион долларни ташкил этди. Лекин Apple ҳам битимдан катта фойда олишга муваффақ бўлди. 1979 йилнинг декабрида Жобс янги технологиялар билан танишиш учун ҳамкасблари билан бирга Xerox PARC’га келди. Жобс унга у ерда ҳамма махфий лойиҳалар кўрсатилмаганини билиб қолгач, у батафсилроқ намойишни талаб қилди. Бир неча кундан кейин янги тақдимот ўтказилди. Xerox’нинг ходимларидан бири Ларри Теслерга Жобсга кашфиёт ҳақида сўзлаб бериш топширилганди. У ўзи яратган маҳсулотга Жобснинг эътиборидан боши осмонда эди. Шарқий соҳилбўйидаги раҳбарлар янги технологиянинг қадрига етмаганди. Иккинчи маърузачи Адель Голдберг хоним эса ғазаби қайнарди ва нима учун компания бирдан энг махфий сирларини фош этишга қарор қилганини тушунолмай ҳайрон эди. “Аҳмоқона қарор. Турган-битгани ақлсизлик. Мен Жобс ортиқча нарсани билиб қолмаслиги учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим”, – эслайди Голдберг хоним.

Биринчи учрашувда Голдберг хонимнинг талаби қондирилди. Жобс, Раскин ва Lisa’нинг етакчи ишлаб чиқувчиси Жон Коучни Alto жойлашган залга олиб келишди. “Ҳаммаси аниқ қилиб режалаштирилганди. Биз, асосан, матнни қайта ишлашга мўлжалланган бир нечта иловани кўрсатдик”, – деб эслайди Голдберг хоним. Жобсни бу қаноатлантирмади ва у Xerox’нинг қароргоҳига қўнғироқ қилиб, давом эттиришларини талаб қилди.

Бир неча кундан кейин уни яна PARC’га таклиф қилишди. Бу сафар ўзи билан бирга Билл Аткинсон ва Apple дастурчиси Брюса Хорнни олиб келди. У аввал Xerox PARC’да ишлаганди. Улар иккови нимага эътибор қаратиш кераклигини билишарди. “Мен ишга келганимда ҳамма питир-питир юрганди. Менга Жобс ва унинг дастурчилари конференцзалда эканини айтишди”, – деб сўзлаб берди Голдберг. Унинг ҳамкасб муҳандисларидан бири меҳмонларни матнларни қайта ишлаш дастурлари билан овунтиришга уринарди. Лекин Жобсга бу маъқул келмади. “Бу арзимас нарсани бизга кўрсатишни бас қилинг!” – деб бақирди у. Xerox ходимлари бироз маслаҳатлашиб олиб, сирни сал очишга қарор қилишди: Теслер Жобсга дастурлаштириш тили бўлмиш Smalltalk’ни, лекин фақат очиқ демоверсиясини кўрсатадиган бўлди. Голдберг гуруҳ раҳбарини шундай деб тинчлантирди: “Бу Жобснинг миясини гангитиб қўяди. Бу махфий ахборот эмаслиги унинг хаёлига ҳам келмайди”.

Улар янглишди. Аткинсон ва бошқа дастурчилар Xerox PARC томонидан чоп этилган мақолаларни ўқишганди ва уларга маҳсулотнинг барча хусусиятларини кўрсатишмаганини дарров фаҳмлаб олишди. Жобс Xerox венчур инвестициялари бўлими бошлиғига телефон орқали шикоят қилди. Компаниянинг Коннектикутдаги раҳбарлари илмий-тадқиқот маркази билан боғланиб, Жобс ва унинг ҳамкасбларига ҳаммасини бошдан-оёқ кўрсатишларини буюрди. Голдберг жаҳл билан залдан чиқиб кетди.

Теслер Apple ходимларига ўз ихтиросини тўлиқ кўрсатганида, улар маҳлиё бўлиб қолишди. Аткинсон экранга бошини тиқиб олгудай ҳар бир пикселга диққат билан разм солди. Жобс қўлларини силтаб, компьютер атрофида сакраб юрарди. “У бир сония ҳам жойида турмади. Қизиқ, у бундай аҳволда қандай қилиб кўра олди экан. Лекин Жобс мени саволларга кўмиб ташлаганидан хулоса ясасак, у ҳаммасини тушуниб турганди, – деб эслайди Теслер. – Ҳар бир ҳаракатимни у завқ билан бақириб қарши олди”. Жобс нима учун Xerox бу технологияни сериялаб ишлаб чиқаришни бошламаганини тушуна олмаганини такрорларди. “Бу ахир олтин кони-ку! – деб хитоб қиларди Стив. – Xerox бундан фойдаланиб қолмаганига ишонгим келмайди!”.

Smalltalk тақдимотида Жобс ва унинг ҳамкасбларига учта ажабтовур нарсани кўрсатишди. Биринчиси – компьютерлар тармоқ орқали бир-бири билан алоқада бўлиши. Иккинчиси – объектга йўналтирилган дастурлаш қандай ишлаши. Лекин буларнинг барчаси эътибордан деярли четда қолиб кетди: Жобс жамоасини энг кўп лол қолдирган нарса – бу график интерфейс ва растр тасвирли экран бўлди. “Кўзим мошдек очилиб кетди, – деб тан олди кейинчалик Стив. – Келажак компьютерлари қандай бўлиши кераклигини мен тушундим”.

Xerox PARC’даги учрашув тугаганидан кейин икки ярим соат ўтгач, Жобс Билл Аткинсонни Apple’нинг Купертинодаги офисига қайтариб олиб келди. Стив жуда тез юрарди, унинг хаёлидан фикрлар ҳам шундай тез ўтарди, лабидан сўзлар тез отилиб чиқарди.

– Бу ўша! Биз албатта уни ясашимиз керак! – деб бақирди Жобс. У айнан шуни, яъни компьютерни одамга яқинлаштиришни, дизайн Эйхлер уйлари каби замонавий ва қулай ҳамда исталган ошхона асбоби каби оддий бўлишини хоҳлаётганди.

– Бу лойиҳага қанча вақт керак? – деб сўради Стив.

– Билмайман, – деб жавоб берди Аткинсон. – Балки, ярим йилдир.

Бу, албатта, қалтис прогноз эди, лекин бор куч билан ишлашга рағбанлантирарди.

Стив Жобс

Подняться наверх