Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 32

11-боб. Воқеликни ўзгартириш майдони
Ўз қоидалари бўйича ўйнаш

Оглавление

Энди Херцфельд Mac жамоасига ишга ўтганида уни бошқа бир дастурчи Бад Триббл жуда кўп ишлашга тўғри келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Жобс лойиҳани 1982 йил январигача, яъни бир йилдан камроқ вақт ичида якунлашни хоҳлаётганди. “Бу бўлмаган гап. Улгурмаймиз”, – деб бунга ўз муносабатини билдирди Херцфельд. Лекин Жобс эътирозларни қабул қилмайди, деб жавоб берди Триббл. “Буни “Юздузлар йўли” сериалидаги термин зўр таърифлаб беради, – деб тушунтирди Бад. – Стивда воқеликни ўзгартириш майдони деб номланадиган хислат бор”. Херцфельд ҳайрон бўлди ва Триббл унга шундай деб тушунтирди: “Стив воқеликни ўзи хоҳлагандек ўзгартиради. Исталган кишини хоҳлаган нарсасига ишонтириши мумкин. У ёнингда йўқлигида ўзингга кела бошлайсан, лекин у қўйган муддат ўзгариб қолмайди”.

Триббл “Юздузлар йўли” сериалининг “Кўчманчи ҳайвонот боғи” эпизодидан бир ибора ўзлаштирилганини ёдга олади. Бу эпизоддда ўзга сайёраликлар “тафаккур кучи билан ўзининг янги дунёсини яратади”. У нафақат танбеҳ, балки мақтов эканлигини ҳам айтади. “Унинг воқеликни ўзгартириш доирасига тушиб қолиш хавфли, лекин айнан шу туфайли Стив воқеликни ўзгартира оларди”. Херцфельд дастлаб Триббл бўрттириб кўрсатяпти деган хулосага келди. Лекин икки ҳафта Жобс билан яқин мулоқотда бўлгач, ҳамкасби берган баҳога қўшилди: “Воқеликни ўзгартириш майдони унинг ўзига жалб этиш қобилияти, нотиқлиги, жиловлаб бўлмайдиган эркинлиги ва исталган ҳодисани ўзига керакли тарзда кўрсатишга тайёрлиги йиғиндисини ўзида ифодалайди”.

Херцфельд бундай сиқувга қаршилик кўрсатишнинг деярли имкони йўқлигини тезда тушунди. “Воқеликни ўзгартириш майдони ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсанг ҳам иш беради, – дейди у. – Биз ҳамкасбларимиз билан Стивни осмондан ерга туширишни кўп муҳокама қилардик, лекин охири таслим бўлардик ва ҳаммасини бор нарса деб қабул қилардик”. Жобс офис музлатгичидаги газли сувни Odwalla органик апельсини ва сабзи шарбатига алмаштиришни буюрганидан кейин жамоадаги кимдир кўкрагига “Воқеликни ўзгартириш майдони”, орқасига “Ҳаммасига шарбат айбдор!” деган ёзув туширилган футболка кийиб олди.

“Воқеликни ўзгартириш майдони” ибораси Жобс алдаяпти деб очиқдан-очиқ айтиш ўрнига ишлатиларди. Лекин у аслида ниқобнинг мураккаб шакли эди. Стив иш мана бундай аҳволда деб айтаётганида, гап тарихий эпизод ҳақидами ёки учрашувда айнан ким ғояни таклиф қилгани ҳақидами – ҳақиқат уни умуман ташвишга солмасди. У онгли равишда воқеликка эътибор бермасди, боз устига, воқеликни нафақат бошқалар учун, балки ўзи учун ҳам ўзгартирарди. “У ўзини алдай оларди, – дейди Билл Аткинсон. – Шунинг учун ўзи айтаётган нарсаларга бировларни ишонтириш унга иш эмасди, чунки унинг ўзи ҳам айтаётган гапларига чин қалбдан ишонарди”.

Албатта, кўпчилик воқеликни бузиб кўрсатади. Жобс бирор-бир мақсадга эришиш учун буни қўлларди. Возняк қанча ростгўй ва тўғрисўз бўлса, Жобс шунча олғир ва режали эди. Возняк Стивнинг усуллари нақадар самарали эканига ҳайрон қоларди: “У бўлиши мумкин бўлмаган нарсани тасаввур қилиб, реал воқеликни бузиб кўрсатарди. Мисол учун менга Breakout учун дизайнни бир неча кунда ёза олишимни айтарди. Бу имконсизлигини тушунардим, лекин охир-оқибат Стив ҳақ бўлиб чиқди”.

Mac жамоаси аъзолари унинг воқеликни ўзгартириш доирасига тушиб қолгач, ўзларини худди гипноз остида бўлгандек ҳис қилди. “У менга Распутинни эслатарди, – дейди Деби Коулман хоним. – Кўзини юммай, лазер каби тешиб юборадигандай қарарди. Сизга у бинафша ранг газли сув берса, сиз юз буриштирмай ичиб юборардингиз”. Коулман Вознякнинг фикрига қўшилади: воқеликни ўзгартириш майдони ҳақиқатан ҳам куч берарди. Шу туфайли Жобс Xerox ёки IBM каби гигантларга нисбатан камроқ имкониятга эга бўлса ҳам жамоага руҳ бериб, компьютер тармоғи тарихини ўзгартиришга муваффақ бўлди. “Ошириб кўрсатилган истаклар амалга ошарди, – дейди Коулман хоним. – Биз имконсиз ишни бажарардик, чунки унинг имконсизлигини билмасдик”.

Реал воқеликни бузиб кўрсатиш Жобс умумий қоидалар унга тааллуқли эмас, деб астойдил қаттиқ ишонишига асосланганди. Бунинг ўз сабаблари бор эди: болалигида у тез-тез ўз айтганини қилдира оларди. Лекин умумий қоидаларни писанд қилмасликка бўлган унинг ишончининг асосий озуқаси – бу унинг исёнкорона руҳи ва ўзбошимчалиги эди. Жобс у бошқаларга ўхшамаслигини, сараланганлигини, фикри тозалигини ҳис этарди. “У нодир одамлар кам ва улар Эйнштейн, Ганди ҳамда Стив Ҳиндистонда учратган гурудангина иборат деб ҳисобларди ва ўзини улардан бири деб айтарди, – дейди Херцфельд. – У бу ҳақида Крисэннга айтган. У ўзининг Фридрих Ницше каби фикри равшанлигига ишора қилганди”. Айтиш лозимки, Жобс ҳеч қачон Ницше асарларини ўқимаган, лекин ўзининг ақли билан унинг ҳукмронликка интилиш ва ўта қудратли одамнинг ўзига хос табиати ҳақидаги ғояларини идрок этган. “Зардўшт шундай деганди” романида қуйидагича айтилган: “Руҳ энди ўзининг эркинлигини хоҳламоқда, йўқотилган дунё ўз дунёсини топади”.[7] Агар воқелик унинг истакларига зид келса, Стив бу воқеликка эътибор бермасди, масалан, қизи Лизанинг туғилишига у ана шундай бепарволик билан қараганди, йиллар ўтиб у ўзига қўйилган диагнозга ҳам эътибор бермади. Ҳатто турмуш икир-чикирларида ҳам у ўзини гўё қоидалар ва умуман реал воқелик унга мутлақо алоқаси йўқдек тутарди: масалан, автомобилига рақам осиб юришдан бош тортарди ёки уни ногиронларга мўлжалланган жойларга қолдирарди.

Одамларни ва ҳодисаларни баҳолашга бўлган ёндашуви – Жобс дунёқарашининг яна бир муҳим жиҳатидир. Атрофдагиларни у “фаҳмли одамлар”га ва “тентаклар”га ажратарди. Иш натижаси ёки “супер” бўларди, ёки “ахлат”. Жобснинг таснифи бўйича “фаҳмли инсонлар” тоифасига кирадиган Mac жамоасининг дизайнери Билл Аткинсон буни шундай таърифлайди:

“Стив қўл остида ишлаш қийин эди, чунки у ҳаммани ёки моҳир устага ёки овсарга ажратарди. Бу икки тоифа орасида ер билан осмонча фарқ бўларди. Агар сен моҳир уста бўлсанг, сени супага кўтаришади ва сен хато қилишинг мумкин эмас. Орамизда Жобс моҳир уста деб ҳисоблаганлар, шу жумладан, мен оддий одамлар каби хато қилишимиз, панд ейишимиз мумкинлигини билардик ва у бизни ер билан битта қилишидан доим қўрқиб яшардик. Овсарлар бўлса (аслида эса ажойиб муҳандислар, меҳнаткашлар) улар нима қилмасин, Стив барибир улар ҳақидаги фикрини ўзгартирмайди деб ўйларди”.

Бироқ Стив ҳар доим ҳам қайсарлик қилмасди, айниқса, сўз одамлар ҳақида эмас, ғоялар ҳақида бораётган бўлса, бундай ҳолда у бир зумда фикрини ўзгартириши мумкин эди. Воқеликни ўзгартириш майдони ҳақида Херцфельдга айтиб бераётиб, Триббл Жобс юқори кучланишли ўзгарувчан токни эслатади, деб огоҳлантирганди. “Агар у бугун ниманидир зўр ёки расво деб эълон қилган бўлса, эртага ҳам у айнан шундай ўйлайди дегани эмас, – деб тушунтирди Триббл. – У билан янги ғояни ўртоқлашсанг, одатда у бу аҳмоқона ғоя деб жавоб беради. Лекин бир ҳафта ўтиб, агар ғоя унга ёққан бўлса, у сенинг ғоянгни худди ўзи ўйлаб топгандек сенга таклиф қилади”.

Безбетлик билан бундай гир айланиш Дягилевни ҳам лол қолдирган бўларди. “Агар битта далил иш бермаса, у дарров бошқа далилни топарди, – дейди Херцфельд. – Баъзан дастлаб сизга қўшилмай туриб, кейин бирдан фикрингизни қабул қилиб, одамни эсанкиратиб қўярди”. Жобс Xerox PARC’дан Теслер билан бирга ўзига оғдириб олган дастурчи Брюс Хорн билан доим шундай бўларди. “Унга бир ғоя айтаман. Стив бу жиннилик деб жавоб беради, – деб эслайди Хорн. – Кейинги ҳафта у ёнингга келиб шундай дерди: “Доҳиёна фикр хаёлимга келди!” – ва менга ўзимнинг ғоямни айтиб берарди. Мен унга “Стив, бир ҳафта олдин сенга шуни айтгандим!” десам, у “ҳа-ҳа” дерди ва мавзуни ўзгартирарди”.

Жобс миясининг микросхемасида унинг калласида беихтиёр пайдо бўладиган фикрлар авжини ўзгартирадиган қурилма йўқдек туюларди. Шунинг учун у билан мулоқот қилиш учун Mac жамоаси “паст частотали фильтр” номли тактикани ўйлаб топди. Кириш сигналлари устида ишлаб ходимлар унинг юқори частотали импульслари амплитудасини камайтиришни ўрганиб олишди. Бу маълумотлар олишни тенглаштириш ва унинг оҳиста ўзгарувчан ўртача кўрсаткичли феъл-атворига эришиш имконини берарди. “Стив ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа уришини кузатиб, биз унинг сигналларини фильтрлаш ва хафа бўлмасликни ўрганиб олдик”, – дейди Херцфельд.

Эҳтимол, Жобснинг беқарорлигига сабаб сезувчанликнинг етишмаслигидир? Йўқ. Аксинча. У жуда сезгир одам эди, бегона одамларнинг ҳиссиётини жуда яхши сезарди, кучли ва заиф томонларини кўрарди. Унга ҳеч нарсадан шубҳаланмаётган ўлжани бирорта ножўя ҳаракат билан довдиратиб қўйиш чўт эмасди. У унинг суҳбатдоши ўзини бирор ҳолатга солаётганини, ниманидир билишини ёки тўғри сўзлаётганини сезарди. Айнан шунинг учун у бошқаларни шундай моҳирлик билан кўндиришга, уларга тилёғламалик қилишга, уларни ишонтириш ва қўрқитишга муваффақ бўларди. “У бировларнинг заиф нуқталарини сезиш қобилиятига эга эди. Бошқалар унга ўхшаб камсита олмасди, Стивчалик ҳеч ким бировнинг уч пулга қиммат одамлигини сезишга мажбур қила олмасди, – деб тан олади Хоффман. – Умуман олганда, бу ҳамма толеи баланд инсонлар ва манипуляторларга хос. Сени эзиб ташлаш унга ҳеч нарса эмаслигини сен тушуниб турасан, ўзингнинг заифлигингни биласан ва унинг олдида мулозамат қилишни бошлайсан. Ва тиз чўкканингдан кейин у сени ўрнингдан турғазиб, супачага ўтқазади ва шундан эътиборан сен тўлиғича унинг ихтиёрига тушиб қоласан”.

Аксинчаси ҳам бўлган: таслим бўлмаганлар охир-оқибат енгиб чиққан пайтлар ҳам бўлган. Улар қўрққанидан, ёқишни хоҳлаганидан ва босснинг умидини оқлашни истаганидан яхшироқ ишларди. “У билан мулоқот қилиш тинкани қуритарди, лекин агар бардош берсанг, фақат ғалаба қозонишинг мумкин эди”, – дейди Хоффман. Баъзан Стивга жавоб қайтариб, нафақат жон сақлаб қолиш, балки ғалаба ҳам қозониш мумкин эди. Тўғри, бу ҳар доим ҳам иш бермасди. Раскин уриниб кўрди, қайсидир пайт у устун келди, лекин охири мағлубиятга учради. Бироқ агар ходим ўзини ювош ва тўғри тутса, у нима қилаётганини билишини Жобс тушунса, у ходимни ҳурмат қила бошларди. Унинг атрофида, ҳам шахсий ҳаётида, ҳам ишида лаганбардорлардан кўра кучли шахслар кўп эди.

Mac жамоаси ҳам буни биларди. 1981 йилдан бошлаб ҳар йили жамоа саросимага тушмай, Жобснинг сиқувига бардош бера олган довюрак ходимга мукофот топширарди. Албатта, мукофот ҳазил тариқасида бўларди, лекин бу ҳазилда ҳам оз бўлса-да ҳақиқат бор эди. Жобс буни биларди ва эътироз билдирмасди. Биринчи йили мукофотни Жоанна Хоффман қўлга киритганди. У Шарқий Европадан келган қочқинлар оиласига мансуб эди, кучли иродаси ва оғир характери билан ажралиб турарди. Мисол учун, бир куни Жобс унинг маркетинг стратегиясини бутунлай амалга ошмайдиган стратегияга алмаштириб қўйганини билиб қолиб, у унинг хонасига жаҳл билан бостириб киради. “Зинадан кўтарилаётиб, мен ҳозир пичоқни Жобснинг тўппа-тўғри юрагига тиқаман деб унинг котибини огоҳлантирдим, – деб эслайди у. Компания юристи Эл Эйзенштат Жоаннани ушлаш учун унинг ортида югуриб келади. – Лекин Стив ҳаммасини эшитиб турганди ва бекиниб олганди”.

1982 йилда мукофотни яна Хоффман олди. “Жоаннага, унинг Стивга қаршилик кўрсатишдан қўрқмаслигига ҳавас қилганим эсимда, у вақт менда журъат етишмасди, – дейди ўша йили Mac жамоасига ўтган Деби Коулман. – 1983 йилда эса ғалаба қозондим. Ўзинг ишонадиган нарсани ҳимоя қилиш кераклигини тушундим. Стив буни ҳурмат қилади. Шундан сўнг у лавозимимни кўтарди”. Вақт ўтиб Коулман ишлаб чиқаришга раҳбарлик қилди.

Бир куни Жобс Аткинсон муҳандисларидан бирининг хонасига кириб, одатдагидек у “ғирт ахлат” нарсани яратаётганини айтди. Аткинсон шундай эслайди: “Йигитча жавоб берди: “Йўқ, бу энг яхши вариант” ва Стивга ўзи устида ишлаган ечимни тушунтириб берди”. Жобс унга қўшилди. Аткинсон ўз жамоасини Стивнинг сўзларини оддий тилга ўгиришни ўргатди: “ғирт ахлат” аслида “нима учун бу энг яхши вариант эканини менга исботлаб бер”, деган илтимосни англатарди. Аслида ҳикоя бу билан тугамади, давоми янада ибратомуз бўлиб чиқди. Охир-оқибат ўша муҳандис Жобс танқид қилган функцияни мукаммаллаштирди. “Стив уни курашга даъват қилгани учун у уни такомиллаштиришга муваффақ бўлди, – деб айтади Аткинсон. – Албатта, Жобсга эътироз билдириш мумкин ва керак, лекин унга қулоқ солган яхши, чунки одатда у ҳақ бўлиб чиқарди”.

Жобснинг ғашни келтирадиган феъли қисман перфекционизм ва муддатларни ўтказиб юбормаслик ва бюджетдан четга чиқмаслик учун (оқилона равишда) муросага рози бўладиганларни ёқтирмаслиги билан изоҳланади. “Стив ҳеч қачон муросага келишга кўнмаган, – эслайди Аткинсон. – У перфекционист ва унга ҳамма нарсани назорат қилиш муҳим. Ўз маҳсулотини такомиллаштириш ҳақида қайғурмаган ишлаб чиқарувчилар унинг ғазабини келтирарди”. Мисол учун 1981 йил апрелда Ғарбий соҳил бўйида ўтказилган Компьютер кўргазмасида Адам Осборн биринчи ҳақиқий портатив шахсий компьютерни намойиш этди. У кичкина (диагонали беш дюйм экранли, кичкина хотирали) компьютер эди, лекин ёмон ишламасди. Осборн фахр билан шундай деди: “Унда энг зарур нарсалар бор. Унда йўқ нарсалар – ортиқчадир”. Жобсни ишга бундай муносабат ғазаблантирди, бир неча кун у тинчлана олмади – тинимсиз Осборнни масхара қилди. “У ҳеч нарсани тушунмайди. Бу санъат эмас, ахлат”, – деб такрорларди Жобс Apple йўлакларида у ёқдан бу ёққа юриб.

Бир куни Жобс Macintosh операцион тизимини ишлаб чиқаётган муҳандис Ларри Кеньоннинг хонасига кириб, тизим узоқ юкланаётганидан шикоят қилади. Кеньон тушунтирмоқчи бўлди, лекин Жобс сўзини бўлди: “Агар кимнингдир ҳаёти шунга боғлиқ бўлганида, сиз юклаш вақтини ўн секундга камайтира олган бўлармидингиз?” Кеньон ҳаракат қилиб кўрган бўлардим, деб жавоб берди. Ўшанда Жобс доскага ҳисоб-китобларни чизиб, Ларрига кўрсатди ва унга агар беш миллион киши Mac’дан фойдаланса, улар ҳар куни ортиқча ўн секунд сарфлашини, бир йилда бу қарийб 30 миллион соатни ташкил этишини, бу эса тахминан 100 та одам ҳаётига тенг эканини тушунтирди. “Ларрига бу таъсир қилди ва бир неча ҳафтадан сўнг у натижага эришди: тизим 28 секунд тезроқ юклана бошлади, – эслайди Аткинсон. – Стив у ёки бу муаммони глобал даражада кўрсатиб, ходимларни бир иш қилишга ундай оларди”.

Охир-оқибат бутун Macintosh жамоаси шунчаки фойдали эмас, балки биринчи навбатда, нодир маҳсулот яратишга бўлган Жобснинг интилишини тушуниб етди. “Жобс ўзини рассом, ижодкор деб ҳисобларди. Унинг таъсири остида дизайнерлар жамоаси ўзига ана шундай муносабатда бўлишни ўрганди, – дейди Херцфельд. – Мақсад рақобатчилардан ўзиб кетиш ёки кўпроқ пул ишлаб олиш эмасди: асосий мақсад – дунёда энг зўр компьютер яратиш эди, агар имкони бўлса, энг зўр компьютерларнинг ҳам энг зўрини яратиш эди”. Стив ҳатто шогирдларини Манхэттендаги Метрополитен музейидаги Tiffany кўргазмасига ҳам олиб борди, чунки улар кенг оммага мўлжалланган буюк санъат асарини яратишни Луис Тиффанидан ўрганиши керак деб ҳисобларди. “Биз Луис Тиффани ўз асарларини ўз қўли билан яратмаган, балки дизайнни бошқаларга топширган деб тез-тез муҳокама қилардик, – деб эслайди Бад Триббл. – Ва биз ўзимизга ўзимиз “агар биз ҳаётимизда нимадир яратсак, буни чиройли қилиб яратайлик, дедик”.

Шогирдларини ҳақоратлаш ва камситиш шартмиди? Йўқ, лоақал, бундай хулқни оқлаб бўлмайди. Ҳатто Macintosh ҳайратда қолдирадиган муваффақиятга эришган бўлса ҳам жамоани бошқа усулда рағбатлантириш мумкин эди. Жобснинг тинимсиз аралашуви ва импульсив хулқи туфайли бюджет харажатлари оширилди, муддатлар ўзгартирилди. Бу ходимларнинг иззат-нафсига текканини ҳам унутмаслик керак, кўпчилик ходимлар шунчаки синарди, сўнарди. “Стив жамоани даҳшатга солмай ҳам ўз айтганига эришиши мумкин эди, – дейди Возняк. – Менга ҳамма хотиржам бўлса, ҳеч ким уришмаса ёқади. Менимча, компания бир оиладек бўлиши керак. Мен Macintosh лойиҳасини бошқарсам, катта эҳтимол билан биз жўяли нарса ясай олмасдик. Лекин Стив ва менинг бошқарув услубим бирлаштирилса, натижа Жобс ҳаммасини бир ўзи бошқарганда эришилган натижадан яхшироқ бўларди”.

Жобс золимлигининг шак-шубҳасиз бир устунлиги бор эди: Стив Apple ходимларига инновацион маҳсулотлар яратишга интилишни сингдира олди, уларни мумкин бўлмаган нарсани бажаришга ишонтирди. Улар “Мен ҳафтасига 90 соат ишлайман ва бу менга ёқади!” деган ёзувли футболка кийиб юрарди. Жобсдан қўрққанидан ва унда таассурот қолдириш истаги туфайли улар кутилганидан ҳам аълороқ иш кўрсатишга қодир бўлиб чиқди. Боз устига, Стив жамоага кўпинча мақбул қарор бўлиб туюлган муросага боришни тақиқлаб қўйганди, агар муросага борилса, Mac’га сарфланадиган харажатларни камайтириш ва ишлаб чиқаришни тезлаштириш мумкин эди.

“Кўп йиллик иш давомида мен бир нарсани тушундим: агар ходимларинг ҳақиқатан ҳам яхши бўлса, уларга ёш болаларга қилган муомалани қилмаслик керак, – деб изоҳ берганди кейинчалик Жобс. – Улардан кўпроқ нарса талаб қилиш керак, шунда улар дурдона асар яратади. Mac’нинг биринчи жамоаси менга ўргатган нарса шуки, аъло даражали мутахассислар бирга ишлашни яхши кўради, сизни ўртача натижа қаноатлантириши мумкин, лекин бу уларга ёқмайди. Mac жамоасининг исталган аъзосидан сўранг. Улар бу фойда берган деб айтади”.

Кўпчилик бунга қўшилади. “Кенгашда Стив тез-тез “Галварс, сен доим орқанг билан иш қиласан” деб бақириши мумкин эди. Лекин мен жуда омадли инсонман, деб айта оламан, чунки мен у билан бирга ишлаганман”, – деб эслайди Деби Коулман.

7

Ю. М. Антоновский таржимаси.

Стив Жобс

Подняться наверх