Читать книгу Силаи раҳм. Роман - Зулфиябегим Адҳамзода - Страница 11

Силаи раҳм
Биринчи сабоқ

Оглавление

Шу кундан унга тузоқ қўя бошлади. Эрта тонг Анвар юз-қўлини ювиш учун ваннага кириб кетганида, Искандар унинг каравотини яхшилаб текшириб олди ва ўзининг пулларини санаб, ундаги рақамларни блокнотига бирма-бир ёзиб, жавонга жойлади. Анвар ҳам кийимини шу ерга қўйишини билиб, чўнтагига эллик мингни жой-лади-да, айнан унинг ёнига, худди пулини олиб қўйиш эсидан чиқ-қандек курткани илиб, ичкарига кириб кетди. Анвар бир чети кўриниб турган, бир кисса пулни олишига Искандар амин эди. Уни шу баҳона онасини хафа қилмаган ҳолда, уни уйдан чиқариб юбормоқчи бўлди. У режани аниқ тузиб чиққанди. Анвар унинг кетидан келиб, киссадаги пулни кўриб кўзлари ўйнаб кетди, беихтиёр пулга чангал солди, киссасига солмоқчи бўлди. Бироқ ичидан нимадир уни тўхтатиб қолди. «Нима қилаяпсан Анвар, сенга меҳрибончилик қилиб, совуқда қотиб қолмасин деб уйидан иссиқ жой берган одамларнинг пулини ўғирлаяпсанми,» деди ички бир овоз. У гоҳ пулга суқланиб қарар, гоҳ атрофга алангларди. У бу пул билан неча кун маишат қилиши мум-кинлигини ўйларди. Ҳаяжондан вужуди қизиб кетди. Балки биттасини оларман, билиб ўтирибдими, тушириб қўйдим деб ўйлайди тамом. Деди-ю, биттасини секин қўлига олди, Меҳрибон ая ичкаридан чиқа туриб, уни Искандарнинг чўнтагига қўл суқаётганини кўриб қолди. Бундан у ҳайратланмади, эшикни овозсиз ёпаркан, – эссиз, тарбия кўрмаган-да, – деди. Шу пайт хаёлига бир фикр келиб суюниб кетди. У куёвининг туғилган куни яқинлашаётгани учун, яхши куртка сотиб олган эди, уни олиб чиқди-да, энди столга ўтирган Анварни турғазиб, – Қани болам, шуни бир кийиб кўрчи, – деди.

– Нега, нима бу?

– Кеча пенсиямдан сенга атаб куртка олдим. Бир кийиб кўрчи, лойиқ келармикан?

Анвар минг ҳижолат билан курткани кияркан, кўзларини аядан олиб қочди.

– Бошингни кўтар болам, савлатингни бир кўрай қани, ярашганини қара. Тоҳир-а, Тоҳир. Буюрсин, муборак бўлсин.

– Керак эмас аяжон, нега овора бўлдингиз, ўзимнинг курткам ҳам ёмон эмас. Пул топсам, сотиб оламан ўзим.

Кирлигидан ялтираб, увадаси чиқиб кетган, йиртиқ курткасини, кўнгли оғримасин деб камситгиси келмади. Гап ичидаги гапни тушу-ниб ол дегандек, – У юпқа, ёмғир-қорга тўғри келмайди. Ҳали бир жойга ишга кирганинг йўқ. Нима ўғрилик қилиб топасанми? Ҳеч-да, мени болам ҳалол, бировнинг бир тийнига ҳиёнат қилмайди. Шунинг учун эски кийсам кияман-у, аммо меҳнатсиз ош керак эмас деяпсан-да тўғрими, сувингизни ичиб, тузингизни еб, дасмоянгизга ҳам ёпишаманми, деяпсан-да, вой, ҳалолгина боламдан ўргилай.

Анвар ундан бу гапни кутмаган эди. Бошига гурзи билан ургандан ҳам баттар таъсир қилди бу гап. Бу сўзларни айтгандан кўра, ингичка хипчинни сувга бўктириб савалагани-да, шу қадар аччиқ ботмаган бўларди. Курткани кийиб, икки четига китоб тўлдирилган, ўртасига 80-йилларнинг урфида бўлган, бир-иккита чинни идиш ясатилган жавонга ўгирилганча, куртканинг замогини ўйнаб, – билдимикан, йўғ-ей бўлмаса уйидан аллақачон ҳайдаб соларди. – деган хаёлда эсанкиради. Ая хонасига кириб, эшикни ичкаридан ёпиб, уни зимдан кузатди.

Анвар курткасини секин ечди, бояги пулни бироз киссасида ўйнади-да, виждони қийналдими, ёки қўлга тушганини пайқадими, бирдан важоҳат билан чиқиб пулни жойига солди. Қайтаётганида икки қўли билан кўзларидаги ёшларини артаётгани кўриб, кузатиб турган ая, – ҳа одам бўларкан. Виждонини сотмаган экан ҳали, – деб мийиғида жилмайиб қўйди.

Анвар хотиржам бориб жойига ўтирди. Ая келиб дарров унга овқат сузиб берди. Ҳеч нимага эътибор бермай, овқатни паққос тушираётганини кўриб, ая ўтирмади. Анвар, оғзини катта очиб, нонни ярмисини шартта узиб олди-да, унга қараб турган аяга:

– Ўтирмайсизми? сиз емайсизми? – деди оғзидаги овқати билан. Ая йўқ дегандек, бошини сарак-сарак қилиб бир четда тураверди. Анвар овқатини еб бўлиб, энди турмоқчи эди. Ая секин унинг қаршисига ўтирди, – Болам, овқатланиб бўлдингми?

– Ҳа раҳмат, жуда мазали бўлибди. Нега ўзингиз емадингиз? Ёки овқатланиб олганмидингиз? – деди кекириб. Ая чуқур хўрсинганча, Анварнинг саволига жавобан:

– Йўқ, мен ҳамма ўтирмагунча емайман. Бир куни Пайғамбари мизнинг (С.А.В.) олдиларига бир киши келиб, – мен овқатга ҳечам тўймайман, – дебди. Шунда Пайғамбаримиз (С.А.В), – овқатни ўзинг ейсанми ёки жамоат бўлибми? – деб сўрабдилар.

– Бир ўзим ейман, – дебди бояги одам. Шунда Пайғамбаримиз

(С.А.В), – овқатни оиланг, яқинларинг билан егин, жамоат бўлиб овқатланишда барака бор деган эканлар. Яъни, якка тановул қилади-ганларни Аллоҳ суймайди деганлар.

Аянинг бу гапидан Анвар дарров ўзига тегишли ҳулосанини олиб, уялиб бошини эгди. Искандар ваннадан чиқиб, Анвар билан ойисини кўриб, дарров бояги киссаси эсига тушди. Бориб қараса, пули жойида. «Ҳали улгурмабди, ёки кўрмаган. Кисовур, қўлимга тушасан барибир» деган хаёлда бошини сочиқ билан артганча улар ёнига ўтирди. Ая учта коса овқат сузиб келтирди, Анвар унга ҳам овқат сузилганини фаҳмлаб:

– Мен емайман тўйдим, —деди. Ая эса худди синамоқчи бўлган-дек, уни дастурхондан турмасликка ундади:

– Ўтир, биз билан озгина бўлса-да, егин болам.

Анвар ҳайрон бўлиб, ая Пайғамбаримиз (С.А.В.) нинг ҳадисларига амал қилмоқчи шекилли, майли бир-икки қошиқ есам бўкиб қолар-мидим, деган хаёлда қошиқни овқатга урганди, Искандар шартта уни қўлини тутди.

– Нима қилаяпсан?

– Овқат еябман.

– Ҳали уйни каттаси ўтирмади-ку, еяверасанми? – деди Искандар худди ўғрини воқеа жойида тутгандек. Анвар нега овқат қайта сузилганини, ая нега бошқатдан уни дастурхонга чақиргани, энди тушунди. Қараса, ая қўлини артиб, Анварга қараб жилмайиб турган экан. У аста стулга ўтириб, – Бисмиллаҳир раҳмоннир роҳим, – деб нонни ушатди. Косадаги овқатдан қошиқни учида олиб, оғзига солди ва йигитларга ҳам, олаве-ринг, мен бошладим, – деди. Анвар бир қўлини мушт қилганча столга қўйиб, иккинчи қўлида қошиқни қаттиқ сиқиб, кутиб турган экан. Ҳайратланиб, – Бўлдими? Шуми? Кинода кўрганман, олдин нимадир ўқилади, кейин таомга ҳамма бирданига қўл уради, – деди. Искандар, Анварга худди жиннига қарагандек қаради-да бир ғазаб, бир ихтиёрсиз кулги билан, – Сен христянмисан? – деди.

– Йўқ.

– Мусулмонмисан? Ўзбекмисан? Ёки ойдан тушганмисан?

Ая Искандарнинг зардали, мўмин мусулмоннинг одобига зид, муомаласидан ғалати бўлиб кетди, шоҳига урсанг туёғи зирқирайди деганидек, қўлидаги қошиқни коса ичига енгилгина ташлаб юбор-ганини ҳам сезмай қолди. Маюс ютинганча, йигитнинг мўминлардан кўнгли қолмасин деб, Искандарнинг сўзини бўлди.

– Қўй болам, унақа дема, мўминнинг бир ажиб ҳислати бўлади.

Яъни ҳеч маҳал биродарини, нафақат биродарини, умуман ҳеч кимни камситмайди, силталамайди. Бошқа ҳеч бир миллатда учрамайдиган ҳушмуомулалик билан, бировнинг айбини юзига солмасдан йўл кўрсатади. Билмаслик айб эмас, ўрганмаслик айб, – у ўғлига дакки бериб Анварга ўгирилди. – Болам у сен айтаётган, бизнинг, мусулмон динининг одатларидан эмас. Улар олдиндан шукрона келтиришади, ўзига яраша дуоларини ўқишади. Аммо аслида, таомга еб бўлганидан сўнг фотиҳа тортиш керак. Боиси, насиб бўлса ейсан, насиб бўлмаса йўқ. Сониялар ичида нима бўлиши фақат Аллоҳнинг ўзигагина аён.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга икки мушриқ келиб, «қўлимдаги ризқимми ёки йўқми?» – дебди. Ризқинг десалар, ташлаб юбормоқчи, аксинча сенинг ризқингмас, деганларида еб ташламоқчи бўлиб турган экан. Шунда саллоллоҳу алайҳи ва саллам, – есанг ризқинг, мабодо улгурмасанг, ёки истамасанг демак ризқинг эмас дебдилар, – деб ҳадисдан мисол келтирди ая. – Биз мусулмонлар «Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм» деб иш бошлаймиз, ҳамма ишимизда. Искандарнинг энсаси қотиб, ўнг қўли муштумини бетига тираб ўтирганди:

– Бугун овқат еймизми ўзи, ёки дарс ўтамизми? —деди охири чидолмай.

– Сен еявер, менга гапиряптилар. Сен биласан, мен эса энди

эшитяпман, – деди аянинг гапларини жон қулоғи билан эшитиб ўтирган Анвар. Искандар хушламаётган ҳамхонасини устидан кулгандек:

Силаи раҳм. Роман

Подняться наверх