Читать книгу Силаи раҳм. Роман - Зулфиябегим Адҳамзода - Страница 9

Силаи раҳм
Қора ласетти

Оглавление

Кунлардан бир кун, шаҳарнинг унча гавжум бўлмаган кўчаларининг бирида, одамлар ўтиши учун мўлжалланган ёлғизоёқ йўл (тротуар) дан пича кенгроқ, машина сиғадиган, туман поликлиникасига рўпара бўлган, машина юрадиган йўлакда ўтириб, ким биландир ғўлдираб, хаёлидаги киши билан чунонам уришаётган бир пайтда, ортидан тим қора, янги салондан чиққанлиги шундоққина кўзга ташланиб турган Шевролет-Ласетти маркали машина унинг ёнидан ўтаётиб, гўё уни кўрмагандек туртиб юборди. Қора машина шунақанги ялтираб турардики, унинг эгаси каттароқ лавозимнинг тупроғига икки оёғи билан қаттиқ жойлашганлиги шундоқ маълум эди. Қуёшнинг нурида ялтираганидан унинг ичидагилар кўринмасди. Анвар ариққа йиқилди, аранг ўзини эплаб, йиртиқ шалварларини тортқилаганча, кирлигидан наматдек бўлиб, ёғи чиқиб ялтираб кетган, икки марта силанса таёқдек тикка турадиган сочларини ўзича ортига ташлаб, эгнидаги кимнингдир аҳлатга ташлаб юборган, ит тишлаб пахталарини сидириб ташлаган, биттагина тугмаси қолган нимчасини тўғрилаб туриб қаради. Машина ичидан басавлат бир йигит тушиб келди. Йигитнинг шимини рахи бузилмаган, ўзи Анварчалик табиатан келишган бўлмаса-да, ўрта бўйини унинг кийими савлатли қилиб турганди. Оппоқ кўйлагининг ёқалари худди тахт урилгандек, галстуги-ку ҳеч қўл тегмагандек, бирор ери қийшаймаган ҳам. Сочлари калта олинган, қўлидаги соатининг пулига ночорроқ оила бир ой кам-кўстсиз яшаса бўлади. У димоғини олдинга чўзганча машинани айланиб ўтди-да, орқа эшикни очиб, ичкаридан бир яшарлар чамаси болани қўлига олиб, ҳомиладор аёлини етаклаганича туман поликлиникасига кириб кетди. Улар шундай бахтли эдиларки ҳаёт завқини суришётгани шундоққина кўриниб турарди. Азбаройи эгни-боши кирлигидан, соқол муйлаби юзини қоплаб кетган, ундан анқиётган бадбўй ҳид сабаб, ўша йигит Анварни хайвонча ҳам кўрмади. Эътибор ҳам қаратгани йук. Атрофдаги кишилар кўрди-ю, бойваччага рўпара келишга чўчишди шекилли, кўрмаганга олишди. Тирноқлари қошиқдек ўсиб кетган Анвар, оёқда аранг туриб машина четини айланди, уни туртиб юборган бойвачча билан тортишмоқчи бўлди, шу баҳона ундан бир икки сўм олиш мақсадида алланималарни ғўлдираб турганида, бояги бойвачча ҳомиладор аёли билан боласини кўтарганича, келаётганини кўриб унга яқинлашди.

Анвар йигитни кўриб тошдек қотди, уни кайфи ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Рўпарасидан келаётган йигит хоҳласа ҳам ҳозир Анварни танимасди, лекин Анвар уни таниди. У ўша, бир пайтлар ундан қўрқиб сигарет олиб келадиган Дониёр эди. Ўз даврида Анвар уни папкасини ариққа ташлаб югуртирганини, ҳар куни уйидан пул олиб келиб бермаса, уни урганларини эслади. Қаранг, қандай бўлиб кетибди-я. Анвар уни таниб қолишидан чўчиб юзини буриб узоқ-лашди. Дониёр эса сархуш чолни (Анварнинг кўриниши 60 дан ошган бели букилиб қолган чолга ўхшарди) ниятини сезди шекилли:

– Нима қилиб машинам олдида ўралашасан алкаш, тур йуқол,

бўлмаса бошингни ариққа тиқиб қўяман, – деб ўдағайлади. Анвар ундан узоқлашаркан, кўзини қири билан кетгунича уни кузатиб турди, у дўстини кўрганидан ҳурсанд эмасди. Аксинча у ўзига ачиниб, ўз кийимларини унинг кийимлари билан солиштириб, ортидан аламли қараб қолди. Шу пайт гўё олам гардиши унинг устига қулади-ю, унинг сўқир кўзлари кўра бошлагандек.

– Ахир Донёр ҳам мен билан тенг-ку, нима учун мен уни олдида

Отасидекман? Шу қадар қариб кетдим? – дея ўзига савол берди.

Ўша куни у биринчи марта ҳаётини вайрон бўлганини, бу дунёда нотўғри йўлни танлаганини ҳис қилди. У бир четга бориб, аҳлатдан топиб, ҳали ейман дея кийимини ичига солиб олган, бир бурда нонни моғорлаган жойини олиб ташлагач, тишлади. Кўзларидан эса шашқатор ёш қўйила бошлади. Ўкиниб-ўкиниб, ортига қайтариб бўлмайдиган ҳаётига ачиниб йиғлади. Ахир мен ҳам шундай бўлсам бўларди-ку, ҳеч бўлмаса бир кичик уйим бўларди, машинам… нега ўқимадим? Нега ишламадим? Нега пулларимни маишатларга сарфладим? – деб у кўксига уриб-уриб йиғлади…

Силаи раҳм. Роман

Подняться наверх