Читать книгу Силаи раҳм. Роман - Зулфиябегим Адҳамзода - Страница 8

Силаи раҳм
Хат

Оглавление

Анвар уйига келиб, овқат қилди, кечга дастурхон тузади, онаси билан шу ҳақда маслаҳатлашмоқчи бўлди. Аммо она ўша куни уйга келмади. У, онам кечаси келиб қолса еб олар, деб овқат устига докани ташлаб уйқуга кетди. Эрталаб турса дастурхонга қўл тегилмаган. Оппоқ дока ноннинг устига қандай ёпилган бўлса шундай турар, атрофида иккита ҳира пашша, деразадан тушаётган офтобнинг илиқ нурида ғиз у ёнга, ғиз бу ёнга учиб Анварнинг ғашига тегарди, кечаги дастурхоннинг бузилмаганидан Анвар билдики, онаси келмабди. У жуда ҳавотир олди, ўзини қаерга қўйишни билмай тоғасига қўнғироқ қилди. Ака-сингил унча чиқишмаганлиги учун, уларнинг борди- келдиси йўқ. Тоғаси ота-уйига синглисини ташлаб, оиласи билан бошқа уйда турарди. Уч-тўрт кундан сўнг онасидан хабар келди, гўёки у Анварнинг тоғасига смс хабар юборибди:

«Ўғлим Анвар, сен катта бўлиб қолдинг. Мана мактабни ҳам битириб олдинг, энди ишга кириб ўзингни эпла. Мен сени деб ҳаётда нима кўрдим, умримни сенга баҳшида қилиб чарчадим. Мен ҳам яшашим керак-ку ахир. Ҳозир Туркиядаман, ҳаётимни изга солишим керак, шу сабаб ўзингни асра.»

Буни ўқиган Анварнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди, йигит бошига энди кўз ёшларини ушлаб қололмади. У тоғасининг олдида ҳеч нимани кўрсатмаса-да уйига боргач, бармоқларини тишлаганча овозини баралла қўйиб, дод солиб йиғлади. Унинг овозидан остидаги ер бош кўтариб унга далда бериш истагида ўз бағридан чанг тўзон кўтариб атрофга шамол турди. Ўйнинг деразалари шамолда силкиниб, гўё «мен ёнингдаман, сен ёлғиз эмассан» деётгандек очиқ деразадан кирган шамол унинг юзидан майин силарди.

– Наҳотки, ҳатто товуқ ҳам боласини қаровсиз қолдирмайди-ку Ахир. Нима учун? Нимага бу қадар бахтсизман? – дея куйиниб кетди шўрлик. Ўқишга киришга-ку кирди, барака топгур 12 йиллик мажбурий таълим уни ҳеч булмаса касб-ҳунарга ўргатади. Аммо у ўқишни ташлашига тўғри келди. Чунки энди уни қорин ғами ташвишга сола бошлади, уйида иссиқ овқат тайёр бўлса ўқийди-да. Кимдир унинг иссиқ-совуғидан хабар олса ўқийди-да. У энди ишлай бошлади. Кўчадан уйга кайтгиси келмасди. Тўғри-да, ўз онасигаки керак бўлмаган фарзанд, кимга ҳам керак? У ўз тенгларига қўшила олмасди, чунки уларнинг фикри Анварники билан тўғри келмасди. Тенгқурлари эришган мукофотлари, ота-онасининг ғамҳўрлиги ҳақида гапирса, у ўзини қаерга қўйишни билмай қоларди. Шунда у ҳаёт, унинг талай муаммолари, ва ноҳақликлари ҳақида гап бошлаши билан, дўстлари уни «дода» деб масҳаралашарди. Шу боис у ўзидан анча катта кишилар билан дўстлаша бошлади, улардан у нимани ҳам ўрганарди.

Майлику-я агар бир ақлли, ҳунарманд, ёки ҳаётда йўлини топиб, уни ҳам йўлга соладиган одамларга дуч келганида эди, балки ҳаммаси бошқача бўларди. Аммо унинг уйи борлигини эшитган текинҳўр, майпарастлар уни ўз бағрига олди. Худди Буратино эртагидаги кўр мушук Базилио ва айёр тулки Алисанинг Ахмоқлар водийси хақидаги чўпчагига лаққа тушгани каби, Анвар ҳам Уларнинг бир қарашда ёқимли сўзларига лаққа тушганди, улар айнан ўша икки фирибгар Буратинога беш сольдосини қандай кўмдирган бўлса, булар ҳам Анварга аламни унутиш йўлларини ўргатишди. У ҳам шу мақсадда ича бошлади. Ичкилик ҳидини сезган шериклар унинг атрофида парвона бўлиб қолишди. Аёл зотидан азбаройи жирканганидан Анвар уйланиш, оила қуришни унутди, умр ўтиб борарди. У ерда маишат, бу ерда маишат, топган пулини кўчанинг ўзида сарфлаб келадиган Анвар, ўттизни қоралаб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. У таниб бўлмас даражада ўзгарган эдики, дўстлари олдида у энди ҳақиқий чолга айланиб улгурди. У кўчаларда гоҳ-гоҳ ўзига келиб хаёлга чўмганча ўтирар, алла нималарнидир ўйлаб, ўзига ўзи жаҳл қилиб, кимлар биландир уришар, беўхшов сўзлар билан кўринмас ҳамсухбатини ҳақоратлар, гоҳида эса қотиб-қотиб куларди.

Силаи раҳм. Роман

Подняться наверх