Читать книгу Силаи раҳм. Роман - Зулфиябегим Адҳамзода - Страница 6

Силаи раҳм
Фахрий ёрлиқ

Оглавление

Шу аснода йиллар ўтиб бораверди. Анвар 4-синфни аъло баҳо билан тугатиб, йил якунида фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. У ўзида йўқ хурсанд, фахрий ёрлиқга қарарди-ю, онасининг табассумини, ҳайратини, қувончини тасаввур этди. Онасининг меҳр тўла қучоғида эркаланаётганини хаёлан ҳис этди. Ўша бир парча, ранг-баранг қоғоз, унинг учун жаннат боғларига элтувчи учар гилам эди гўё. Фахрий ёрлиқни бағрига босганча уйига яшин тезлигида югураркан, кўп қаватли уйларнинг торгина, офтоб нури қандайдир дақиқалар орасида мўралаб ўтиб кетадиган, заҳ босган кўчалари, унинг наздида кенг ва равон хиёбондек туюлиб кетди. Гўё қуёш ҳам айнан уни кўриш учун, шу тобда ушбу заҳ босиб, нураб бораётган кўчага назарини ташлагандек, бамисоли Анваржонни олқишлаб, фақат у томонга нурини сочаётгандек, дарахтларнинг барглари майин шабадада шитирлаб, унга қарсак чалаётгандек. Зиналардан чиқаркан, унинг жажжи бошида, ҳозир онам эшикни очсалар, биринчи фаҳрий ёрлиқни қўлларига бераман. Қувонганларидан мени кўтариб олади-лар, юзларимдан ўпиб, «болажоним» деб эркалайдилар деган хаёл билан, зинапояларни бирма-бир босишга тоқати йўқ Анвар, тезроқ чиқиб олай деб, иккита зинапояни бир уринишда босишга ҳаракат қиларди.

У эшикни тақиллатиб, фахрий ёрликни орқасига беркитиб олди. Хурсандлигидан оёғини учида зўрға турарди. Дам оёқ учида туриб олар, дам оёқларини жуфтлаб олар, дам сочларини тўғрилар, худди примера подюмга шайланаётган дебютант актёрдек ўзини қўярга жой топа олмасди. Афсус эшик унинг вақтини олаяпти-да. Ким ўйлаб топганикин шу эшикни, деб жаҳл ҳам қилиб қўяди. Эшикни ичка-ридан очилаётганини эшитганида, Анварнинг баданидан чумоли юриб кетгандек этлари жимирлаб кетди, сабр қила олмай эшикни итара бошлади. Эшикни Анварни зарбидан тўхтатиб қолиб, қия очган онаси Анварга қаради ва жаҳл билан, – Намунча эрта келмасанг, бор кўчада ўйнаб тур, уйда меҳмон бор. – деди. Анвар уйга киришга интилди. У онасининг бағрига тезроқ отилгиси келаётганини қани энди онаси билса! Ярим яланғоч эркакни онасининг ётоғида кўриб ҳам ҳеч нарсани тушунмади. Онаси эса болани ёқасидан тортиб, – Қаерга киряпсан? Нима дедим, бор кўчага, – дея ташқарига итариб чиқарди. Болакай юзига ёпилаётган эшикка фахрий ёрлиғини бор кучи билан тутқазаркан, сўнгги дамгача у онасининг юзи ўзгаришини кутди. Аммо… аммо онаси ярми эшикка сиқилиб қолган қоғозни итариб, эшикни занжирлади. Эшик шу қадар қаттиқ ёпилди-ки. Анварнинг назарида худди битиб қолган қулоғи жаранглаб очилган-у, энди у ҳамма нарсани эшита бошлагандек.

Юзига ёпилган эшик уни батамом ўзгартирди. У гўёки бир зумда йилларни босиб ўтиб, катта бўлиб қолди. Ичкаридан кўриш учун мўлжалланган эшик тирқишидан кўз узолмай қотиб турарди. Ҳозиргина ҳатто ҳаводан қизғанаётган фахрий ёрлиқ энди зинадан пастга, патдек учиб тушди. Бинобарин энди Анварни бу, умуман қизиқтирмасди. Секин пастлаб бораркан, зинапояни силаганча, оёги остидаги ўша фахрий ёрлиқни босиб ўтганини ҳам сезмай қолди. У узоқ вақт кўчада ўтирди, кеч кирди, ҳамма уй-уйига кириб кетди. Анвар ҳали ҳам кўчада, оч-наҳор. Кўзидаги ёшини тўкмасди-ку, аммо лаблари титраганидан унинг дод солаётганини билиш қийин эмасди.

Кеч коронғисида ниҳоят ўша амаки уйдан чиқиб кетди. Анвар судралибгина кириб келди. Онаси ойнадан ярим белигача осилиб, ҳалиги эркакни кузатиш билан овора. Анвар папкасини судраганча ошхона тарафга юрди, онаси эса столга ишора қилиб:

– Дастурхонда қолганларини еб, ҳамма идишларни ювиб уҳла-

гин, – деди худди катта болага иш буюргандек. Ва ичкарига кириб эшикни ёпиб олди. Стол устида ноз-нематдан узум, иккита бўлак колбаса ва ярим баклашка кока кола колган экан. Анвар таниб бўл-мас даражада ўзгариб кирганди, у ликопчадаги иккита колбасага узоқ тикилиб ўтирди-да, худди бошига катта ташвиш тушган, ёки бор-будини ютқазган қиморбоздек, бир оёғига тирсагини тираб, тун ярмигача столга термулган кўйи ўтириб, тонгга яқин уҳлаб қолди. Шоира эрталабгача телефонда гаплашиб, янги маъшуқининг кўнгли-ни олиш билан овора эди. Улар катта режалар тузишар, Сардор янги русумдаги машинаси билан мақтанар эди.

Йиллар ўтиб, Анварнинг ўкишга умуман қизиқиши қолмади, бора-бора у иккичилар қаторига тушиб қолди. 7-синфда колганлиги учун уни синфдагилар устидан кулишарди, аммо у бунга унчалик эътибор бермасди, аксинча синфда йигитларнинг зўри (пахан) бўлиб олганди. Дўстлари (мактабни битирган Алишер ва Собир) уни сигарет билан таъминлаб турадиган бўлишди.

– Анвар, ану қиз нечиво экан лекин, – деди кунлардан бир кун Алишер.

– Қайси?

– Қизил папкали, – у Зилолани кўрсатди. Қиз Анварга ҳам ёқарди-ю, Анварнинг назарида, қиз бола бўлажак фоҳиша деган тушунча шаклланиб улгурганди.

– Нимаси чиройли? Ўзича фаришта, – деди унга жирканиб боқиб.

– Собир, ман айлантирими шу қиззи? – деди бошқа бир йигит.

– Йиғиштир! Сигаретдан ол ундан кўра, – деди Анвар. Унинг Аёл кишига нафрати шундок сезилиб турарди. Мактабни тугатаркан ҳамма ота-оналар болаларини табриклашини кўриб Анвар ўзига ачиниб кетти шекилли, кўз ёшини беркитиш мақсадида одамлар орасини зарда билан ёриб ўтиб, мактабдан яшин тезлигида чикиб кетди. Ўртоқлари мактабда хурсандчилик қилар, ўкитувчилар билан хайрлашар, ота-оналарининг меҳридан еттинчи осмонда эди. Анвар эса сув бўйидаги чинор тепасидан уларни кузатиб ўтирарди.

Силаи раҳм. Роман

Подняться наверх