Читать книгу Силаи раҳм. Роман - Зулфиябегим Адҳамзода - Страница 5
Силаи раҳм
Алифбе байрами
ОглавлениеОрадан йиллар ўтди, аммо Анварни жажжи ҳаётида ҳали ҳам куёш чиқмаганди. Биринчи синфга аранг етиб келган Анвар ўзида йўқ хурсанд. Биринчи синф. Ота-оналар болаларини етаклаб келишган, баъзилар эса то сўнги дарсгача ўғил-қизларини кутиб туришарди. Анвар ҳам онасини улар орасидан қидирарди. Онасининг вақти йўклигини биларди, аммо болаларча умид уни тарк этмасди. Ҳар доимгидек, Анвар ўзига иккита келадиган папкани орқасига осганча, кўча тошларини санаб уйига борарди. Шундай кунларнинг бирида у:
– агар аъло баҳоларга ўқиб, аълочи бўлсам онам мени мақтайди.
Мен билан фаҳрланади. Шунда мени борлигимдан уялмайди, – деб болаларча ўз олдига мақсад қўйди. У ота-оналар мажлисини интизорлик билан кутарди. Ҳаммадан биринчи онасини олдига югур-ганча бу хабарни етказишга шошиларди. Унинг жажжи аклида онам баҳоларимни кўриб, мени яхши кўриб қолади, деган туйғу жўш урарди. Аммо ота-оналар мажлиси тугул, ҳатто алифбе байрами ҳам худбин онасига қизиқ эмасди. Анвар уч ойда бутун алифбени ёд олиб, болаларнинг ичида кўзга ташланиб қолди. Иқтидори уни ўқитувчиларнинг эркатойига айлантирди. Тез орада алифбе байрам-ини куни тайин бўлди. Анвар уйнинг у бурчагидан бу бурчагига бориб, бор кучи билан берилган шеърларни ёдлар, уни онасига эшиттириб ўқишга ҳаракат қиларди. Онасининг ойнадан уза олмаётган кўзларини ўзига қаратишни, шеърларини эшитиб уни мақташини жуда истарди. Кунлар шунақанги тез ўтдики, байрам куни келиб қолганини ҳам сезмай қолди. У ўша куни қайта-қайта, бугун байрам, дея эслатавериб онасининг жаҳлини чиқарди. Онаси унинг кўйлагини апил-тапил дазмоллаб, мактабга жўнатиб юбориш пайида, Анвар эса эшикни ёпаётган онасига, – борасиз-а, – деди-ю, катта папкани елкасига осганча, чопқиллаб кетди. Байрам жажжи бола-ларнинг шеърлари, тайёрлаган саҳна кўринишлари билан жуда чиройли тарзда ўтди. Анваржон эшик тарафга қараб шеър ўқирди, ички илинж билан эшикдан кўзини узолмади. Ҳамманинг онаси келган, битта Шоира кўринмасди. У қайта-қайта ота-оналар орасига кўз югуртирди, балки онаси уларнинг орасида ўтиргандир, Анвар кўрмай қолгандир.
Ҳар эшик очилганида, Анварнинг кўзлари катта очилиб яшнаб кетар, бегона одам кирганини кўриб бир ҳўрсиниб қўярди.
Шоира эса шу тобда дугоналари билан маишат дастурхонида эди. У Отабекни кўнглини олишга уринарди. Отабек эса унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамади, аксинча маъсума аёлларни кўпроқ ҳурмат қилишини айтиб, Шоирани силталаб ташлади. Ўзини ёқтирмайдиган йигитларга суркалгунча, уларга ўзини хор қилгандан кўра ўғлининг байрамига келганида балки… ҳа балки.
Мактабда деярли ҳеч ким қолмади, байрам аллақачон тугаган. Аммо Анвар, онам келиб қолсалар, ҳеч ким йўклигин кўриб ранжий-дилар, дея кечга қадар мактаб дарвозасида онасини кутди. Қиш, қаҳ-ратон совуқ, атрофда тирик жондан фақатгина дайди ит, дарвозадан сал нарироқда чиқиндиларни титиб, ризқини излаяпти. Дабозадан икки уч қадам нарида, тагидан илдизлари азбаройи қавариб кетганидан, мактабнинг деворини ўрнидан силжитиб, қийшайтириб қўйган қари, ёввойи тут дарахтининг шоҳлари эса, бот-бот эсиб қўяётган совуқ шамолда, сумалакларини бир-бирига урганча, гўё болакайнинг дардини куйга солаётган бастакор каби майин садо бераяпти. Мактаб ҳовлисида болалар сирпанчиқ учамиз дея, дўнг-ликка сув қуйиб ҳосил қилган яҳмалак, ора-чора булутлар орасидан милт этиб тушиб қолаётган қуёшнинг нурида ялтираб кўриняпти. Анварнинг миттигина бармоқчалари музлаб қолди. У бармоқларини гоҳ курткасининг енги ичига тортиб иситмоқчи бўлар, гоҳ уларни иссиқ нафаси билан пуфлаб иситмоқчи бўлар, гоҳ бир-бирига ишқалаб яна чўнтагига солиб оларди. Этикчасидан сув ўтган шекилли панжа-ларини иситиш мақсадида турган жойида сакрарди, у сакраганида орқасидаги папкаси, у билан бирга силкиниб, ичидаги китоб-дафтарларининг овози шақиллаб асабига тегарди. Мактаб ичкари-сидаги қоровул уни кузатиб турди-да, чидолмай унинг олдига чиқди.
– Ҳей бола, сен нима қилиб турибсан? Уйинга кетмайсанми? —
Анвар қоровулдан чўчиб кетди, мушук боласидек кўзлари мўлтираб:
– Ҳозир ойим келишлари керак кутаяпман, – деди.
– Бўлмаса ичкарига кириб турмайсанми, совуқда шамоллаб, бир
касални орттирасан-ку бунақада, – деб бақирди болага жони ачиб.
– Раҳмат амаки, ойим мени кўрмай кетиб қоладилар.
– Сен уйга боравер, мен онанг келса уйга кетганингни айтаман
хўпми, болам. Ҳа демай қоронғи тушади борақол, – деди қоравул.
Лаблари кўкариб кетганидан бир-бирига баъзўр тегиб гапираётган Анвар хурсанд бўлиб, раҳмат амаки, – деди-ю уйига югуриб кетди. Анваржон кайфиятини туширмади, нима бўлибди, ойижонимга бай-рам ҳақида ўзим гапириб бераман, деб ўзини овунтирди. У уйига кетаркан ҳеч қаерга чалғимай балки, онам келаётгандирлар дея узоқ бўлса ҳам одамлар гавжум кўчадан юрди. Ора-чора ҳамма ёш жувонларга назар солиб борди. Шу алфозда у уйига келиб қолганини ҳам сезмай қолди. Уйининг деразаси ёпиқ. Чироқ ёқилмаган, демак ойим йўқлар, дея йўлак (подезд) ёнидаги ўриндиқда папкасини қўйиб, дераза тарфдан кўз узмай ўтирганида, кўзи илиниб уҳлаб қолди. Унинг ширин уйқусини кимдир бақириб, папкасидан тортиб бузиб юборди.
– Анвар болам, тур бизникига кирақол, қорнинг очиб кетгандир-
а, – деди эгнидаги қора мехли пальтонинг ёқасини, бир қўли билан гижимлаганча. Бувиси тенги келадиган, сочларидаги оқлари анчадан бери бўялмагани учун ўсиб кетиб, кўзга ташланиб турган Раҳима хола. Анвар уйқисираганча папкани қаттиқ қучоқлаб, ҳали ўзига келмаган кўзларини ишқалаганча, – йўқ қорним очмади. – деди.
– Қанақасига очмасин, қара қоронғи тушди-ю… – деди Раҳима хола Анварни қўлидан тортиб.
– Ойим қидириб қоладилар, киролмайман ҳозир келиб қолсалар жаҳллари чиқади, – деб, қўлини Раҳима холанинг қўлидан аммаллаб чиқариб олди Анвар. Узоқдан машинанинг фаралари ёниб, кулги овози эшитилди. Машина кўча бошида тўхтаб, ичидан бир ёш жувон тушиб келди. Сочлари жингалак қилиб олинган. Қоронғида унинг юзи яхши кўринмаса-да, аммо баданига ёпишиб, сонини аранг ёпиб турган кийими, калта палтосидан бу Шоира эканлигини дарров пайқаган қўшни, – майли яхши ётиб туринглар, – дея уйига кириб кетди. Анвар югуриб бориб онасини қучоқлаб олди. Оёғида зўрға турган Шоира Анварнинг зарбидан ортига йиқилишига сал қолди. Шоира машина ичидаги икки йигит ва бир қиз билан ноилож хайрлашди. Ундан келаётган ҳидга чидаб бўлмасди. Машина кетиб Анвар онасини қучоқлаганча чайқала-чайқала уйга кириб кетди.
Дунёнинг гардиши айланар экан, бу каби аёлларга фақат она мартабисини кўтариб турганлари учундир, балки болаларининг юзларидаги майин таббасуми, улар учун жаннатнинг олтин деворлари олдидан кетмай, унинг осмонларга тенг нақшинкор, дуру гавҳарлардан барпо бўлган, Аллоҳнинг соясида роббимизга ҳамд этиб турган икки шаффоф фариштадан таралаётган нурлар жилосида хамон тургандирлар. Балки Ўша жажжи, кулгисидан жаннатнинг овозлари қулоққа эшитиладиган, бўйлари жаннат боғларининг биргина ғунчасидан бўй олган, юзлари унинг кўшкидан андоза олган шу беғубор, Аллоҳнинг беминнат неъмати, аммо бизга омонат берилган, елкамизга юклатилган улкан маъсулият ва бурчимиз, у дунёю бу дунёмизнинг жаннат ёхуд жаҳаннам қилгувчи, бошимизга нурли тож ёхуд оловли занжир илгувчи, бағримизнинг жигар аталмиш нозик азосининг бир қисми, шу фарзанду-аржумандларимизнинг Аллоҳга илтижолари сабаб осмон бошимизга қуламаётгандир.
Аллоҳнинг вада қилган қиёмат даҳшатини ортга суриб турган-дирки, не-не жоҳил, бемеҳр ота-оналар, тўрт девор ичра осмонга нола қилганча, «онажонимни омон сақла эгам» дея қилган дуолари сабаб ўша бадбаҳт жоҳилларни ер ютмаётгандир.