Читать книгу ТАНЛАНГАН АСАРЛАР - - Страница 105

ЮГУРИК НУР китоби 1980 йил
ЁМҒИРЛАР

Оглавление

Бизнинг еримизни севиб, севалаб,

Ортда қолиб олис кўкдаги овлоқ —

Майсани тортқилаб ва юлқиб-ялаб

Ўйнаб ёғмоқдасан, ёмғир ёғалоқ.


Севгим қатрасидан жон топиб шеърим,

Орзум ёмғиридан сув ичгандай ўй,

Оби ҳаётингдан сенинг, ёмғирим,

Янги майсаларинг бўй чўзмоқда, бўй.


Сўлган майсалару қуриган дарахт

Ва гуллар хазонин йўқлар ёмғири.

Букун афсонадир мен учун, бир вақт

Отам айтиб берган ўқлар ёмғири.


Замин ўша-ўша, табаррук тупроқ,

Фақат унда дўнглар кўпайган бир оз.

Ёмғирим, шу дўнглар узра гул, япроқ,

Гиёҳлар ундиргил сен беэътироз.


Комил шеър умримга тилак бўлгандай,

Одамзод тилаги – олам камоли.

Олам фароғатсиз тин олур қандай,

Башарга ҳожатдир тинчлик ва толе.


Шоир шеър айтади, гўзал бадиҳа,

Аллома ақли-ла ҳалдир тилсимлар.

Хушхон, доруломон шу кунларга то

Кимлар омон етди, етмади кимлар.


Азиз дўстим билан йўл бошида биз

Икковлон турибмиз иримчи бўлиб,

Ўтамиз ҳаммадан олдин иккимиз

Намхуш майсалардан биринчи бўлиб.


Сўнгра анчагача, балки йил бўйи

Мақтовли гапларга зеб берамиз, зеб:

Биз билан бошланди наврўзнинг тўйи,

Ёмғир ва кўкламни бошлаб бердик, деб.


Ажиб бошланиш бу – хосиятли, пок,

Ҳамиша пок бўлсин бошланишимиз.

Ёмғирим, ҳар қалай нақл этур идрок:

Кўп жиҳатдан бирдир бизнинг ишимиз.


Ёмғир, сен ўхшайсан ишқ ила масрур,

Ҳаловатдан кечган ошиқ ҳолига.

Кўкдаги уйингни тарк этиб жасур,

Ўзни фидо этдинг ер жамолига.


Сендан баҳра олган ер қандай яшноқ,

Боғ қандай чамандир, япроқ гуркирак.

Севги зилолидан сафо эмган чоқ

Шундай тозармасми инсоний юрак.


Покланур дилларнинг энг чуқур қати,

Замин кўрки ортгай жаннатлар қадар.

Не кечарди Одам ва Ер қисмати

Ишқлар ва ёмғирлар бўлмаса агар.


* * *

– Кўклам ясантирган боғлар жаннати

Ранглар ёнишида билмайди тўхташ.

Шу ёниш, шу чаман – кўклам хилқати

Севги севинтирган юракка ўхшаш.


– Гиёҳсиз биёбон нимага таъбир,

Нимага қиёсдир шу кимсасиз дашт?

– Кўкламлардан олис саҳройи Кабир

Севги четлаб ўтган юракка ўхшаш.


ТАНЛАНГАН АСАРЛАР

Подняться наверх