Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 111
ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
«Менинг тўртликларим…»
ОглавлениеМенинг тўртликларим –
Менинг шўрликларим.
Гоҳи мўртликларим,
Гоҳи ғўрликларим.
Пасту баландларим,
Сўқмоқ, кенгликларим,
Гоҳи қирликларим,
Гоҳи ўрликларим.
Сиз ғамгин умримнинг саналарисиз,
Юрагимнинг синиқ ойналарисиз.
Аламларим янглиғ турлик-турликларим,
Бир шеър ҳижронида тортган хўрликларим,
Менинг тўртликларим.
Сиз – қалб осмонининг маҳзун шомлари,
Қурмаган уйимнинг мунглуғ ромлари.
Гоҳи рост сўзларим,
Гоҳи ўтрикларим,
Кўнгил кўчасида қилган кўрликларим,
Зорлик, хорликларим –
Менинг тўртликларим.
Сиз менинг бардошим,
Менинг сабрларим,
Бу дилсиз дунёда дилдан хабарларим,
Ўтган ёшликларим,
Кетган шўхликларим,
Гоҳи сўникларим,
Гоҳи нурликларим –
Менинг тўртликларим.
Сарғайган баргдайсиз,
Баргда – шабнамдай,
Кексайган дарахтим – ёлғиз онамдай.
Сўзга тутқун бўлиб топган ҳурликларим,
Фироқ куйларига умрий жўрликларим –
Менинг тўртликларим,
Менинг тўртликларим.
2007