Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 121

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
УМР САВДОСИ

Оглавление

Тушингда қуёшу қамар савдоси,

Ҳушингда ўтин ё кўмир савдоси.

Эмас бу тилло ё темир савдоси,

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Балки яқин бўлди олис манзилинг,

Нечун кузги баргдек титрайди дилинг?

Фақат пушаймонлиғ бўлмиш ҳосилинг,

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Тиниқ жилғалардай йилларинг қайда?

Кўзларингдан ўпган гулларинг қайда?

Бир қўлинг – манглайинг, бир қўлинг майда,

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Ким айтар кечирган сабру саботин?

Охир айро тушди эр билан хотин.

Сен ҳал қилармидинг алар ҳаётин?

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Айтганим бир дилнинг даъвоси эмас,

Бу нақл азалдан бекорга келмас:

Ҳовли-жой ё гилам савдоси эмас,

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Мен билдим нимадир ҳаёт ва ўлим,

Кўзёшлар суғормиш ўнг ила сўлим.

Кўнглимни кўтарма, эй сўлғин гулим,

Умр савдоси бу, умр савдоси.


Менинг анжуманим, хилватим ҳам шу,

Топган меҳнатим ҳам, миннатим ҳам шу.

Менинг етиб келган ҳикматим ҳам шу –

Умр савдоси бу, умр савдоси.


1997, 2008

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх