Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 113

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
МАЙЛИ

Оглавление

Энди нима деймиз? Ўзинг қол, майли,

Агарчи нондан ҳам Сўз ҳалол, майли.

Сендан баланд бўлса, юксакроқ бўлса,

Симёғочни кесиб, ўтга сол, майли.


Қирққил теракларнинг учларини ҳам,

Қурит томирлари – кучларини ҳам.

Баланд осмонларнинг қушларини ҳам

Айлагил пойингда поймол, майли.


Телеминорага ўрнат уйингни,

Кекирдагинг кериб, чўзиб бўйингни,

Бир ўзинг таратиб қўшиқ-куйингни,

Ўзинг маҳлиё бўл, ўзинг – лол, майли.


Қишинг ёздан ўзғир, ёзинг – қишингдан,

Ўзинг мамнундирсан қилмиш, ишингдан.

Биз нима ҳам дердик – сенинг ичингдан

Оқроқ бўлса мол ё қорамол, майли.


Лутфий боболардан ёд Адабиёт,

Шоҳ Бобурлар сурган от Адабиёт.

Мангуликка қадар дод Адабиёт,

Чўлпон, Фитратлари жонувол, майли.


Не-не улуғ зотлар умри сарғариб,

Ўтдилар Сўз узра музтариб, ғариб.

Бориб Навоийни тахтдан ағдариб,

Унинг ўрнига ҳам чиқиб ол, майли.


2007

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх