Читать книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - - Страница 6
Иккинчи қисм
ОТ АЙЛАНИБ ЯНА ҚОЗИҒИНИ ТОПГАНДА
Беназир шодиёна
Оглавление“Гулистон”даги йиллардан эсда қоладиган яна бир қувончли воқеа – Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинишим эди. Ёш ёзувчилар учун бу ҳолат беназир шодиёна ҳисобланарди. Уюшмага қабул қилинишнинг ўзига хос талаблари ва босқичлари бор эди. Биринчиси – камида учта китоби нашрдан чиқиши шарт эди. Яъни, адабиёт аҳли унинг китобларини ўқиб, баҳо бериб, “ёзувчи” деб тан олишлари лозим эди. Ҳозир отасининг пули етарли бўлса, мактаб ўқувчиси ҳам китоб чиқаряпти. У дамларда дастлабки тўплам ёшларнинг кўрик-кенгашида муҳокамадан ўтиб, нашрга тавсия этилиши шарт эди. Бу жараён ва нашриёт режасига киритиш ҳаракати бир қанча йиллар давом этарди. Айниқса, шеърий китобча чиқариш анча мушкул эди (Абдулла Ориповнинг биринчи китоблари 24 ёшларида нашр этилганини эслаш кифоя). Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниш маънавий-руҳий томондан кишига мадад бергани баробарида моддий рағбатлари ҳам мавжуд эди. Уюшма аъзоларига уй, автомашина, гилам каби бойликларни олиш имкони енгиллашарди. Уюшманинг энг сўлим жойлардаги ижод уйларига бориш ҳам мумкин бўларди. Лекин нашриётда китоб чиқариш жараёнига уюшмага аъзолик таъсир этмасди. Яъни, ёзувчининг аъзо ёки аъзо эмаслигига қаралмасди, асарнинг бадиий адабиёт талабларига жавоб бериши ёки бермаслиги, муҳими – белгиланган социалистик реализм ғояларига қанчалар мослиги эътиборга олинарди. Дастлабки китобларини бир амаллаб нашр эттириб, бир амаллаб уюшмага аъзо бўлиб олгач, 10-20 йиллаб китоб чиқаролмай юрганлар ҳам учраб турарди.
Биринчи китоблари нашр этилгач, уч тажрибали ёзувчидан тавсиянома олинарди. Кўпчилик ёшлар машҳурлардан тавсиянома олишга уринишарди. Мен ундай қилмадим. Ҳатто тоғам – Мирзакалон Исмоилийдан ҳам олмадим. “Тоғаси туфайли аъзо бўлиб олди”, деган маломат юкини кўтариб юришни истамадим. Суннатулла Анорбоев, Ваҳоб Рўзиматов, Ғани Жаҳонгировлар менга тавсиянома ёзиб беришгач, ҳужжатларни уюшмага топширдим. Ҳужжат топшириш билан қабул қилиниш орасида неча йиллар ўтиши Худогагина маълум эди. 5-10 йиллаб кутувчилар ҳам бор эди. Сабр билан кутиб юрганимизда ёшларнинг бахти очилиб қолди. Қайсидир мажлисда Шароф Рашидов уюшма раиси Комил Яшинга “Аъзолар орасида нега ёшлар кам?” деган танбеҳли савол берибдилар. Шундан кейин навбатдаги Бошқарув (устоз ёзувчилар даврасидан иборат ҳайъатни “Правление”, “Президиум” баъзи йиллари эса “Котибият” – “секретариат” деб атаганлар) мажлисида ўндан зиёд ёшларни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳаракати бошланди. Камина ҳам шу рўйхатга кириб қолишдан умидвор юрганимда уюшма ишларидан хабардор бўлиб юрувчи дўстлардан бири “Сиз қабул рўйхатида йўқсиз”, деб “тарвузимни қўлтиғимдан туширди”, умид чиннисини синдирди. Агар шу катта гуруҳ сафида ўтмасам, фантаст ёзувчининг қабул қилиниши осон бўлмай қоларди. Рўйхатда йўқлигимни яна 2-3 дўстлар айтишиб, “ҳаракат қилинг”, деб маслаҳат беришди. Қандай ҳаракат қилишим керак? Тоғамга югуриб бориб ёш боладай кўз ёши қилайми, менга раҳм қилиб, Комил Яшинга учрасинларми? Энг осон йўл шу. Лекин буни истамадим. Ўйлай-ўйлай, Асқад Мухтор ҳузурларига кириб, маслаҳат сўрадим. Гапимни эшитиб, Асқад ака ажабландилар. “Бундай бўлиши мумкинмас, рўйхатда номингизни ўзим кўрганман”, деб дарров телефон гўшагини кўтариб қабул билан шуғулланувчи одам билан боғландилар-да, сўнг менга кулиб қарадилар:
– Дўстларингиз сабрингизни синаб кўрмоқчи бўлишибди. Дадил бўлинг, кайфиятни яхшиланг. Қабул қилинувчилар рўйхатида борсиз.
1977 йилнинг 18 январь куни уюшма Бошқарувининг мажлисига таклиф қилдилар. Ўн (ёки ўн беш, аниқ ёдимда йўқ) ижодкор дўстлар ҳаяжон билан тўпландик. Ёзувчилар уюшмаси “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнидаги уч қаватли қадимий бинога жойлашган эди. Мажлис Комил Яшиннинг хоналарида бошланди. Ўртада қабулхона, чап томонда раис ўринбосари Рамз Бобожоннинг хонаси. Ҳаммамиз шу хонада кутадиган бўлдик. Тартибга кўра ҳар бир номзод битта-битта чақирилиб, алоҳида муҳокама қилинарди. Ўзбекистон ёзувчиларининг мажлиси рус тилида олиб бориларди. Номзод киргач, 2-3 ёзувчи у ҳақда гапириши, яъни оғзаки тавсиянома бериши шарт эди. Номзод бошқарув аъзоларининг саволларига жавоб бериши ҳам лозим эди.
Кенг хонага кириб салом бергач, довдираб қолдим. Бунда ўтирганларнинг барчасини яхши танисам ҳам, салобатлари босди. Мажлис котиби ҳужжатларимни олиб, таржимаи ҳолим билан таништиргач, Ўлмас Умарбеков сўнг Асқад Мухтор туриб камина ҳақида мақтов сўзларини айтдилар. Саволлар берилмади. Қувончдан гўё учиб чиқдим. Дўстлар менинг ҳазилкашлигимга кўникиб қолишган эди. Улар йиғилиб кутаётган хонага чиқиб, тўғри бориб Раис ўринбосарининг ўрнига ўтириб олдим-да, “қалай ярашдими?” деб сўрадим. “Ярашди, қуллуқ бўлсин”, деган ҳазил табриклар янгради. Буни эслашимдан сабаб, яхши ниятга фаришталар “омийн” деркан, ўн икки йилдан кейин чиндан ҳам шу ўрин, шу мансаб менга насиб этди.
У куни эса уйга шодлик ва қувонч қанотларида учиб бориб, уюшмага қабул қилинганимни айтдим. “У нима ўзи?” деб сўрашди. Бу воқеанинг ёш ёзувчи учун нақадар улуғ мартаба эканини тушунтиролмай қолдим. Ўйлай-ўйлай “Бу ёзувчиларнинг касаба союзига ўхшаган нарса”, дедим. “Ҳа, яхши” деб қўйишди. Ҳар бир ишхонада “профсоюз” деган ташкилот бор, ҳар бир ишчи-хизматчи унга аъзо бўлиши шарт. Аъзо бўлиш учун бировга ялиниб юрмайди, ҳужжат топшириб ойлаб, йиллаб кутмайди. Балки ишга кирган куниёқ мажбуран аъзо қилиб қўйилади ва ҳар ой аъзолик бадали тўлаб турилади. Уйдагиларнинг тасаввурида ёзувчи Тоҳир Малик ҳам шундай “профсоюз”га аъзо бўлиб келган эди. Шунинг учун шодиёнани шарафлаш маросими бўлмади. Аксинча, “попугим ўша заҳоти пасайди”, шукрки, ўшандан бери пастда. Ҳеч қачон “Мен Ёзувчилар уюшмаси аъзосиман”, демадим. Баъзилар мақола ёки ҳикоя остидаги имзода “Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси”, деб илова қилиб қўйишади. Менда ундай одат бўлмаган. Чунки, аъзоликни мартаба эмас, балки масъулият деб қабул қилганман.
Дарвоқе, мажлисдан кейин “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг ресторанида “ювиш маросими” – тантанаси бошланиб кетган эди. Аъзоликка ўтган ёзувчиларнинг ҳар биридан зиёфат учун 25 сўмдан тўпланди (ишга келиш-кетишдаги кира ҳақи, пешинлик таомланишга бир ойда шунча сарф бўларди). Янги аъзоларнинг дўстлари, тавсиянома берган айрим адиблар зиёфат дастурхони атрофида тўпланишди. Одатимга хилоф қилмай, ярим соатча ўтириб, чиқиб кетдим. Икки йил аввал Москвадаги кенгашга борганимизда бундан кичикроқ давра қурилганди. Егулик ва ичимлик буюрилаётганда мен: “Зиёфат буюриш ҳамманинг қўлидан келади, тўлаш-чи?” деб ҳазиллашганимда қрим-татар шоир Мамбет оға “Мен тўлайман”, деб тантилик қилиб эдилар. Мамбет оға Намангандаги бир хўжалик фермасида зоотехник эканлар, топиш-тутишлари биздан дурустроқмиди, тантиликлари шунга яраша бўлди. Эртасига ҳам бу зиёфат давом этди. Мамбет оға бу сафар ҳам тантилик қилмоқчи эди, Абдулла Шер “Ўртада пул тўплаймиз”, деди. “Мен бу халфана ошга қўшилмайман, сизлар пул тўплаб, тўлайсизлар, мен эсам тийин-тийинингизгача қайтариб олиб бераман”, дедим. Гапимдан кулишди. Зиёфат охирида официант ҳисоб-китоб қоғозини кўрсатгач, барчаларининг кайфи учиб кетди. Мамбет оға яна мардлик қилди. Мен “Рангларинг ўчмай ўтира туринглар, ваъдамни бажараман”, деб қоғоздаги рақамларга кўз ташлаб, менюдаги нархларга солиштирдим. Официантларнинг алдашини билардим, лекин бизга хизмат қилган йигитнинг нафси наҳангникидан баттар экан. Қарийб юз сўмга алдабди. Қоғозни олиб, ресторан раҳбарига учрадим. У рақамларни чўтга солгач, “нега даъво қиласиз, тўғри ҳисоблабди-ку?” деди.
– Қоғоздаги ҳисоб тўғри, лекин у биздан 95 сўм кўп олди. Бу пул жиноят кодексида катта миқдордаги алдашга киради, шикоят дафтарига ёзиш билан чекланилмайди, – деб унинг кўнглига ғулғула солдим.
Жиноят кодексини эслатишим унга таъсир этди. Бу шунчаки қўрқитиш эмас, ўтирганлар биргаликда “акт” деб аталувчи ҳужжатни ёзсалар, жиноят иши очиш учун кифоя эди. “Бир оз чой ичиб ўтира туринглар, масалани ҳозир ижобий ҳал этамиз”, деди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас, хизмат қилган официант яқинлашиб:
– Йигитлар, мени кечиринглар, бошим оғриб турган эди, хато ҳисоблабман, – деди.
– Бошингиз оғриса ўзингизнинг фойдангизга адашасизми? – дедим.
Йигит довдираб тургач, қўлидаги пулни узатди:
– Бу зиёфат менинг ҳисобимдан бўлди.
Мамбет оға пулга қўл узатган эдилар, мен чаққонлик қилдим.
– Ваъдамга кўра, пулни қайтариб олдим. Лекин номардлик қилмаймиз. Еган-ичганимизнинг ҳақини тўлаймиз, – деб ҳисобда кўрсатилган пулни официантга қайтардим. – Мамбет оға билан ҳисобни ўзинглар қилинглар, – деб туриб кетдим.
Мамбет оғанинг тантиликлари кўп давом этмади. Отаёрнинг дадалари гилам олиб кел, деб пул берган эканлар, бу пул бир ҳафтада тугади. Кунлари карам шўрвага қолди. Официант билан можаро бўлган куннинг эртасидан каминани “бўш жой йўқ”, деган баҳона билан ресторанга киритмай қўйишди. Бу ҳам менинг фойдамга бўлди, ресторандаги қиммат таомдан тийилиб, буфетдаги арзон бутерброд билан тирикчилик қилиб юравердим.
“Ўзбекистон” ресторанида бошланган зиёфат менга икки йил олдинги ўша воқеани эслатгани бежиз эмас экан. Ҳар ҳолда хўроз Москвада ҳам Тошкентда ҳам бир хил қичқиради. Ижодий сафарлар чоғи хўжаликлардаги зиёфатларда тўйиб еб-ичишга ўрганган дўстларимиз нафс жиловини бу ерда ҳам бўш қўйибдилар, емоқ-ичмоқ учун ҳақ тўлаш лозимлигини унутибдилар. Эртасига ишга келганимда, Мамадали қўнғироқ қилди:
– Жўра, яна эллик сўмдан йиғяпмиз. Кечаги пул етмай қолди. Жанжалдан зўрға қутулиб турибмиз. Мен ишхонамнинг гувоҳномасини гаровга қўйганман.
– Шунақа бўлиши сезилиб турувди, ҳар ҳолда эмаклаб кетган бўлсаларинг керак.
– Шунга яқин бўлди. Соат ўн иккига қадар қарзни тўлашимиз керак.
– Ранжисангиз ҳам, ароқхўрлик учун пул бермайман.
Бир оз гап талашдик. Пул бермадим. Мамадали ҳам, бошқалар ҳам мендан ранжишди, “зиқна” деган шарафли номга муносиб кўришди. Бу сатрларни ўқиётганларнинг айримлари “Кемага тушганнинг жони бир эди, дўстларга номардлик қилибсиз”, деб айблашлари ҳам мумкин. Пул ароқхўрликка сарфланмаганида сўраганларини берардим, ишонинг. Гап бу ерда ароқхўрликка пул қўшиб, гуноҳга шерик бўлишда эмас, мен ўзимча дўстларга танбеҳ бермоқчи эдим, бу ҳаракатим шамолга қарши қичқириш каби самарасиз эканини ўйлаб кўрмабман. Ўша кунларни эслай туриб, кундалик дафтаримни варақлаганимда айрим сатрлар диққатимни тортди. Назаримда бу сизларга ҳам қизиқ туюладигандай бўлиб, кўчира бошладим:
“13.01.77. Одамлар “умрим оқар сувдай ўтиб кетди”, дейишади. Уларнинг назарида умр гўё сув, сув эса беҳуда оқадигандай. Ҳолбуки, сувнинг қудрати, бажараётган иши кўзга кўринмайди. Менинг бир йиллик умрим (балки кўпроғи) оқар сув эмас, кўлмак сув каби ўтди. Ҳеч нима қилмадим. Ёзувчи бўлишни орзу қилган одам учун уят! Балки касаллик сабабчидир? Аммо йил ўн икки ой хасталанмадим-ку? Мен икки нарсага кучсизман: 1.Вақтимни тўғри белгилай олмайман. 2. Иродам кучсиз.
Одам довулга бардош бериши мумкин, ўзидан икки ҳисса кучли киши билан беллаша олиши мумкин, лекин ўз иродасини ўзига бўйсундира олиши мушкул! Узоқ йиллардан бери синайман, иродамга бас келишим қийин. Йил сайин сустлашаётганга ўхшайман. Ўзимни ўзим алдайман. Арзимаган нарсаларга чалғийман. Мия кераксиз нарсалар учун ишлаяпти. Куюнишларим ҳам беҳуда нарсалар учун. Менинг ёзганларим Болтавойга ёки Тешавойга ёқмасин, 100 одамнинг ўнтасига, борингки, олтмиштасига ёқмасин. Шунга ҳам азами? Адабиёт ўрмонини чопиб, кесиб юрган болтавойларнинг ўзи ким?! Ёзганларим Ўроқвойга ёқмаганмиш. Марҳамат, пули чўнтагида. Мен бугун баркамолликка даъвогар эмасман, ҳали хомлигимни ўзим ҳам биламан. Демак, ишлашим керак, ёзаверишим керак. Кўпроқ яхши нарсаларни ўйлаб, ота-онамни, қизларимнинг келажак бахтини ўйлашим керак. Қитмирлар атрофимда минғирлаб юраверишсин. Ахир холис дўстларим ҳам бор-ку?! Бугун дўстларимга бахт кулиб боқяпти. Ҳам хурсандман, ҳам хафаман. Хурсандлигим – меҳнатлари ўзлари орзу қилган натижани беряпти, ниятларига етишяпти. Дўстларимнинг умид қуёшлари чарақласа – менинг кулбам ҳам чароғондир. Хафалигим – ўзимдан. Дўстларим каби меҳнат қила олмаганимдан. Иродам бўшлигидан, дангасалигим эса кучлилигидан. Бўлар, бас! Ўттизнинг чегарасидан ўтилди, ёшлик ортда қолди! Ўйин-кулгулар ҳам чегаранинг у томонида қолсин энди! Энди фақат иш, фақат ижод! Балки иродани жиловлашга фурсат бордир. Қани, ҳаракат қилиб кўрайин-чи! Сергей мактубида “ни дня без строчки!” деб шиор ташлаган эди. Қўлда шу шиор, олға!
Москва сафаридан аввал “Алвидо, Отелло!” деган ҳикоямни пишитишим керак. Аввалги варианти қуруқ. Воқеа чет элга кўчирилса, миллийлик йўқолади. Ўзимизда бўлса, сюжет сусаяди. Эртаги кун шу ҳикоянинг ўйлашга, қани, нима чиқаркин? Ҳозирча ҳикояни Англия газетасининг сенсацион хабаридан бошлайман. Яъни, 8 йил илгари йўқолган бола топилади, кўриниши одам, ҳаракатлари ҳайвон. Яъни, у ит қилиб тарбияланган. Кибернетик эгизак интервью беради в.ҳ.к.
Эрталаб жисмоний тарбия машқи бажариладими?
14.01.77. Одамларда масъулият ҳисси ё туғма бўлиши керак ё эрта ёшликдан шу руҳда тарбияланиши шарт. Бўлмаса у умр бўйи бировларни қийнаб юради. Мана, бугун “Фалак” учун 802 сўм гонорар олдим. Ҳолбуки, пул 30 декабрда ўтказилган экан. Одамни шунча овора қилишди. Қарзлардан қутуларман, деб қувонган эдим. Хотинхўжанинг эрталабки гапи бошимга гурзи бўлиб урилди. Уйидан олиб келган тахталарим эвазига пул тўлашим керак экан. Қайнотамдан қолган тахталарнинг сараларини божам олиб кетган эди. Қолган-қутгани кичкина ҳовлини ивирситиб ётмасин деб олган эдим, менга шу тахталари керакмиди? Калта ўйлашим оқибатида пул учади-ю, кетади. Чирик тахталарини қайтариб олиб бориб ташлай, деб ўйладим. Майли, майдалашмай, пул кетса кетсин, обрў кетмасин…
Ишга келиб, кун бўйи иккинчи соннинг корректурасини ўқидим. Асқад акага кириб Ёзувчилар союзига қабул масаласини айтдим. Аммо шу ишим бекор бўлди. Индамай қўя қолганим маъқул эди. Союзга бугун бўлмаса эртага қабул қилишар. Бу нарса ёзишимга таъсир қилмайди-ку? Биров суриштирмайди ҳам. Баъзан калта ўйлаб қоламан-да, шуниси чатоқ!
Пиримқул Қодиров мен ҳақимда кўп ижобий фикрлар билдириб ёзибдилар. У кишига миннатдорлик билдиришим лозим. Уйларига бораман. Этакларидан маҳкам ушлашим керакка ўхшайди. Тоғамдан фойда йўқ. Шу пайтгача практик ёрдамларини деярли кўрмадим. Балки бу ўзим учун яхшидир. Ҳар ҳолда бу ёғидан умид қилмасам ҳам бўлади.
М. Саъдиновнинг уйида бўлдик. Аслида унинг кўнглида кири йўқ. Ақлли. Аммо муомалада озгина қусурлари бор, шуниси чатоқ. Ҳаётда адолатсизликлар кўп: савдогарлар чўнтакнинг тўла ёки тўламаслигига қараб, одамга баҳо берадилар. Илм аҳли чўнтакдаги “фан номзоди ёки доктори” деган дипломга қарайди. Бу шунчаки адолатсизлик эмас, илм ривожига салбий таъсир этувчи хатолик. Маҳмуд акани 1964 йил январидаги “Уфқ”нинг муҳокамасида холис танқидчи сифатида кўрганимдан бери у ўтган йиллар давомида ўзгаргани йўқ. Асарни амалдор ёки унвонли ёки унвонсиз адиб ёзганми, фарқи йўқ, тўғрисини айтади. Асарни мантиқ илми асосида таҳлил қилиб хулоса чиқаришни Маҳмуд акадан ўрганиш керак. Билими, таҳлил қобилияти ўнта фан докторига етарли, аммо чўнтакда докторлик дипломи йўқ, шуниси чатоқ. Яна чатоқ томони унда ички интизом йўқ.
Ж.С. ҳам бор эди, аввал яқин дўст эдик. Энди феълига тушунмай қоляпман. Ярим йилдан бери мен билан гаплашгиси келмайди. Айбим – укасининг институтга киришига ёрдам беришни истамаганимда. “Акангизга айтинг, ёрдам берсин”, деганда “Акам билан бу масалада гаплашмаймиз. Ўз укасининг институтга киришига ёрдам бермаган одам ўртоғимнинг укасига қарашадими?” деб тўғрисини айтсам ҳам ранжибди, “Оладиганини олмайдими?” дебди. Шу гапи билан мени ҳақорат қилганини наҳот фаҳмламаган бўлса? Ҳарбийда эканимда почта орқали таҳририятга келган қалам ҳақларини олиб, уйимга олиб келиб бериш ўрнига ўзига ишлатиб юборганини билганимдаёқ ундан узоқлашишим керакмиди… Гап пулда эмас, уйдагилар бу пулга муҳтож эмасди. Гап одамгарчиликда!
Тантана бошланар
ғаним уйида.
Дўстим хиёнат қилган бу онда.
Наим Норқуловни ҳурмат қиламан, яхши тарихчи олим, яхши одам. У кишида бирон қусур борлигини билмайман. Эркин Аъзам ва бошқа дўстлар билан бирга ўтирдик, зиёфат авж палласига кирай деганда мен мезбондан узр сўраб, бошқалардан эртароқ қайтдим.
“Ҳур қизлар”ни кўрдим. Ҳаяжонни баён этишга тил ожиз!
“Алвидо, Отелло!” ҳақида кўп ўйлаяпман. Калаванинг учи топилмаяпти. Қишлоқ ҳаётидан бирон ҳикоя ёзсаммикин? Умуман, менда жонланиш бошланганга ўхшаяпти, охири бахайр бўлсин.
Қишлоқ ҳаётидан ҳикоя ёзиш учун етарли гапларим бор. Эркин Аъзам, Тоғай Мурод каби дўстларим билан баъзи масалалар устида кўп баҳслашяпман. Улар Василий Шукшинга кўп тақлид қилишяпти. Тўғри, Шукшин буюк адиб. Лекин бир ғоясини мен қабул қила олмайман. Яъни, унинг фикрича энг тоза туйғули кишилар қишлоқда яшайди, ярамаслар шаҳарда! Шаҳар одамни бузади, деган фикрга қисман қўшилиш мумкин. Қишлоқда кенг ҳовли-уйларда яшаган одам шаҳарга кўчиб келса, унинг тор шароитларига кўникишга мажбур. Қишлоқда меҳмон шарафига қўй сўйилиши мумкин. Шаҳарда ҳам палов дамланади, лекин қўй сўйилмайди. Ваҳоланки, қишлоқда сўйилган қўйнинг ҳамма гўшти қозонга босилмайди. Меҳмон учун шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам бир кило гўшт кифоя. Лекин гап меҳмонни иззат қилишдами? Қўй сўйилса, иззатли, бозордан олинган гўшт пиширилса, иззатсиз бўладими?
Дўстларимнинг ҳикоялари мавзу, дард жиҳатдан бир-бирига ўхшаб қолаётгандай туюляпти. Бош қаҳрамон – қишлоқдан келган, шаҳарда ижарада туради. Замоннинг энг катта фожиаси – ижарада туриш. Энг ёмон одамлар уй эгалари! Шу эътирозимни айтсам, Эркин “Тоҳир ака, бу ҳақда биз билан баҳслашманг, сиз ижара нималигини билмайсиз, бу дардни ҳис қилмайсиз”, дейди. “Ана, холос, – дедим, – сиз ижара нималигини энди биляпсиз, мен ижара уйда туғилганман”. Машраб Бобоев менинг фикримни тасдиқладилар. Эркиннинг янги ҳикоясидаги ижарада турган йигитлар оз-оздан ичиб, юраклари сиқилиб, кўчага чиққанда ашула айта бошлайдилар. “Зиёфат пайтида ё кейин ашула айтиш ўрисларнинг одати, ўзбеклар кўчага чиқиб ашула айтмайдилар”, деб нозик жойдан ушладилар. Бу баёнлар Шукшиннинг таъсиридан эканлигини Эркин тан олмади. Шунақа ўжарлиги бор. Ёзувчи учун бу ҳам керак.
Соат бирга яқинлашяпти. Чарчоқ киприкларни босяпти. Дўстларни ғийбат қилишга мадор ҳам қолмади.
Тонгда жисмоний тарбия! Эртага “отбой” 2.00.да!”