Читать книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - - Страница 9
Учинчи қисм
“БИР ХЎРСИНИҚ БИЛАН ЭСЛАДИМ”
Анъанавий услубдан Ғарб сари…
Оглавление“Ҳамза”дан олдинми ё кейинми эсимда йўқ, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Галатепага қайтиш” асарининг қўлёзмасини ўқиб, фикримни баён этишга тўғри келган эди. Бу асарга нисбатан турли фикрлар билдирилиб, китобни нашр этиш муаммо бўлиб қолган экан. Муроджон Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Аммо унга қадар ҳам ўзига хос услубда ёзилган ҳикоялари билан назарга тушган эди. Мен Москвага борганимда албатта Муроджон билан учрашардим, чунки у кўп билим эгаллаган мароқли суҳбатдош эди. “Галатепага қайтиш”ни ёзишда ҳам бизда “анъанавий услуб” деган йўналишдан узоқлашилган эди. Шарққа нисбатан Европага хос услуб устун эди. Тўғри, ўқилиши қийинроқ, аммо асар фалсафий мушоҳадаларга бой, ўқувчини дунёни тўғри англашга даъват этарди. Каминанинг ижобий фикри масалани дарров ҳал қилди, демайман, ҳар ҳолда бу асарга бошқа хайрихоҳлар ҳам бор эди. Китоб нашр этилгач, 1982 йил насрий асарлар муҳокамасида фикр билдиришим лозим бўлди: “Мурод Муҳаммад Дўст китобда асарининг жанрини кўрсатмаган, ҳолбуки, “роман” сифатида икки марта муҳокамадан ўтган эди. Шундай бўлса-да, дастлабки таассуротларимни билдираман: Муроджоннинг романини балки “тажриба” деб сифатланиши тўғри бўлар? У шарқ ва ғарбнинг энг мукаммал услубларини чоғиштиришга, яъни синтез қилишга интилган. Шеъриятга сарбаст кириб келгани каби, насрга ҳам ғарб адабиёти нафасини сингдирмоқчи бўлган. Унинг бу журъатини табриклаб, ҳамда бу борада озми-кўпми ютуққа эришганини эътироф этиш керак. Муроджон қамрови кенг, билими чуқур ёзувчи. Илгари ҳикояларини фақат ғарб адабиёти руҳида ёзар эди. Миллийликдан анча йироқ эди. Мен “Москвага ўқишга бориб, ўзбекча ёзишни ўрганинг”, деб ҳазиллашган ҳам эдим. Бу ҳақда кичик давраларда, шунингдек, матбуотда ҳам фикрлар билдирилганди. Ёзувчи бу каби танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариб, муваффақиятга эришди. Муроджон қишлоқ тасвирини берганда, маҳорати аниқ акс этади. Романда жонли образлар сероб. Тасвирлар тиниқ. Ғайбаров фаол қаҳрамон бўлмаса-да, эсда қолади. Лекин роман иккига ажралганга ўхшайди. Бу ўша синтезнинг, дастлабки тажрибанинг оқибатидир балки. Муроджон яна бир нарсага эътибор қаратса бўларди: Ғайбаров отасининг бутунлай тескариси. У ўз ҳаётидан норози. Аммо нимага? Ёзувчи мана шу саволга атрофлича жавоб бера олмаган. Ғайбаровнинг хатти-ҳаракати тасвирланган, бироқ, юрак уриши, вужудидаги кечинмалар сиртига чиқарилмаган. Ғайбаров ва унинг шаҳарлик дўстлари руҳий кечинмалари ўқувчи учун сир бўлиб қолаверган…”
Муҳокамадаги бу фикрлар беғараз, холис тарзда айтилган бўлса-да, дўстимиз сал оғринибдилар. Орадан 5-6 йил ўтиб, шундай муҳокамада маъруза қилганларида Абдулла Авлоний ҳаётига бағишланган “Қалдирғоч” асарини анча беписанд оҳангда тилга олиб, “Тоҳир Малик шунақа асарлар ҳам ёзиши мумкин экан”, дебдилар. У пайтда камина Раъно Абдуллаеванинг қаҳрига учраган, дўстимиз эса опажоннинг меҳрига сазовор кезлар эди. Эҳтимол, шу нарса асарга холис баҳо беришга тўсиқ бўлгандир, деб ҳам ўйладим. Лекин бу гумоним асоссиз эди. Муроджон кимгадир яхши кўринишга интиладиган тоифадан эмасди. У унча-бунча асарни тан олмасди. Кўп асарларга ғарб адабиёти талаблари асосида баҳо берарди. “Қалдирғоч” шу талабларга жавоб бермагандир. Агар шундай бўлса, асарни таҳлил қилиб, танқидий фикрларини исбот этишларига нима халал берди, экан, ҳайронман.
Нашриётдаги муҳаррирлик фаолиятимда ёш адибларнинг китоблари билан ишлаш менга ҳузур бағишларди (чунки унда ўзим ҳам унча катта эмасдим). Айниқса, оғир юклардан кейин бунинг роҳати бошқача бўларди. Ёшларнинг китоблари орасида ёдимда қолгани Хайриддин Султоннинг “Бир оқшом эртаги” тўплами эди. Хайриддиннинг бир қанча ҳикоялари билан яхши таниш эдим. Унинг Бобур ҳақида ёзган “Саодат соҳили” қиссаси “Гулистон” журналида нашрга тайёрланаётганда устозларнинг юқори баҳоларини эшитгандим. Китоб ҳолида жамланган ҳикоялар менга адабиёт гулшанида ўзгача соф ва ёқимли шабада эса бошлаганидан далолат қилди. Олой маликаси – Қурбонжон додхоҳ (“Бунчалар ширинсан, аччиқ ҳаёт”), Абдулла Қодирий ҳаётидан сўзловчи (“Раъно гулининг суви”) ҳикояларини (муаллиф уларни “тарихий этюдлар” деб атаган), гарчи ҳажми кичик бўлса-да, мукаммал қисса ўрнида қабул қилиш мумкин эди.
“Олой маликаси – Қурбонжон додхоҳ 1865 йилдан то 1890 йилгача Помирда бир саркарда сифатида халқни ўз атрофига тўплаб, қўлида яланг қилич билан фон Кауфманга қарши курашди. У шу даражада жасоратли бир хотин эдики, ўғли Қамчибек Кауфман томонидан асир қилиниб, дорга осилаётганда, дор тагига келиб, ўғлига хитобан:
– Хайр, ўғлим, ота-боболаринг ҳам душман қўлида ҳалок бўлган. Шаҳид ўлмоқ бизга мерос. Сенга берган сутим оқ бўлсин! – дея олган ва отининг жиловини терс буриб, ўғлининг тортаётган азоб-уқубатларидан шартта юз ўгириб кета олган хотиндир”.
Мазкур ҳикоя Ғафур Ғуломнинг бу таърифидан илҳомланиб ёзилган бўлса керакки, асар бошига шиор қилиб қўйилган. Олой маликасининг бадиий асардаги қиёфасини Хайриддин биринчилардан бўлиб чиза олди. Шунчаки қаҳрамон она образи чизилмади, ҳикоя миллий-озодлик ҳаракати манзарасини акс эттирдиким, бу ўша пайт учун қаҳрамонлик эди.
Камина ҳам Абдулла Қодирийнинг мухлисларидан, ул зот ижоди ҳақида айрим фикрларни қоғозга туширганман. Лекин Хайриддин бу мавзуга мендан олдинроқ қўл урган ва мазкур тарихий этюдида шахснинг улуғлиги ва давр фожиасини ёрқин бўёқларда акс эттира олган.
Ёзувчининг энг катта ютуғи – асарларида (айниқса, “Чоллар палатаси”, “Чайладаги тўрт эркак”, “Ё, Жамшид”) ҳаётийлик-табиийлик кучли эди. Баъзи адибларнинг асарларида айнан шу куч етишмайди. У ҳар бир қаҳрамонини жону дили билан севади, меҳр билан тасвирлайди. Тилдаги равонлик ҳам ҳавас қилгулик эди. Руслар адабиётида ёки фанида шундай истеъдод пайдо бўлса “самородок” (соф тилла – ёмби) деб шарафлашади. Хайриддин етмишинчи йилларнинг ўрталарида ярқ этиб кўзга ташланган ёмби эди. Дастлабки китобларига жамланган ҳикоялар талабалик йиллари ёзилгани ҳам эътиборга молик. “Қадрли Тоҳир акага, муҳтарам муҳарриримга, соғлик-омонлик, ижодий қувончлар тилаб, миннатдорлик билан Хайриддин. 1.02.84.” деб дастхат ёзилган бу китоб менда илиқ хотираларни уйғотади. Ўшанда Хайриддин тарихий мавзу йўлида қатъий қадам ташлайди, энг яхши тарихий асарларни шу йигит ёзади, деб ўйлаган эдим…
Нашриётда яхши ижодий муҳит мавжуд эди. Дўстлар, ака-опалар билан аҳил ишлардик. Энг яхши кўрган шоирларимдан бири Шавкат Раҳмон билан ҳам шу нашриётда танишиб, қадрдонлашдим. Ажабки, у билан шеърият ҳақида гаплашмас эдик. Шавкат янги уй олгани учун мендан таъмирлашга доир маслаҳатлар сўрарди. Кейин Ёзувчилар уюшмасига Сарвар Азимовнинг ёрдамчиси вазифасига ўтди. Мен “Шарқ юлдузи”га боргач, асосий суҳбатларимиз энди ижодга тааллуқли бўлди.
Нашриётда менга ёқмайдиган бир нарса – айрим дўстларимиз ва акаларимизнинг деярли ҳар куни майхўрлик қилишлари эди. Майхўрликка ҳаракат пешинда бошланарди. Китоби чиқаётган ёки чиққан муаллиф келиб қолса, кўпчиликнинг чеҳрасида қуёш порлаб кетарди. Доим бировнинг ҳисобидан ичишмасди, бунақа текинхўрликдан улар узоқ эдилар. Ўзлари қалам ҳақи ёки мукофот пули олсалар, даврага аямай тўкардилар. Табиийки, камина бундай давраларда бўлмасдим. Янги иш бошлаган кунларим мени ҳам даврага тортишга, биринчи галда “эритиш”га уриниб кўришди. Бир куни акалар ўртага олишди:
– Нашриётда яхши анъаналар бўлгувчи эди. Янги ишга келганлар “эрир”ди… – деб мен томон имо-ишоралар қилишганда дедимки:
– Акалар, мени эритаман, деб овора бўлманглар, астойдил уринсанглар тошни эритарсизлар-у, аммо менга кучинглар етмайди. Гап хасисликда эмас, ўзингизга маълум мен бир жойда узоқ ишламайман. Иш жойим ҳар ўзгарганда “эрийверадиган” бўлсам, пачағим чиқиб кетади-ку?
Ҳазил тарзида айтган бу гапимдан кулишди, яна бир оз гапни айлантиришди-ю, тошдан қаттиқ эканимга ишониб қўя қолишди.
Шундай яхши жамоада ишлаб юрганимда яна иссиқ жойни совутишга тўғри келдики, бунда каминанинг мутлақо айби йўқ, деб ҳисоблардим. Кейин ўйласам, баландроқ мартаба жилваси ақлимни олган экан. Шу боис ўзимни оқлай олмайман.