Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 10
ШЕЪРЛАР
РУҲИМ ХАРИТАСИ
«Самолётлар учди. Учдилар йиллар…»
ОглавлениеСамолётлар учди. Учдилар йиллар.
Поездлар, шаҳарлар қилдилар парвоз.
Дарахтлар учдилар, учди кенгликлар,
Учди неча баҳор. Учди неча ёз.
Учди масофалар олиб васлингни,
Ер ҳам парвоз этди, учди беармон.
Сен севги аталган гулгун фаслингни
Ўтли тезликлардан сақладинг омон.
Йиллар осмонида учдик, севгилим,
Етмоқ-чун манзилга – бир-биримизга.
Булутлар бағрини ёриб чиқдик жим,
Бизлар учиб кирдик тақдиримизга.
Биз тиндик. Қалб сенга кўксини тутди,
Сочингга кўмилиб яшар бармоқлар.
Йигирма ёшимни кўчалар ютди,
Ўн саккиз ёшингни кўмди сўқмоқлар.
Шаҳарлар биз учун учмагай энди,
Поездлар биз учун боғламас қанот.
Бизни ўзимизга қолдириб, тинди
Йиллар осмонида бизнинг самолёт.
Бу ёғи… қанотнинг кераги йўқдир,
Бу ёғи жимгина ёнгувчи олов.
Севгилим, олдинда неки манзил бор,
Юракларнинг ўзи етказар яёв.
1977