Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 49

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
СЕНИНГ ВАСФИНГ

Оглавление

Қошларингни тасвирлайман,

Кўзларинг учун

Сўзлар қидираман – энг порлоқ сўзлар.

Сочларингни тасвирлайман,

Афсоналарнинг

Тушига кирмаган сўзларни топиб.

Лаблар очилади,

Садаф тишлардан

Оппоқ каптар каби учар қаҳқаҳа.

Қаҳқаҳангни тасвирлайман

Садаф сўзларни,

Акс садо берар сўзларни тизиб.

Ҳарир сўзлар билан чизаман

Ҳарир кўйлакларингни.

Баданларингни…

Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс

Ханжарлар ичида қилич сингари!

Ҳирот шоирлари куйлаб бўлдилар,

Шероз шоирлари аллақачонлар

Бахш этиб бўлдилар салтанатларни.

Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс!

Тоғларда эшилар чўпонлар найи

Илтижодай, ноласида сенинг тасвиринг.

Ўн тўққиз ёшдаги оқинлар бугун

Сочлари оқариб оламдан ўтди –

Достонлар қолдириб, узун достонлар!

Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс.

Тасвирингга оҳанглар қўшиб

Овулларда чанқовузларнинг

Ингроқлари янграр кечалар,

Энг қадимий ўхшатишларнинг

Тушига кирмаган ташбеҳлар билан

Мен ҳам сени тасвирладим-ку?!.

Сен эса беқиёс,

Ҳануз беқиёс!..


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх