Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 52

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
АҲМАД ЗОҲИР ХОТИРАСИГА

Оглавление

Мени тақдир эмас – қўшиқлар қувар.

Онам соғинчлари қолдилар яна

Айтилмаган сўзларида, дийдаларида.

Ичилмаган чойим қолар – қўшиқлар қувар,

Қувар фарёдланган йўллар қўйнига.

Бу кунларим,

бу саргашта кунларим менинг,

Фаслларим, тунларим менинг

Бари – чамадонда!

Бари – чамадонда!

Кетяпман онамнинг ёнидан,

Дардли жон-жаҳонидан!

Худди кетгандайин беҳишт ёнидан,

Онамнинг ёнидан,

тиззаларидан,

Кетяпман,

Кетяпман онамдан.

Сен-чи,

кетмоқдасан оламдан!

Мени ҳали севиб юришар,

Сени бўлса ошиқларинг

адо қилди севиб, суйиб,

Бу дунёнинг гулларига

қолдирдинг сен Шабнамингни5.

Мен ҳали гуллардан шабнам сўрайман.

Сенинг лолаларинг сўлди қабрингда,

Менинг лолаларим ҳали қалбимда,

Улар нолалардай лабимда.

Сен Худонинг паноҳига топширдинг уни –

Севгилингни асрайди Худо!

Мен эса, мен эса ўз севгилимни

Ҳали паноҳимда асраб юрибман.

Ҳали менинг виждоним – Севги.

Мен унинг муқаддас оятларидан

Йўллар яратгайман юраклар учун!

Йўллар – тилаклар учун!

Замондош қиличлар бор ҳали,

аммо

Ҳали Оғриқ яшар – менинг энг буюк

Замондошим бўлиб, эслатиб яшар

Энг буюк бурчларни,

Буюк қарзларни.

Ярим тун,

Қўшиқлар қувади мени.

Ярим тун,

сўзлар туғилади, сўзларки!

Олмалардай бергим келар севишганларга!

Қалбни жунжиктирмас совуқ осмонлар,

Шамоллар,

шамоллар эсар юртингдан.

Ҳали учрашамиз хотираларда

Зангори шамоллар тусида.


1980

5

Оташнафас афғон хонандаси 1980 йилнинг 4 июнида ўлдирилган. Яратганнинг қудрати билан айнан ўша куни туғилган қизининг исми..

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх