Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 56

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ҚАДИМИЙ БАҚТРИЯ ТУПРОҒИДА

Оглавление

Шукур акага

Бу саҳрода минг хил ташбеҳ

       кўмилгандир мен учун,

Ҳарфлар, ҳарфлар кўмилгандир –

       Қадим тиллар парчаси.

Бу ҳарфларда излари бор

       Искандар тулпорларин,

Ташбеҳларда – динлар муҳри,

Чингизийлар тамғаси.

Мана, ғорлар –

Мозийнинг кўз косалари сингари,

Ў, бир буюк маданият ётар

       мажруҳ, инграниб.

Синиқ-синиқ сополлардай

       парчаланган санъатим,

Қани сенинг шавкатинг?

Сулолалар ёнғинида ёнди тиллар,

       луғатлар,

Алифболар асрларнинг

       қумларига бўлди ғарқ.

Мен турибман…

Мана, ғорлар – деворлардан бесадо

Қушон ёзувлари боқар,

Шу ҳарфлардамисан, Шарқ?

“Бу йўллар кўп қадим йўллар”…

       Рост айтгансиз, шоирим.

Мен турибман

ботирлар қон тўкиб ўтган йўлларда.

Таҳқирланган сулувларнинг

       чинқириғи қувлаган

Шаҳарларнинг арвоҳлари

       изғиб юрган чўлларда.

Саволлардай қотиб турар

       теграмда саксовуллар,

Мозий мени босиб келар,

       Чалдиворлар ўрайди.

Тепаларнинг бағридан бир

       Ватан қўзғалиб ногоҳ,

Мендан номин сўрайди.


1981

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх