Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 53
ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
ТАЛАБАЛИКДАН СЎНГ
ОглавлениеМирзо Кенжабекка
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар айрилиқдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Дунёни забт этган қадим тангалар,
Давру давронлардан сўйлаб жаранглар.
Бизни кутмоқдадир қандай найранглар,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Яшил адирлардан лолалар кетган,
Олис тепалардан болалар кетган,
Дилларнинг қирраси кузларга етган,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Букун далалардан дараклар йўқдир,
Кўнгиллар ин қурган дарахтлар йўқдир,
Умрдан энг гўзал варақлар йўқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Бизнинг номимизга ёзмаслар қўшиб,
Гоҳ мискин янградик, гоҳида жўшиб,
Бир бўғиздан чиққан икки хил қўшиқ –
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Илғайман: аввалги таронам йўқдир,
Боисин айтмоққа баҳонам йўқдир.
Бу олам – маъниси мушкул туюқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Кимдир ризо биздан, кимдир норизо.
Сўзлар хилватини сен манзил этгил,
Мен дардимни айтай, сен таҳлил этгил.
Қадим қумликларда ‒ қадимий ёдим,
Қадим Бақтрия, қадим фарёдим ‒
Сенинг тарихингдир, менинг ҳаётим,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар қиёматдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетаётирмиз?
Кетган сайин ортга қайтаётирмиз –
Беҳзод рангларидай қирмиз йилларга,
Сўфи Оллоёрлар, Термизийларга.
1980, 2015