Читать книгу АСАРЛАР (I жилд) - - Страница 50

ШЕЪРЛАР
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
КУЗГИ ТАШБЕҲЛАР

Оглавление

Боғлар хўрсинади – яланғоч боғлар…

Худди дарахтларнинг гуноҳларидай

Оёқлар остида тўшалган хазон…

Гуноҳларин босиб бамайлихотир,

Дарахтлар

Ўзга фаслларга кетмоқда титраб…

Сени олдирмадим хазонларга мен,

Фаслларга ўғирлатмадим!

Йилқилар кишнади қир-адирларда,

Шерлар наъра тортди кузнинг изидан,

Бўрилар увлади тоғу тошларда,

Мен эса жилмайиб кузатдим кузни –

Кузатгандай мағлуб рақибни.

Яшинларнинг қиличи билан

Кесилгандир тунларнинг боши.

Ювилгандир ёмғирлар билан

Сўнган севгиларнинг хотира тоши.

Бу қароқчи юлдузларга мен

Нурларингни ўғирлатмадим.

Шубҳаларнинг туманларида

Йўқотмадим сени, асрадим.

Ўтган ошиқларнинг тупроғидир бу –

Хатосиз ўсдилар бунда дарахтлар,

Дарёлар оқдилар бунда хатосиз.

Аммо хато қилди ошиқ-маъшуқлар,

Улардан фарзандлар туғилди – хато!

Айблар тўпламини мен ёзолмайман,

Гуноҳ мажмуасин ёзсин гуноҳкор.

Сен турибсан, мана, сен софсан!

Мен софман – айрилиб кетолмаймиз биз:

Сенинг йилларингнинг ҳарир пардаси

Менинг қўлим билан кўтарилгандир.

Менинг йилларимнинг узуқ тугмаси

Сенинг бармоқларинг билан тикилган…


1980

АСАРЛАР (I жилд)

Подняться наверх