Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 20
ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
БУ МУҲАББАТ БОҒИДА
Оглавление* * *
Не ситамлар, эй санам, қаттол қўлингдан келдилар,
Соч, дедим мен, тайладинг – сочлар белингдан келдилар.
Келган эрса не балою не жафолар бошима,
Ўз тилим эрмас, сенинг шаккар тилингдан келдилар.
* * *
Бу муҳаббат боғида япроқ бўлибмиз иккимиз,
Хуш насимлардин ажиб титроқ бўлибмиз иккимиз.
Бунда гулдин гул гўзал, гул бўйни гул бўйниндадир,
Қўлни қўлга бойлабон сиртмоқ бўлибмиз иккимиз.
* * *
Қайда гул бўлса анинг ўз гулшани, ўз боғи бор,
Қайда боғ бўлса анинг ўз булбули, ўз зоғи бор.
Қайда бир булбулки бор, бағри анинг қондир мудом,
Қайда бир зоғ бўлса, кўргилким анинг бир доғи бор.
* * *
Кўзларинг янглиғ бу олам ичра чистон топмадим,
Юзларинг янглиғ бирор шамъи шабистон топмадим.
Йўқ эрур ёруғ жаҳонда сочларинг янглиғ шамол,
Ҳам сенинг қўйнинг каби дунёда бўстон топмадим.
* * *
Менинг афтода ҳолимни сенинг тавсанлиғинг айтсин,
Менинг ҳузну хазонимни сенинг гулшанлиғинг айтсин.
Биёбонларда Қайслар ҳам бу янглиғ куймаган эрди,
Менинг кул бўлганимни, лоларух, гулханлиғинг айтсин.
1990