Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 22
ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
КЎЧГАН ҚИШЛОҚ
ОглавлениеСувлар синиқ бунда, осмонлар синиқ,
Устунлар синиқдир, айвонлар синиқ.
Бир дастаси синган шалоқ арава
Қийшайиб, дунёга анграйиб қолмиш.
Чеҳралар уйлардай бунда нам тортган,
Қанчасига хаттот ғам қалам тортган.
Томлар тепасида қалтираган ой
Ёлғизин япроқдай сарғариб қолмиш.
Бир паноҳ истайди юпун шомларда,
Тераклар мисоли ўчган шамлардай.
Тандирлар, ўчоқлар, войишлар, толлар –
Барчаси бир бошдан зор, ғариб қолмиш.
Нега келдим бунга? Сездим дафъатан:
Эй менга дарёдай дил берган Ватан,
Чашмалар чашмини кўммиш хазонлар,
Сўқмоқлар тўрт ёнга тарқалиб қолмиш.
Дарчалар мўлтирар хор сағирлардай.
Ташландиқ чорбоғлар, ёнбағирларда
Ҳеч кимга кераксиз, кимсасиз шамол
Менинг изларимни ахтариб қолмиш.
1990