Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 27
ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
ЁСТИҚЛАР
ОглавлениеЕру кўк гирёндир, гирёндир ҳар ён,
Ҳар ёнда дарахтлар урёну урён.
Бир ёнда сен гирён, бир ён мен гирён,
Фақат икки ёстиқ қолгайдир ҳайрон,
Улар кўзларини ёшлаб кетмаслар.
Менинг икки ғамим, икки хомушим,
Сенинг нолишларинг, менинг товушим,
Энди гумон бўлди бунда қолишим,
Улар қолгайдирлар ёндош, қовушиб,
Мендай бир балони бошлаб кетмаслар.
Улар бир-бирларин қораламайди,
Биздай кўнгил бузиб, яраламайди,
Қадру қисмат танлаб, сараламайди,
Ёстиқлар ҳеч қачон аразламайди,
Ағёрлар қўлидан ушлаб кетмаслар.
Сен билан дунёда кула олмадик,
Бир гулгун жом бўлиб тўла олмадик.
Биз бир ишқ йўлида сўла олмадик,
Шу ёстиқларчалик бўла олмадик:
Улар бир-бирларин ташлаб кетмаслар.
1990