Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 21
ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
ФОЛ
ОглавлениеКунлар ўтар, сувлар ўтар, қайғулар ўтар,
Гулюзларнинг жаҳонидан кулгулар ўтар,
Кўнгилларнинг осмонидан туйғулар ўтар,
Қаторлашиб кўз олдимдан кўзгулар ўтар,
Мен қайдаман, қандай даму домларда қолдим?
Куйган диллар кул айлабон ўнгу сўлимни,
Гулзор эмас, кулзор қилмиш буткул йўлимни.
Ким ажратиб бергай бундан менинг кулимни?
Ойлар тўлган тунлардами ва ё кўнглимни
Тирнаб ўтган ҳилолтирноқ шомларда қолдим?
Самолардан кўкламларнинг видоси келур,
Юлдузлардан илдизларнинг нидоси келур,
Дилим узиб отсам агар юксак тоғларга,
Тошган сойлар аросидан садоси келур.
Қизғалдоқлар қон сачратган томларда қолдим.
Кўзлар бир кун севгимизнинг ёди бўлгайлар,
Умримизнинг айтилмаган доди бўлгайлар.
Сен кўзингнинг қаросида қароринг асра,
Оҳ, бу кўзлар токайгача жоду бўлгайлар.
Мен ушбу кун ўзга фолу ромларда қолдим.
Дунё букун хазонлиғдир, тонглари ўзга,
Кўксим ичра ишқнинг жангу бонглари ўзга.
Мен риёнинг минг рангини кўргандим, лекин
Боқсам меҳру вафонинг ҳам ранглари ўзга.
Тақдир тутган турли-туман жомларда қолдим.
1990