Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 4
ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
«Қирлардан бир яшил тўпламлар ичдим…»
ОглавлениеҚирлардан бир яшил тўпламлар ичдим,
Салсабил сойлардан кўкламлар ичдим.
Бу ёруғ дунёни ҳўпламлаб ичдим,
Ярми тўлқин, ярми сўлғин япроғим,
Хазонга қоришган баҳоринг менман.
Кўнгил мулкининг ҳам зулматлари бор,
Эй ой, қаролиқнинг туҳматлари бор,
Ишқнинг ҳам бир ажиб узлатлари бор.
Ярми ўчқин, ярми ёрқин чироғим,
Зулмат жаҳонида шароринг менман.
Эгнини эпкинлар чок этган эй гул,
Кўксини шабнамлар пок этган эй гул,
Саҳро юрагимни боғ этган эй гул,
Ярми ел, ярми сел саргашта боғим,
Сенинг қаноату қароринг менман.
Эй дунё, жонимни қовурган дунё,
Боримни елларга совурган дунё,
Менинг инграётган қовурғам дунё,
Ярми сас, ярми хас бўлгай тупроғим,
Кипригингга қўнган ғуборинг менман.
1990