Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 39

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР

Оглавление

Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди. Ўн йил ўтди.

Ўйламагил шунча йиллар енгил ўтди.

Бу тоғлардан селлар эмас, кўнгил ўтди,

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


Япроқлар ҳам қанот ёзиб қуш бўлдилар,

Сойлардаги тошлар ҳатто хуш бўлдилар,

Менга сенинг аллаларинг туш бўлдилар.

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


Ёлғон чиқди янгаларнинг миш-мишлари,

Буюрмади манга боғинг кишмишлари.

Битмас бўлди сенсиз дилнинг юмушлари,

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


Теракларим, мажнунгина толларим-ай,

Ҳолларима йиғлаб қадди долларим-ай!

Аёндир на кетарим, на қоларим-ай,

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


Ўтганимда хаёл бунда зап тойилар,

Ярқирайди ҳовлингдаги шафтолилар,

Лекин нега кўзларимга мунг тортилар?

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


Нақшлари ўрмалаган дарвозанг бор,

Қалдирғочлар талашгувчи ҳавозанг бор,

Менинг эса элда ғариб овозам бор.

Уйингдаги бешикларинг тиллоданми?

Дунёнинг бу ўйинлари Оллоданми?


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх