Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 30

ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
КЎНГЛИМ

Оглавление

Менинг кўнглим тамом бўлди. Аён бўлди:

Кўнглим ичра бир ҳовуч лахта қон бўлди.

Бир кундами, бир тундами, қачон бўлди?

Хўшлашибон тоғларим ҳам равон бўлди,

Бошим узра тоғларчалик тумон бўлди.


Урён шохлар зору абгор эгилади,

Шохлар аро ёлғиз юлдуз тикилади.

Осмонларим чокларидан сўкилади,

Ишқимнингми кукунлари тўкилади,

Дунёга ҳам жуда катта зиён бўлди.


Вафоси йўқ гўзалларидан айтайин:

Бири толу бири сарву бири қайин.

Барисидан энди буткул қўл силтайин.

Даҳр дилга қанча ўқлар отган сайин,

Бу қизларнинг қоши шунча камон бўлди.


Бир ён кўнгил, бир ёнда руҳ, арода мен,

Нелар қилса, шулар қилди, балода мен.

Гоҳи сарғиш, гоҳи қизғиш дарёда мен,

Хору хаслар бирлан бирдек фанодамен,

Қизил гуллар энди бизга гумон бўлди.


Тамом бўлди кўнглим. Не ғам, ўй бўлди бу?

Қандай ҳазин, қандай мунглуғ куй бўлди бу?

Қирчиллама йигитликда рўй берди бу,

Мени ёмон кўрганларга тўй бўлди бу,

Мени яхши кўрганларга ёмон бўлди.


1990

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх