Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 38
ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
ИЛИНЖ
ОглавлениеЮртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.
Алмашдилар сени ному рутбаларга,
Мунглуғ бўлиб қолдинг ботиб шубҳаларга.
Ҳилолларинг қайтар яна қуббаларга,
Мозийларга сўйлаб-сўйлаб зорларингдан.
Менга қадим минорлардан бир сас етар,
Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.
Менга дунё керак эрмас, бир хас етар
Яссавийлар ётган азиз ерларингдан.
Оқсаройга қай кунки юз бургандим мен,
Сўнмиш шону шавкатинг деб куйгандим мен.
Шеър айтишни сал-палгина ўргандим мен
Чинорларда йиғлаб ётган баргларингдан.
Бу дунёда кўнгилларга чироғ ёқсам,
Мозорларинг сукутидан сабоқ олсам,
Тиниққина булоқ бўлиб оқиб қолсам
Оллоёрлар назар қилган жарларингдан.
1991