Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 31

ШЕЪРЛАР
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
Ё РАБ!

Оглавление

Бир яхшига бир ёмонмас, минг ёмондир,

Ўн яхши бир, ўн минг ёмон бир томондир.

Замон ёмонларга боқар бир замондир,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Яхшиларни эзгил майли, синайвергин,

Тушида ҳам, ҳушида ҳам қийнайвергин.

Бошларига фалак тошин юргиз, лекин

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Меҳру карам пасту баланд нархлардадир,

Яхшиларнинг номи қора хатлардадир.

Ёмонларнинг коми тожу тахтлардадир,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Яхшиларнинг кўзёшини тўктир, майли,

Кўзёшига ўзларини чўктир, майли,

Бу дунёда яхшига кун йўқдир, майли,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Япроқларким, букун менинг боғим тўкар –

Фазл фаслим, ошиқлигим чоғим тўкар.

Қолғонларин кўксимдаги доғим тўкар,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Еру осмон яхлит сенинг измингдадир,

Ёлғиз нажот букун сенинг исмингдадир.

Ёмонлардин ўқлар элнинг жисминдадир,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил.


Яхшиларга адолатнинг йўли узун,

Ёмонларнинг тили узун, қўли узун,

Бас келмади бир эл, энди бас кел ўзинг,

Энг аввало ёмонларга инсоф бергил!


1990

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх