Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 41

ШЕЪРЛАР
УЙИНГДАГИ БЕШИКЛАР
СЕВГИ

Оглавление

(саволга жавоб)

Севги менинг кечмишимдир, бугунимдир,

Оловимдир, кулимдир ҳам кукунимдир.

Бу йўлларда охир бир кун тўкилгумдир,

Севги менинг кўнглимдаги тугунимдир.


Бу тугунни ечолмадим, ечолмадим,

Сиз ўйлаган дарёлардан кечолмадим.

Севги менинг эриб кетган қорим экан,

Сўнг бойчечак бўлиб унган зорим экан.


Якка-ёлғиз қолиб кетди мажнунтолим,

Мажнунтолим, хабар олгил, қийин ҳолим.

Севги менинг шовуллаган терагимдир,

Юлдуз куйган, ой йиғлаган курагимдир.


Қумга сингиб кетган тиниқ жилғам менинг,

Қумда лола унса агар илғанг мени.

Севги менинг найсон ювган кўйлагимдир,

Ўлгунимча ўйлагумдир, ўйлагумдир.


Қуёш кўрпа қавиб қўйган боғимдир у,

Кўксимдаги доғимдир у, доғимдир у.

Севги менинг мунисгина чироғимдир,

Дилга яқин, лекин кўздан йироғимдир.


Қанийди ўз қадамимни пухта қўйсам,

Бир хол бирлан бу савдога нуқта қўйсам.

Севги менинг ҳеч туганмас азобимдир,

Гувоҳимдир, гуноҳимдир, савобимдир.


Бутун умр шундай ўтар кўнгилларим,

Эй, сиз менинг гулгун ука-сингилларим,

Севги тиниқ кулгунгиздир, сақланг уни,

Сизнинг гўзал мулкингиздир, асранг уни.


1991

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх