Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 11
КУЙИНГДА КУЙ БЎЛДИМ…
Оглавление1
Куйингда куй бўлдим ошиқ мисоли,
Сохта ҳашамлардан юмилди кўзим.
Ҳайратларга кўмди исминг висоли,
Тилингдан туғилди ҳар битта сўзим.
Тиз чўксам тиз чўкиб ерга босдим лаб,
Потила сочимдан тупроқ тўкилди.
Яшадим: юракни маҳкам чангаллаб…
Айтгин! Сенга кимлар ёлғон букилди?..
Яғринимда ёнса қуёшинг акси,
Бошингда ўзимни подшодек сездим.
Қароғимга чўкди булутлар рақси,
Оғушингда ёниб шамолдек кездим.
Қайда товонимдан тўкилган излар,
Қадрдон манзиллар – менинг ерларим.
Сенинг қизларинг-ку мен севган қизлар,
Ватан – сен ҳақда-ку барча шеърларим!..
2
Сендан яралганман. Сенга доирман.
Агарким, ўлдирса ўлдирар фироқ.
Эҳтимол, ўзимча катта шоирман,
Афсус, йўргагингда гўдакман, бироқ.
Олис хотиралар гарчи нолалик…
Сойларда чўпчиган балиқлар қайроқ,
Толбаргакларингдан кўтариб байроқ,
Яшил қирларингда ўйнар болалик.
Райҳонли ҳовлилар салқин ва соя.
Аямнинг рўмоли. Тандирнинг тафти.
Қучоқ-қучоқ қилиб боғланган поя.
Дадамнинг кетмонда қаварган кафти…
Осмонга ўрлайди ўчоқ тутуни,
Мовий осмонингга термиламан жим.
Тузалиб кетарман дея бир куни,
Ватан – деразадан термулган синглим!
3
Сўнгсиз қорли кечалар. Қишнинг палласи…
Жанггоҳлардан ғолиб ботирлар қайтди.
Бешикда янграган момом алласи,
Алпомишдан гўзал достонлар айтди…
Ўтаётган умрим бир лаҳзалик туш.
Тушларим яшайди. Мен-ку саробман.
Меҳрингдан маст бўлдим. Бўйингдан сархуш.
Симирсанг… Арзирли майман, шаробман!
Темурбек яратган энг гўзал боғлар…
Ўсган майсаларнинг куйган ранглари.
Ҳасратларингни жим кўтарган тоғлар.
Шонли озодликнинг қонли жанглари…
Майли, ҳисларимни ошкор этмасман,
Сени севиб минг бор тирилдим, ўлдим.
Энди ўлар бўлсам увол кетмасман,
Ватан, тирикликда мен сенга тўлдим!..
4.01.2012