Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 12

ТИЛИМ. ТУРКИЙ ТИЛИМ…

Оглавление

Тилим. Туркий тилим – оқаётган шаън.

Кенг дала. Пахса уй. Милтиллайди шам…

О, элим! Кўзгуда ўзин кўрмасдан,

Кўзимга кўзгулар тутди-ку ҳар дам.


Ҳисларим обида – харобазорда –

Гўнгқарға уяси. Тилла сувли тахт.

Тобакай юрагим қондир таҳ-батаҳ

Ойни савдо этган қорабозорда.


Сўнгакларим қақшар. Сўнги ғалаён –

Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак…

Шоирлар сотилган. Бари чалажон

Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…


Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман.

Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.

Сасим Худодандир. Жоним Худодан,

Нурли юлдузчалар отилмаган тош…


Ичим куйиб кетган Сўзнинг тафтида,

Оловлар тугаган. Титаяпман кул.

Ҳув тоғлар ортида – Сурхон кафтида,

Қорайиб кетгандир, билмам, Деҳқонқул…


Эслолмадим. Ким бор ундан ташқари,

Э, воҳ! Тушунмайсан барибир, нетай…

Ҳиндикушда қолди Бобур лашкари,

Жонингни бериб тур. Мен жангга кетай!


Ватан деб босилса – қадамлар шахтли,

Йиғлама. Тупроқда қолади излар…

Она! Кўряпсанми?! Нақадар бахтли –

Кўзгуга термулиб яшаган қизлар!


2012

МАНГУ АФСОНА

Подняться наверх