Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 23
НУРДАН ЯРАЛГАНСАН
ОглавлениеНурдан яралгансан. Топмадим соя,
Қуёш сахий боқар Қашқадарёдан.
Нурлар жилвасини қилиб ҳимоя,
Мен-ку оқиб келдим бошқа дарёдан.
Бир томон Зарафшон, бир томон Сурхон,
Ёшли қароғингдан дарёлар боқди.
Бошингда япроқлар ўйнади, Нурхон,
Пойингда хазондек шовуллаб оқдим…
Кузим… Боқ. Юракнинг чандиқларидан
Заҳмида нам тортиб қондир вароқлар.
Берай Бибихоним сандиқларидан
Олтин сочларингга олтин тароқлар!
Кўзингга тикилсам, тўкилади шеър,
Борлиғим энг гўзал ҳисга тўладир.
Менга Тўмариснинг қиличини бер,
Сочларингни кессам керак бўлади…
Қиличнинг тиғида ой ҳам қулайди.
Эгилган бошларга тўлган она ер…
2012