Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 34
КЎРГАНИМ ТУШМИДИР…
Оглавление1
Бўғзида қон сизар. Ҳирқироқ товуш.
Боши йўқ. Потирлар. Қанотсиз қушми?
Кўрганим тушмидир, ҳаётим тушми?
Қаён кетмакдадир оёқсиз ковуш?
Ўликзорга ўхшар. Чироқсиз хона.
Лайлинг ўзингдадир, эй тан. Жим қовуш…
Хун тўлар туркийлар. Билмам, не важлар?
Илондек тўлғонар. Мен аталганман.
Ёниб бораяпти куюк бир чаман.
Сўлаклари оқиб шиширади шар.
Дўзах барпо этар. Буддалар ҳайрон.
Заҳҳок салтанатинда ўтирган аждар.
2
Яшамак оғирдир. Ҳаво етмайди,
Бу маним ҳаётим. Қилманг тажовуз.
Бунча тошбағирсиз. Бадкирдор. Ёвуз.
Қора қуюн. Гирдоб. Тўзон кетмайди,
Касалванд онадек ингранар шамол.
Бу маним ҳаётим. Насиб этмайди.
Бу инсон қонидир. Ичиб бўлмайди,
Жаллод кундасига қўйманг бошимни.
Мужгоним қоқмадим – кўрманг ёшимни.
Қуёшни тўсманглар. Умр тўлмайди,
Тилимни кесманглар. Ёлғон айтмадим.
Сўзларим садақа. Хайр ўлмайди.
3
Анави Пикассо туширган кафтар,
Ер шари устида турган қизалоқ.
Менинг қоним томган. Яламанг ялоқ.
Қаршимдан шақирлаб занжирлар ўтар,
Юлдузни бекитманг. Бекитманг ойни.
Қурбонлик чўталмас. У олий дафтар.
Заифа савдодир. Чириган қовоқ.
Сўқишар. Талашар. Хар еган хасга.
Беллари ботқоқда – ботгандир наҳсга.
Қайларга кетяпсан кўтариб товоқ?
Қўшни аёл. Нимжон. Хиёнат сарсон.
Ёлғонга қоришган. Бу қандай сабоқ?
4
Жабдуқ эгнингдадир. Юган бурнингда.
Тавба. Бўларкан-а, эшак ҳам қотил?..
Тамакидан ўпкам бўлган эди сил.
Узр. Яшолмайсан менинг ўрнимга,
Озодлик судраган шуҳратли буқа,
Қайда семиргандинг? Қул эдинг кимга?
Дарёлар қуриди. Қўлинг бунча кир,
Қонимга ташнасан очкўз махлуқот.
Яшайман… Бошимни эгсам, бас. Наҳот?..
Ютоқма. Ичмагил. Томган тер тахир…
Бир марта Худо де. Фалакка қара.
Ёмғирлар тирикдир. Абадий, ахир.
5
Аё, ваҳший юҳо. Надир ғарпўша?
Беназир яланғоч. Уч талоқ жинни.
Ғажиб бўлармиди ёзиқларимни?
Қадим сўзлар мангу, ташбеҳлар ўша,
Ҳануз бир тангадир калла суяги.
Фақат, бошқа кўнгил яратган гўша.
Зулмат босриқади. Тушиб борар шом,
Ноғоралар чалиб ўтманг жонимдан.
Нарвон тикламангиз устихонимдан.
Иликларим қуриб битгандир тамом,
Ширамни сўришган ҳаром пашшалар.
Токай этар давом ваҳшат қатли ом.
6
Шиша думалитиб ўйнар у мурғак…
Сўнгги нафасгача тўкай ёшимни.
Жаллод кундасига қўйманг бошимни.
Тўкилмакка шайдир. Юлдуз пишган ғарқ,
Ойни думалатсин. Болтамас-ку ой.
Кўкнинг ғилдирагин тортиб борар шарқ.
Яшамак оғирдир. Ўзим бир тараф,
Гуноҳим не эди? Яқинсан кўзга.
Қавмимиз ўзгадир. Исмимиз ўзга.
Бу шоир қонидир. Юмманг кўзимни,
Тилимни кесманглар. Ёлғон айтмадим.
Ўзимни сўрадим, фақат, ўзимни.
10.08.2013