Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 38
СЎНГСИЗ САҲРОДА
ОглавлениеСўнгсиз саҳрода азобга тўлиб
Янтоқлар босди. Шамолдек елди.
Оч-наҳор ҳолда қаландар бўлиб,
Жалолиддиннинг жосуси келди.
Емак илинжи – қашқирдек увлаб
Тўзиб ётарди бесаноқ лашкар.
Шафақ сачрайди осмонни қувлаб…
Чап томон Зулмат, ўнг томон Қашқар!
Ҳақ дўст, ё, Оллоҳ! Топиларми эт?
Тупроқ остини ковлаб қаранг-чи…
Нон деб тиланди. Борди кетма-кет.
Ҳали шафқат бор. Кўрди бир жангчи.
Очлик очади ваҳшийлик сирин,
Қуриган ичак солди ёнига.
Тиғ билан тилди бир от томирин,
Уни тўлдирди отнинг қонига.
Сўнгра пиширди оловга тоблаб,
Қаландарсифат кимсага тутди.
Сачраган қонга босганича лаб,
Жосус бир парча луқмадан ютди.
Юракда қўрқув ғулғула чалар
Ва Ўтроргача қайтди у аранг.
Ваҳимали гап тезда тарқалар –
Алар ваҳшийдир! Қилиб бўлмас жанг!..
Ҳар қандай жангдир – кечилмас осон!
Сасиб доғланар қўрқоқнинг доғи.
Ҳадикда қолди бутун Хуросон,
Ваҳм ичида Турон тупроғи.
Нечукким, номард қайтар-у аҳддан,
Бир қошиқ қонин шоҳдан сўрайди…
Магарким, шоҳлар йиқилса тахтдан,
Раб ёздиғимас, жосуслар айби…
2013