Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 41
ИТ КАБИ ҲОРИДИМ…
ОглавлениеҚ.Камолга
Ит каби ҳоридим. Бирда йўқ мадор,
Сўз бўлдим… Сўздан ҳам тўкилиб бўлдим.
Юрак чок-чокидан сўкилиб бўлди,
Юракдош бўлмакка этишдилар ор!…
Ёр дедим. Тупроққа бошимни қўйдим,
Мен хайр тиладим хайр тилардан.
Нурларнинг тиғида ўзимни сўйдим,
Тўйдим… Тўйиб кетдим газитчилардан.
Барин ғижимладим. Майса товонхўр,
Содиқ бўлса фақат содиқми ранглар?
Тулкилар айёрдир. Шоқоллар қонхўр,
Илвасинлар ора ўтказдим жанглар.
Ғолиб бўлдим тождор! Санғиб ҳам бесар –
Мен кўрмадим бунда отилмаган тош.
Шамолларни қушлар қаноти кесар,
Менинг бошим қолди. Эгилмаган бош!
Ҳориган жисмим ҳам тугайди охир,
Унгача қушларга босса бўлар лаб.
Яшаса бўлади ойни қучоқлаб,
Ватанни қучоқлаб яшамоқ оғир!
25.05.2013.