Читать книгу МАНГУ АФСОНА - - Страница 21

“АЛП МАНҒИТ” ЭРТАГИДАГИ
МАЛИКА БИКАЖОН МАКТУБИ

Оглавление

Ой юзлашган юзинг ўзим,

Рабдан тортиқ изинг ўзим,

Улдан ортиқ қизинг ўзим.

Шамол бўлиб елгин, ота,

Соғинганман келгин, ота.


Бузоғи бор сигир ияр,

О, шамоллар сочим қияр,

Канизаклар тожни кияр.

Мен ўтирган тахтми, ота,

Бахтсизлигим бахтми, ота!


Кўринмайди йўл адоғи,

Хайр дейман сафар чоғи,

Ортиб борар қалб қийноғи.

Мен борман деб айтгил, ота.

Ўз юртингга қайтгил, ота,


Чўққиларда сор талашар,

Эр-йигитлар ор талашар,

Зеб-зийнатга зор талашган

Навкарларни нетай, ота,

Бу ерлардан кетай, ота!


Эгаси йўқ кенг даштларни,

Миннат тўла баркашларни,

Мол талашган пасткашларни,

Ўз юртимда кўрдим, ота,

Ва юзимни бурдим, ота.


Дор остида халқ нигоҳи,

Етиб борар кўкка оҳи,

Савдогардир Нўғай шоҳи…

Тўлиб турган моҳми, ота,

Савдогар ҳам шоҳми, ота!


Олиб сотар орин сотди,

Ўз мулкида борин сотди,

Қучоқлаган ёрин сотди,

Қушлар учар қаён, ота,

Дардим сенга аён, ота.


Адирларга бўйим бўйлаб,

Болаларга эртак сўйлаб,

Энди, яшай қўшиқ куйлаб.

Сен пуфлаган найман, ота,

Жон беришга шайман, ота.


Кетар бўлсам, йўлим афзал,

Ёвга ханжар қўлим афзал,

Қул бўлишдан ўлим афзал.

Ўлим яқин йўлдир, ота,

Майли, ўзинг ўлдир, ота.


Ёвга қаср қурар халқим,

Бошин эгиб турар халқим,

Наҳот, қулдек юрар халқим.

Қандоқ чидай, айтгил, ота,

Ўз юртингга қайтгил, ота.


Айтгил, қайга бошим урай,

Айтгил, қайда даврон сурай,

Сенга битта сарой қурай,

Миллатингни тергил, ота,

Менга Ватан бергил, ота!


11.05.2013.

МАНГУ АФСОНА

Подняться наверх